Bharat — мамлакатнинг ҳинд тилидаги расмий номи. India (Ҳиндистон) – мамлакатнинг инглиз тилидаги номи (бу иккинчи давлат тили ҳисобланади). Иккала ном ҳам Ҳиндистон Конституциясида мустаҳкамланган.
Модининг «Бҳаратия Жаната» партияси баъзи аъзолари мамлакатни инглиз тилида ҳам тарихий номга қайтаришни талаб қилмоқда. Ташаббус тарафдорлари «India» номи мамлакатга инглиз мустамлакачилари томонидан берилган, деб ҳисоблашади. Гарчи тарихчилар бу ном мустамлакачилик ҳукмронлигидан бир неча аср олдин пайдо бўлган деб даъво қилишса ҳам.
Аввалроқ, Нью-Деҳлидаги G20 саммити делегатлари «Бҳарат президенти» Драупади Мурму номидан кечки овқатга таклифнома олган эди. Шундан сўнг, мамлакат номини ўзгартириш масаласида мунозаралар бошланиб кетди.
Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Ҳиндистон ҳукумати парламентнинг 18 сентябрга режалаштирилган беш кунлик махсус сессиясида мамлакатнинг инглизча номини «Bharat» қилиб ўзгартириш ҳақидаги таклифни киритиши мумкин. Ҳукумат бундай хабарларга изоҳ бермади. Ҳозирча сессия кун тартиби ҳам эълон қилинмади.
Ҳиндистон мухолифати мамлакатнинг инглизча номини ўзгартиришга қарши. Мухолифатдаги йирик «Ҳиндистон миллий конгресси» партияси етакчиси Раҳул Ганди бу баҳсни «чалғитиш тактикаси» ва ҳукуматнинг бўлажак сайловлар олдидан «қўрқуви» белгиси деб атади.











