18:32 / 23.12.2021
3018
“Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди
Фото: XDP.uz

Халқаро валюта жамғармаси таҳлилига кўра, 1971-2007 йиллар давомида дунёнинг 99 та давлатида қарзни тўлай олмаслик ҳолати юзага келган. Тўловсизлик муаммоси юзага келишидан аввал мазкур мамлакатларда давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 60 фоизни ташкил этган. Табиийки, иқтисодий инқироз юзага келганда давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбати кескин ошиб кетиши мумкин. Бу ҳолатнинг олдини олиш учун давлат қарзи ҳажмининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 50 фоиздан ошмаслигига қаратилган чоралар кўрилиши лозим.

Шу боисдан қонун даражасида давлат қарзи ва унга хизмат кўрсатиш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш, шунингдек давлат қарзини бошқаришда парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича самарали ва яхлит тизимни яратиш мақсадида “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида мазкур қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси номидан маблағ жалб қилиш ва давлат кафолатини бериш ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Бироқ соҳадаги қонун ва қонуности ҳужжатларида давлат қарзини бошқаришнинг асосий принциплари ва давлат қарзини бошқариш мақсадлари аниқланмагани, давлат қарзини бошқариш сиёсатини белгиловчи асосий ҳужжат – давлат қарзини бошқариш стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш жараёни қонуний ҳамда давлат қарзини бошқариш бўйича ягона ваколатли орган қонун даражасида белгиланмаган, давлатнинг шартли мажбуриятлари қонун билан тартибга солинмагани каби камчиликлар мавжуд. Ушбу омиллар туфайли давлат қарзининг тез суръатлар билан ўсиб бориши кузатилмоқда, давлат қарзи бўйича зарур маблағларни ўз вақтида тўлашда қийинчиликлар вужудга келмоқда. Бунинг барчаси келгусида давлат қарзи ва шартли мажбуриятлар ҳажмининг кескин ўсиши ҳамда макроиқтисодий барқарорлик учун хатарларнинг ортишига олиб келиши мумкин.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида давлат қарзини бошқариш жараёнининг фрагментациялашувини олдини олиш, давлат қарзи ва давлатнинг шартли мажбуриятлари бўйича хатарларни бошқариш, давлат қарзи бўйича мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши, давлат қарзини барқарор даражада сақлашга қаратилган қонуний механизмларнинг яратилишига эришилади. Шунинг билан бирга, қонун Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга, хорижий кредитор ва инвесторларнинг мамлакатнинг қарзларни тўлай олиш салоҳиятига бўлган ишончининг ортишига ҳамда давлат томонидан қарзларнинг қулай шартларда ва паст нархларда жалб қилинишига ижобий таъсир кўрсатади.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда давлат қарзини бошқариш бўйича амалдаги илғор халқаро тажриба, жумладан, Қозоғистон, Грузия, Польша, Чехия, Эстония, Словения, Словакия, Венгрия, Туркия, Дания, Австрия, Янги Зеландия, Япония, Канада, Бразилия, Аргентина ва бошқа давлатлар тажрибаси инобатга олинган. Қонун лойиҳаси бўйича Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро валюта жамғармаси ва АҚШ Ғазначилиги мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари инобатга олинган.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция томонидан биринчи ўқишда маъқулланди.

Йиғилишда шунингдек «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги, «Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Давлат қарзи тўғрисида»ги, «Суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонуни лойиҳалари кўриб чиқилди ва электорат манфаати юзасидан муносабат билдирилди.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

Top