21:57 / 14.04.2022
60646
Урушнинг 50-куни: «Москва» ўйиндан ташқарида, АҚШ Киевга янги қуроллар бермоқда, россияликлар қашшоқлашмоқда
Мариуполда оғир жанглар давом этмоқда / ANADOLU AGENCY

Россия флагман крейсери «Москва»ни йўқотди - томонлар ҳодисани турлича талқин этишмоқда. АҚШ Украинага янги қуроллар, жумладан жанговар вертолётлар бермоқда. Харьков яна ўққа тутилди - ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Жаҳон банки қашшоқлик чегарасидан қуйи даражада яшаётган россияликларнинг сони кескин ўсишини прогноз қилмоқда.

«Москва» ўйиндан ташқари ҳолатда

Россия ҳарбий-денгиз флотида учта флагман корабли бор - Қора денгиз флотининг «Москва» крейсери (суратда), Тинч океани флотида «Варяг» ва Шимолий океандаги «Маршал Устинов». «Москва» - уларнинг энг эскиси, 2019 йилда у капитал таъмирдан чиқарилган.

Урушнинг 50-куни Россия томонининг улкан йўқотиши билан ёдда қоладиган бўлди -  Қора денгиз флоти флагмани, «Москва»  крейсери сафдан чиқди. 14 апрелга ўтар кечаси крейсер ҳалокат сигнали юборишни бошлаган, аммо Россия нашрлари бу ҳақда фақат бугун кенг жамоатчиликка хабар берди.

Уларнинг версиясига кўра, бортда ўқ-дори портлаган ва бу ёнғинга сабаб бўлган.

Крейсер чиндан ёнган, аммо Киевдагиларнинг маълум қилишича, бу украин ҳарбийлари «Нептун» русумли кемаларга қарши қанотли ракеталари йўллаши оқибатида содир бўлган.

Айни вақтда крейсернинг ҳолати бўйича ишончли маълумот йўқ. Россия мудофаа вазирлиги корабль «сузувчанлигини сақлаб қолгани» ва айни вақтда шатакка олиниб, энг яқин порт томон олиб кетилаётганини маълум қилган.

Украина ва Ғарбдаги айрим манбалар эса крейсер чўка бошлагани тўғрисида хабар қилишган.

Украина томони маълумотига кўра, ҳодиса рўй берган вақтда кема турган жойда кучли шторм кўтарилган.

Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас туркиялик денгизчилар кемадаги россиялик денгизчиларни қутқариб қолгани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, у руминиялик ва туркиялик ҳарбийлар кема чўкиб кетганини маълум қилишгани ҳақида айтди.

BBC турк хизмати билан гаплашган туркиялик амалдорлардан бири Туркия денгизчилари кемадан россияликларни қутқариб олгани ҳақидаги хабарни рад этди, кема чўкиб кетгани ҳақидаги маълумотни изоҳлашни истамади.

АҚШ Ҳарбий-денгиз коллежи қошидаги Россиянинг денгиздаги салоҳиятини ўрганиш институти директори, профессор Майкл Петерсеннинг фикрича, «Москва» крейсерига қай даражада шикаст етганидан қатъи назар, бу ҳодиса Украина учун рамзий жиҳатдан ҳам, ҳарбий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга.

«Бу Қора денгиз флоти флагмани. Корабль эскирган, аммо ҳамон Россиянинг Қора денгиздаги ҳарбий қудрати рамзи эди», деган эксперт.

Унинг фикрича, крейсер билан рўй берган ҳодисанинг ҳарбий аҳамияти шундаки, энди Россия флоти катта эҳтимол билан Украина қирғоқларидан нарироққа кетади.

Қолаверса, ушбу крейсер ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали денгиздаги бошқа рус кемаларини ҳимоя қилаётганди ва энди бу ҳимоя сезиларли даражада заифлашади.

Ушбу крейсер Россиянинг урушдаги энг қимматбаҳо ҳарбий йўқотиши бўлди. Forbes маълумотига кўра, унинг қиймати 750 млн долларни ташкил этади.

Ҳарбий ҳаракатлар бўйича сўнгги маълумотлар

Фото: Getty Images

Пайшанбага ўтар кечаси нисбатан фаол ҳарбий ҳаракатлар  Украинанинг уч областида - Донецк, Луганск ва Херсонда кечди. Бу ҳақда «Украинская правда» газетаси мазкур регионлар маъмуриятларига асосланган ҳолда хабар тарқатди.

Шунингдек Харьков областидаги Изюм районида ҳам жанглар давом этмоқда. Харьков шаҳри эса артиллериядан ўққа тутилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ўтган тунда бу ерда уч киши ҳалок бўлиб, 10 киши яраланган.

«Мариуполда - ўзгариш йўқ: блокада, авиация ва артиллериядан ўққа тутиш давом этмоқда. Россияликлар шаҳардан одамлар чиқишига рухсат бермаяпти», дея ёзади нашр.

БМТ Украина шарқида кенг кўламли гуманитар ҳалокатдан огоҳлантирди. Ташкилот маълумотларига кўра, фаол ҳарбий ҳаракатлар туфайли бугунги кунда шарқий ҳудудлардаги жами 1,4 млн киши ичимлик сувисиз қолган, яна 4,5 млн киши яқин вақт ичида сув таъминотидан узилиши мумкин.

Россия томони Мариуполдаги украин денгиз пиёдалари ва ҳарбийлар асирга тушишда давом этаётганини билдирмоқда. РФ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, пайшанбага ўтар кечаси 134 киши таслим бўлган. Бир кун олдин ДХР айирмачилари 1300 нафардан ортиқ украиналик қуролларни ташлаб, асир тушгани ҳақида маълум қилганди. Киевдагилар бу маълумотни тасдиқламаган, фақат президент офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович шаҳардаги 36-бригада жангчилари қуршовни ёриб ўтишга ҳаракат қилгани ва уларнинг бир қисми шаҳарнинг бошқа қисмидаги «Азов» полкига қўшилгани, бир қисми асирга тушганини тасдиқлаган.

Россия мудофаа вазирлиги сўнгги бир кунда Украинанинг С-300 зенит-ракета мажмуалари йўқ қилингани ҳақида ҳисобот берган.

Бундан ташқари, ФХХ Украинани пайшанба куни кундузи «Новые Юрковичи» чегара ўтказиш пункти ва Брянск областидаги Климово аҳоли пунктини ўққа тутишда айблади.

Губернатор Александр Богомазнинг сўзларига кўра, Климово Россия-Украина чегарасидан 20 км масофада жойлашган. Россия томони хабар қилишича, ҳужум оқибатида қурбонлар йўқ, икки автомобил шикастланган.

Аввалроқ РФ мудофаа вазирлиги расмийси Игорь Конашенков бундай «провокация ҳаракатлари»га жавобан Россия Киевдаги «қарор қабул қилиш марказлари»га зарба бериши мумкинлигини айтганди. Бунга жавобан Арестович Киевга зарба берилган тақдирда, Украина ҳам жавоб қайтаришга тайёрлигини айтиб ўтди.

Украина томони Россия ҳудудига ёки чегара ҳудудларига зарба берилаётганини рад этган.

Эвакуация давом этмоқда

БМТ маълумотига кўра, сўнгги 24 соатда Украинани 40 мингдан ортиқ киши тарк этган. Россия босқини бошланганидан буён 4,5 миллиондан ошиқ киши қочқинларга айланган (мамлакатдан чиқиб кетганлар) ёки мажбуран кўчган (яъни, ўз уйини тарк этган, аммо Украина ҳудудида қолган).

Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларда ҳамон ўн минглаб кишилар қолмоқда. Украина вице-премьери Ирина Верешчукнинг сўзларига кўра, пайшанба куни қатор регионларда гуманитар йўлаклар фаолияти тикланган, бир кун олдин Россия томони ўт очишни тўхтатмагани туфайли бу йўлакларнинг бирортаси очилмаганди.

Айни вақтда Луганск, Донецк ва Чернигов областлари аҳолиси эвакуация қилинишини кутмоқда.

АҚШ Украинага замонавий қуроллар етказиб беради

Ғарбдаги ҳамкорлар Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда. Пайшанба куни АҚШ 800 млн долларлик қуроллар етказиб беришни назарда тутувчи янги пакетни тасдиқлади.

Пентагоннинг маълум қилишича, Украина танкка қарши «Жавелин» ракета тизимлари, дрон-камикадзелар ва қуйидаги қуролларни олади:

  • 11 та Ми-17 вертолётлари, улар аввалига Афғонистонга жўнатилиши мўлжалланганди (Вашингтонда мамлакатда ҳокимиятни толиблар эгаллашидан олдин шундай режа бўлган).
  • 18 та 155 мм калибрли гаубицалар;
  • Ҳаво ҳужумига ва артиллерия ҳужумларига қарши радарлар;
  • 200 та M113 зирҳли транспортерлари;
  • 100 та Humvee жанговар машиналар;
  • Кимёвий, биологик ва радиацион ҳужумлардан ҳимояланиш воситалари.
  • Масофадан бошқарилувчи соҳил муҳофазаси кемалари.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг сўзларига кўра, айрим турдаги қуролларни бошқариш учун украиналик ҳарбийларни махсус тайёрлаш талаб этилади. Украина қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари НАТО базаларида тайёргарлик ўтиш учун Европадаги қўшни давлатларга юборилиши тахмин қилинмоқда.

13 апрел кунги видеомурожаатида Володимир Зеленский Россия армиясига қарши туриш учун айнан қандай қуролларга зарурат борлиги ҳақида айтганди:

  • Артиллерия қурилмалари (155 мм калибрли) ва ўқ-дорилар;
  • Артиллерия снарядлари (152 мм калибрли);
  • Баравар ўт очиш тизимлари: «Град», «Ураган» ёки Американинг M142 HIMARS;
  • Танклар (Т-72, Америка ёки немисча муқобиллари);
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (С-300, "Бук" ёки Ғарбда ишлаб чиқарилган шу каби замонавий ҲҲМ тизимлари);
  • Жанговар авиация.

Россияга қарши санкцияларнинг дастлабки эффекти

Жаҳон банки прогнозларига кўра, йил охирига қадар қашшоқлик ёқасидаги россияликлар сони бир неча миллион кишига ошади / AFP

Дунёнинг кўплаб давлатлари томонидан Москвага қарши қўлланган санкцияларга пайшанба куни Австралия ҳам қўшилди ва Россиянинг 14 та давлат компанияси вакиллари билан алоқаларни чеклаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди.

Таҳлилчиларнинг баҳоларига кўра, халқаро санкциялар Россияда сўнгги 30 йилликдаги энг жиддий инқирозни келтириб чиқарди, ҳолбуки Ғарб томонидан кўрилган чораларнинг аксари кечиктирилган таъсир кўрсатиш кучига, яъни Россия иқтисодиётига асосий зарба ҳали олдинда.

Айни вақтда мамлакат меҳнат бозорида ўткир инқироз юзага келган. Россиядан McDonald's, Apple, IKEA ва барча хорижий автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар кетиши туфайли бутун мамлакат бўйлаб юз минглаб кишилар ишсиз қолган.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, йил охирига қадар қашшоқлик чегарасида яшаётган россияликлар сони 2,6 млн кишига кўпаяди.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top