Ҳужжат билан “Хориждаги ватандошлар билан ишлашни ташкил этиш ҳамда хорижий мутахассислар, шу жумладан ватандошларимизни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш тартиби” тасдиқланиши мумкин.
Билдирилишича, мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ПФ-5545-сонли фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг хориждаги ватандошлар билан ишлаш ва хорижий мутахассисларни, шу жумладан, малакали ватандошларни Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб боришлари учун жалб этиш регламенти ва уни амалга ошириш механизмларини белгилайди.
Жамғарма биринчи навбатда қуйидаги тоифадаги ватандошлар билан ишлашни ташкил этишга эътиборни қаратади:
нуфузли хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасалари, иқтисодиёт етакчи тармоқлари, айниқса йирик трансмиллий компаниялар ва халқаро ташкилотларда бой илмий ва амалий тажрибага эга бўлган;
хориждаги нуфузли таълим ва илмий тадқиқот марказларида таҳсил олаётганлар;
тадбиркорлик фаолиятида бой тажрибага эга, хусусий компанияларнинг эгалари ва акциядорлари, шунингдек, акционерлик жамияти ёки хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлар.
Жамғарманинг хориждаги ватандошлар билан ишлашни ташкил қилиш ва хорижий мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш борасидаги фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:
бой илмий ва амалий тажрибага эга, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, айниқса иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, ишлаб чиқариш ва янги инновацион технологияларни қўллаш соҳаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар билан алоқаларни ўрнатиш;
мамлакатлар ва мутахассисликлар кесимида каталоглаштирилган бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни юритиш, ушбу реестрдан давлат органларининг кадрлар хизмати томонидан фойдаланиш ва онлайн тарзда қидириш имкониятини яратиш;
таълим, соғликни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви, айниқса янги ва тез ривожланаётган тармоқларга хорижий давлатларнинг олимлари, ўқитувчилари, муҳандислари ва бошқа мутахассисларини, шу жумладан ватандошлар ичидан мутахассисларни жалб этиш, уларга қулай шароитлар яратиш, уларнинг мавжуд муаммоларини ечиш, уларнинг улкан салоҳияти ва имкониятларидан самарали фойдаланиш;
таълим, соғликни сақлаш ва иқтисодиёт тармоқларида фаолият олиб бораётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, ватандошларнинг Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ҳамда ижтимоий соҳаларини ривожлантириш масалаларига оид фикр ва қарашларини жамлаш, умумлаштириш, уларнинг таклифларини тегишли ташкилотларга етказиш;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни изчил ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан кенг фойдаланиш;
Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида маҳаллий ва хорижий экспертларнинг, шу жумладан ватандошларнинг аналитик, илмий тўпламлари ва журналларини тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардаги олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш орқали чет элда мутахассисларни тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
таълим, соғликни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида ҳамкорлик ва ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида хорижий мамлакатларнинг давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни ўрнатиш.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси хориждаги ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари, шунингдек, ватандошлар ҳақида маълумотларни жамлаш, улар билан алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашда Жамғармага зарурий ёрдам кўрсатади.
Бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар билан фаолият олиб бориш бевосита Жамғарма ёки Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари иштирокида амалга оширилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ўртасида ватандошлар билан олиб борилаётган ишлар бўйича тизимли ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилади.
Жамғарма бой илмий ва амалий тажрибага эга бўлган ватандошлар электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратади ва юритади. Мазкур электрон реестр қуйидагиларни:
бой илмий ва амалий тажрибага эга, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, шунингдек, иқтисодиётнинг истиқболли ва инновацион технологияларни қўллаш соҳаларида фаолият олиб бораётган ватандошлар тўғрисидаги маълумотларни;
дунё мамлакатлари ва мутахассисликлари кесимида каталоглаштирилган маълумотларни;
вазирлик, идора ва ташкилотларнинг кадрлар билан ишлаш хизмати учун онлайн-қидирув имкониятини;
ислоҳотларда иштирок этиш истагини билдирган ватандошлар ўз анкеталарини тўлдириш ёки янгилаш имкониятини;
ватандошларнинг сақланадиган шахсий маълумотларининг юқори даражадаги ҳимоясини ўз ичига олади.
Бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар тўғрисида электрон реестрда маълумотларни жамлаш ва киритиш қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларида илгари ишлаган ва кейинчалик чет элга чиқиб кетган юқори малакали мутахассислардан;
Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва чет элда яшаб ва меҳнат қилаётган ватандошлардан;
чет элда фаолият олиб бораётган ўзбек миллий маданий марказлари, жамиятлари ва бошқа ташкилотларидаги ватандошлардан;
«Умид» ва «Истеъдод» жамғармалари орқали чет элда таҳсил олган, кейинчалик ишлаш ёки ўқишини давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетган ватандошлардан;
Ўзбекистон Республикасидан чет элда яшаш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган, бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар тўғрисидаги маълумотларни ижтимоий тармоқлардан текширган ҳолда олинган;
Ўзбекистон Республикасидаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида иштирок этиш истагини билдирган ватандошлардан;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлардан шакллантирилади.
Ватандошлар электрон реестри маълумотлари мунтазам равишда, йилда камида бир марта янгилаб борилади.
Бой илмий ва амалий тажрибага эга ватандошлар электрон реестридан онлайн тарзда фойдаланиш имконияти манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ваколатли ходимларига берилади, шунингдек, Жамғарма томонидан электрон реестрдан фойдаланиш масалалари юзасидан доимий маслаҳатлар бериб борилади.
Хорижий давлатларнинг олимлари, мутахассислари ва экспертларини, шу жумладан ватандошларни жалб этиш вазирлик, идора ва давлат ташкилотларидан уларнинг эҳтиёжларини ўрганиш асосида амалга оширилади.
Хорижий мутахассисларни меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жалб қилиш қуйидагича:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий равишда ходим сифатида ишлаш учун узоқ муддатли меҳнат шартномасини тузиш;
хорижий давлатлар яшаб Ўзбекистон Республикаси вазирлик, идора ва ташкилотлари ходими, вакили ёки маслаҳатчиси сифатида ишлаш учун узоқ муддатли меҳнат шартномасини тузиш;
Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриб ёки ташриф буюрмасдан, вазирлик, идора ва ташкилотлар маслаҳатчиси сифатида қисқа муддатли меҳнат шартномасини тузиш;
Ўзбекистон Республикасига ташриф буюриб ёки ташриф буюрмасдан вазирлик, идора ва ташкилотлар маслаҳатчиси сифатида меҳнат шартномаси (иш ҳақисиз, волонтёрлик, «pro bono» асосида) тузмасдан амалга оширилади.
Вазирлик, идора ва ташкилотларнинг эҳтиёжлари учун доимий ишга жалб қилинадиган хорижий мутахассисларнинг иш ҳақи ва бошқа харажатлари, меҳнат шартномаси тузилганидан сўнг иш берувчилар томонидан тўланади.
Ўзбекистонга меҳнат шартномаси тузилмасдан доимий ишлаш учун жалб қилиниши кўзда тутилаётган хорижий мутахассислар, шу жумладан ватандошлар билан музокаралар ўтказиш, шунингдек, уларнинг халқаро авиаучиш, турар жой (зарур ҳолларда овқатланиш) ва ишга жалб қилиш билан боғлиқ бошқа харажатлар (агар хорижий мутахассис билан дастлабки келишувда бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса) Жамғарма томонидан тўланади.
Бой илмий ва амалий тажрибага эга хорижий мутахассисларни узоқ муддатли меҳнат шартномаси асосида ёки маслаҳатчи сифатида Ўзбекистонга жалб қилинганда, Жамғарма томонидан мутахассислар танлаган мавзуларида Ўзбекистон илмий, таълим, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларида имкон даражасида мастер-класслар ва семинарлар ташкил этади.
Номзодларни танлашда мутахассисларнинг фуқаролиги, жинси, ёши, динга мансублиги, миллати эътиборга олинмайди. Мутахассиснинг бой илмий ва амалий тажрибаси, номзоднинг билими, Ўзбекистон шароитида уни қўллашга бўлган талаб, шунингдек, мутахассис Ўзбекистон ривожи учун ҳисса қўшиш истаги асосий мезонлардан бири ҳисобланади.
Мутахассисни ишга жалб қилиш шартлари, шунингдек уни Ўзбекистон Республикасига ишга жалб этиш юзасидан якуний қарорни қабул қилиш Жамғарма Васийлик Кенгаши томонидан амалга оширилади.
Хорижий давлатларда фаолият юритаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш мақсадида, Жамғарма Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда:
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар бўйича вазирлик ва идоралар, махсус илмий-тадқиқот муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси маркази томонидан тайёрланган маълумотларни кенг тарғиб этади;
Ўзбекистон Республикасидаги ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни ватандошларга етказиш мақсадида улар иштирокида чет элда ва Ўзбекистонда конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, маърузалар ва бошқа тадбирлар ташкил қилади;
тарқатиш ва чоп этиш учун тайёрланган электрон маълумотларни интернетда, шунингдек, «UzBridge» журналида жойлаштиради.
Ватандошлар ўртасида тарқатиладиган зарур маълумотларни тайёрлаш, чоп этиш, шунингдек, конференция, давра суҳбатлари, семинарлар, ва бошқа тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ бўлган харажатлар Жамғарма ва бошқа молиявий манбалар ҳисобидан қопланади.
Бундан олдин, хорижда истиқомат қилаётган Ватандошлар халқаро форуми ўтказилиши хабар берилганди.



