15:35 / 22.11.2022
29998
Босқинчиликка етаклаган олтин васвасаси. Навоийдаги шов-шувли воқеа тафсилотлари

Навоийда босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритишни мақсад қилган 14 нафар йигит умрининг маълум қисмини қамоқда ўтказадиган бўлди. Уларнинг энг кичиги 22, энг каттаси эса 45 ёш. Суд ҳукми билан йигитларга 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Фото: KUN.UZ

2021 йилнинг 22 август куни ярим тунда Навоий вилоятининг Конимех тумани ҳудудида катта босқинчилик содир этилган. Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, Конимех туманининг Лолазор номли ҳудудидаги ташландиқ кондан таркибида тилла зарралари бўлган маъданли қумни қазиб, юк машиналарида олиб кетаётган фуқаролар чўл “қароқчи”лари ҳужумига учрайди. 2022 йилнинг 10 октябрь куни Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида мазкур иш кўриб чиқилди.

Суд материалларига кўра, босқинчилик олдиндан режа қилинган ҳолда амалга оширилган. Жиноий гуруҳ аъзолари ташландиқ кондан келаётган юк машиналарининг йўлини тўсиб, уларни тўхтатишни ҳамда юк эгаларини совуқ қуроллар билан қўрқитган ҳолда “ўлжа”ни қўлга киритишни режа қилишган. Йигитлар жиноий шериклари томонидан етказилган маълумот – яъни юк машиналари қачон йўлга чиқиши ҳақидаги хабарни олгач, 2021 йилнинг 22 август куни “овга” чиқишади. Келишилгани каби, пичоқ ва тош бўлаклари билан қуролланиб олишади. Сўнгра “Ford” машинасида Бухоро вилоятининг Пешкў туманидаги “Жонгелди” ширкат хўжалиги яқинига келишади ва шу ерда юк машиналарини кутиб ўтиришади.

Соат 2:30ларда “қароқчилар” пистирмада ўтирган чорраҳага юк ортилган “Kamaz” машинаси яқинлашади. Жиноий гуруҳ аъзолари худди кинолардаги каби тош отган ва осилган ҳолда ҳаракатланиб бораётган машинани тўхтатишади. Ҳайдовчилар ва йўловчиларни эса бита билан уриб, ўлдиришларини айтиб таҳдид қилишади ва ўзлари миниб келган “Ford” машинасига ўтказишади.

Жиноий гуруҳ ўша куни соат 3:00да Конимех тумани Караката овули ҳудудидан ўтган4-Р61 автомобиль йўлининг 210-212 километрлари оралиғида “Howo” юк машинасини ҳам “қўлга олишган”. Икки юк машинаси ўша тунда жиноий гуруҳ аъзоларидан бирининг Навбаҳор туманидаги Оқ олтин маҳалласи ҳудудидаги хонадонига олиб келинади ва тўкилади. Йигитлар шу тариқа 55 тонна атрофидаги маъданли тош ва қумни босқинчилик йўли билан қўлга киритган.

Жиноий гуруҳ хонадон олдидаги маъданли тош ва қумни яшириш мақсадида унинг бир қисмини НКМКга қарашли “1-сон ГМЗ” кон бошқармаси орқа томонидаги ташландиқ ҳудудга, яна бир қисмини эса Кармана туманиБоғишамол маҳалласи чўл ҳудудида жойлашган қўй қўрасига олиб бориб тўкишган. Шунингдек, “ўлжа”нинг 20,5 тоннаси Пахтачи тумани ҳудудидаги тош майдалаш тегирмонида майдаланиб, ишлов берилган ҳолда тилласи ажратиб олинган ва сотиб юборилган. 

Орадан бироз вақт ўтгач, НКМКга қарашли “1-сон ГМЗ” кон бошқармаси орқа томонидаги ташландиқ ҳудудга тўкиб кетилган 33,5 тонна маъданли тош ва қум олиб кетиш учун юк машиналарига юкланаётгани ИИБ ходимлари томонидан аниқланган. Суд экспертизаси хулосасига кўра, мазкур тош ва қум таркибида қиймати қарийб 1 млрд сўмга тенг 1493,6 грамм олтин бўлган.

Жиноий гуруҳ аъзолари ўз қилмишларига иқрор бўлмасдан, маъданли тош ва қумни сотиб олишга келишганларини таъкидлашган. Аммо суд жараёнида уларнинг жинояти далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тўлиқ исботини топган. Йигитларга суд ҳукми билан 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мақола Навоий вилояти суди билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мавзуга оид
Top