20:39 / 17.11.2021
1041
Германия элчисининг Навоий вилоятига 3 кунлик ташрифи бошланди
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

 Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси доктор Тило Клиннер раҳбарлигидаги делегациянинг Навоий вилоятига 3 кунлик ташрифи бошланди. Бу ҳақда Kun.uz'га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Элчига Германиядаги энг нуфузли 25 та компания раҳбари, жумладан, “Коммерцбанк”, “Rolandtecnic Import & Export GmbH”, “TAKRAF GmbH”, “ABM Anlagenbau und Maschinentechnik GmbH”, “B- Tec”, “Linde Gas” каби молия институтлари ва компанияларининг бош офислари ҳамда Марказий Осиёдаги филиаллари менежерлари ҳамроҳлик қилмоқда. Ташриф доирасида Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийазот” каби йирик корхоналарда, шунингдек, Зарафшон шаҳридаги “Zarafshon oyna” МЧЖда учрашув ва тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган. 

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, дастлаб вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Германия делегациясини қабул қилган ва элчи Тило Клиннер билан музокара ўтказиб, Навоий вилоятининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан таништирган. Хусусан, вилоятда олтин, вольфрам, фосфоритлар, кварц қуми, цемент хомашёси, оҳактош ва бошқа кўплаб табиий ресурслар конлари, 100 дан ортиқ минерал-хомашё базаси ва 2,8 мингдан ортиқ карьерлар мавжудлигига эътибор қаратилган.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, жорий йилда вилоятнинг Навбаҳор туманида Германиянинг “ONS FRANKFURT” компанияси ҳамкорлигида “VIK Engineering” хорижий корхонаси ташкил этилган. Қиймати 2,1 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида бурғилаш техникаларининг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Зарафшон шаҳрида “Zarafshon oyna” МЧЖ томонидан қиймати 97 миллион еврога тенг флот технологияси асосида кенг ассортиментдаги ойна ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳанинг технологик ускуналари ҳам Германиядан келтириб ўрнатилган. 

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Top