19:24 / 16.08.2022
9488
“Ташаббусли бюджет”: Таклиф бериш бўйича сурхондарёликлар мутлақ етакчи

"Ташаббусли бюджет"нинг 2-мавсуми учун фуқаролардан келиб тушган 61 566 та таклифдан 22 фоизи Сурхондарё вилоятига тўғри келди. Лойиҳада республикадаги барча маҳаллаларнинг 98 фоизи иштирок этяпти. Молия вазирлиги энг фаол 30 та маҳалла номини эълон қилди.

Молия вазирлиги 2022 йилда ўтказилаётган “Ташаббусли бюджет” жараёни иккинчи мавсуми доирасида келиб тушган лойиҳалар бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида ҳамда ушбу жараёнга маҳаллалар жалб этилиши юзасидан маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича, фуқаролар томонидан жами 61 566та ташаббус илгари сурилган бўлиб, шундан 22 фоизи (13 691 таси) Сурхондарё вилоятидан келиб тушган. Бу – кейинги ўринлардаги ҳудудлар кўрсаткичидан икки баробардан ҳам кўпроқ.

Илгари сурилган лойиҳаларнинг 32 фоизи ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш, 13 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, 12 фоизи эса кўча чироқларини таъмирлаш ва ўрнатишга доир ташаббуслар бўлган.

Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида жойлашган Бўзатов маҳалласи томонидан 202та ташаббус илгари сурилган ва бу борада энг фаол иштирок этган маҳаллалар рейтингида биринчи ўринда қайд этилган. Фаоллик борасида кейинги поғоналардан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрининг Маърифат ва Сариосиё туманининг Теракзор маҳаллалари жой олган.

Республикадаги жами 9 363 та маҳалладан бор-йўғи 162 таси бўйича таклифлар тушмаган.

Маълумот учун, жорий йилнинг 15 июлидан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи мавсуми бошланганди. Ушбу мавсум доирасида ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида қарийб 900 млрд сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Top