21:15 / 11.04.2022
19185
Ўзбекистондаги уй-жой нархи энг қиммат ҳудудлар маълум қилинди

2022 йилнинг I чорагида уй-жой нархининг энг юқори ўсиши Сирдарё (18 фоиз), Хоразм (14,4 фоиз) ва Сурхондарё (13,1 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (15,1 фоиз) шаҳрида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

2022 йилнинг январь-март ойларида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича 75,7 мингта битим тузилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,4 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган 2022 йилнинг I чораги якунлари бўйича кўчмас мулк бозори шарҳида келтириб ўтилган.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойи давомида нархлар ошишига асосан қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган:

  • Хавфсиз актив сифатида кўчмас мулкка бўлган талабнинг ўсиши;
  • 2021 йилда уй хўжаликлари даромадларининг ошиши;
  • Март ойининг охирига келиб девальвация кутилмаларининг ортиши.

Иккиламчи бозор

Иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсишда давом этган ва март ойининг охирига келиб ўсиш суръати 10 фоизга етган.

Январь–февраль ойларида нархларнинг ошишига қўшимча тўловлар ва пул ўтказмалари бўйича даромадларнинг ошиши, март ойида эса миллий валюта курсининг ўзгариши таъсир кўрсатган.

Иккиламчи бозордаги уй-жой нархининг чораклик энг юқори ўсиши Сирдарё (18 фоиз), Хоразм (14,4 фоиз) ва Сурхондарё  (13,1 фоиз) вилоятлари ва Тошкент (15,1 фоиз) шаҳрида қайд этилган.

Иккиламчи бозорда нархлар индексининг ўзгариши

Бирламчи бозор

Биргина март ойининг ўзида бирламчи бозордаги кўчмас мулк нархлари февраль ойига нисбатан 4,6 фоизга қимматлашган. Бу асосан, қурилиш материаллари нархининг ошгани ва иккиламчи уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли ипотека кредитларини қайта молиялаштиришнинг вақтинча тўхтатилиши сабаб бирламчи бозордаги уйларга талабнинг кўпайгани билан изоҳланган.

Нархларнинг энг юқори ўсиш суръати Тошкент шаҳри (9 фоиз) ва Фарғона (9 фоиз) ва Самарқанд (8 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Шу билан бир қаторда, Сирдарё (11 фоиз), Жиззах (6 фоиз), Наманган (5 фоиз) ва Андижон (5 фоиз) вилоятларида нархлар арзонлашган.

2022 йил I чорак якунларига кўра, ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 8 млн 963 минг сўм), Самарқанд (8 млн 258 минг сўм) ва Тошкент (5 млн 618 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Сирдарё (2 млн 872 минг сўм), Хоразм (3 млн 327 минг сўм) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (3 млн 268 минг сўм) қайд этилган.

Шунингдек, Марказий банк таҳлилларига кўра, биргина март ойининг ўзида 100 кв.м ер майдони республика миқёсида февраль ойига нисбатан 4 фоизга қимматлашган. Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич: Тошкент шаҳрида – 5 фоизни, Тошкент вилоятида – 6,5 фоизни, Самарқанд вилоятида – 1,2 фоизни ташкил этган.

Top