Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сиддиқов ва Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Шуичи Токуда бошчилик қилди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Япония стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, «Япония+Марказий Осиё» мулоқоти доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг жадвали ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Томонлар иқтисодий муносабатларнинг аввалги ўсиш кўрсаткичларини қайта тиклаш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришга қизиқиш билдирди.
Саноатни модернизациялаш, замонавий технологияларни жорий этиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида ҳамкорлик қилиш, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва фан соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига муҳим эътибор қаратилди.
Япониянинг «Яманаши Гакуин» компанияси билан қўшма университетни ташкил этиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришнинг муҳимлиги қайд этилди, дейилади ТИВ хабарида.


