Ҳужжат билан ҳайвонот боғларини янада ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
икки ой муддатда - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳайвонот боғларининг намунавий штатлар жадвалини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сурхондарё, Фарғона, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда, тегишли равишда Термиз, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент ҳайвонот боғлари фаолиятига замонавий технологияларни татбиқ этишни ва малакали мутахассисларни жалб қилишни таъминлайди;
2019 йил 1 августгача - манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Тошкент ҳайвонот боғини таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш манбаларини аниқлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;
2019 йил 1 сентябрга қадар - ҳайвонот боғларининг молия-хўжалик фаолиятини шаффофлаштириш, даромад манбаларини кенгайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш орқали ҳайвонот боғларини босқичма-босқич ўзини ўзи тўлиқ молиялаштиришга ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;
ҳайвонот боғларида турли тадбирларни ўтказиш ҳамда уларнинг фаолиятига оид маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириб боришни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Давлат ветеринария қўмитаси билан биргаликда ҳайвонот боғлари базасида қимматбаҳо ва ноёб ҳайвонлар турларини сунъий чатиштириш ҳамда янги жуфтларни шакллантириш, коллекцияларнинг тур таркибини генетик янгилаш учун ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонлар селекциясини ривожлантириш бўйича доимий ишларни олиб боради;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академияси билан биргаликда ҳайвонот боғларини маҳаллий ҳайвонлар билан бойитиб бориш ишларини амалга оширади;
Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2020 йил 1 апрелга қадар 2024 йилда Тошкент ҳайвонот боғининг 100 йиллигини кенг нишонлаш ҳамда унинг доирасида Тошкент шаҳрида Европа ва Осиё ҳайвонот боғлари ва аквариумлари ассоциациясининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар Термиз, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент ҳайвонот боғларида ташриф буюрувчиларда юқори қизиқиш уйғотувчи ҳайвонларни четдан келтириш орқали ҳайвонот боғлари коллекцияларини бойитиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган ривожланиш давлат дастури параметрларини шакллантиришда Самарқанд ҳайвонот боғининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини назарда тутади.
Белгиланишича, Самарқанд ҳайвонот боғи бўйича белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида 2020 йилда ҳайвонот боғини қуриш ва жиҳозлаш ишлари:
Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида марказлашган капитал қўйилма маблағлари;
Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари;
халқаро молиявий институтларнинг ва донор мамлакатларнинг кредитлари ва грантлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



