15:30 / 08.04.2022
3815
Хориждан ветеринария соҳасидаги мутахассис ёллашга эҳтиёж йўқ

Бу ҳақда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори Худойназар Юнусов маълум қилди.

Фото: Ветеринария қўмитаси

Мухтасар фикрини баён этган ректор яна қуйидагиларга ҳам тўхталиб ўтди.

– Президентимизнинг “Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Самарқанд ветеринария медицинаси институти Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети мақомини олди.

Мазкур қарор билан университет зиммасига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вазифаси юклатилди.

Ветеринария мутахассислари Халқаро эпизоотик бюро стандартлари бўйича 5 йилдан кам бўлмаган муддатда тайёрланиши зарур. Биз айни кунда АҚШнинг Миннесота университети билан янги ўқув дастурлари ва режаларимизни мувофиқлаштиряпмиз. Яқинда делегациямиз АҚШда сафарда бўлиб, таълим жараёни билан яқиндан танишди. Жорий ўқув йилидан бизда ҳам 5 йиллик таълим тизими жорий этилади.

Мазкур қарор соҳа мутахассислари, масъул мутасаддилар зиммасига шунчаки ваколат эмас, балки катта масъулият юклайди. Минтақадаги таянч олий таълим муассасаси олдидаги вазифалар янада кенгаяди деб айтиш мумкин.

Жорий йилда биринчи қалдирғочларимиз бакалавриат таълим йўналишини битиради ва уларга университет дипломи берилади. Таъкидлаш керак, айни пайтда ҳам таълим муассасаси тайёрлаётган ёш мутахассислар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги хўжаликларда фаолият юритмоқда.

Мисол учун, институтнинг ана шундай мутахассиси Ғанижон Бекбоев Қоровулбозор туманидаги “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖда бош ветеринария врачи лавозимида ишлаяпти. Ойига 1,5 минг АҚШ доллари миқдорида маош олади.

У каби ёшлар бошқа вилоятларимизда ҳам кўп. Хориждан катта пул эвазига мутахассис ёллашга ҳожат йўқ!

Рақобатбардош мутахассисларни ўзимизда тайёрлаяпмиз!

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати Ⓣ

Top