Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, ҳар бир ҳудуд кесимида талабалар турар жойлари ва ижарадаги талабаларнинг яшаш шароити, турар жойи ҳолати, айниқса ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик талабларига мос келиши тўлиқ танқидий ва таҳлилий ўрганилади.

Олий таълим муассасалари проректорларининг лавозим вазифалари қайта кўриб чиқилиб, уларнинг талабалар турар жойи ва ижарада яшайдиган талабалар билан ишлаш тизими яратилади.

Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг жойлардаги бошқарма ва бўлимлари билан биргаликда ҳар бир талабалар турар жойидаги ёнғин хавфсизлиги ва бошқа техник хавфсизлик масалалари ўрганиб чиқилади. Талабаларга бирламчи ёнғин ва бошқа техник хавфсизлик масалалари бўйича етарли тушунтиришлар берилади.

Ижарада турадиган талабалар билан гуруҳ мураббийлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла масъуллари томонидан ҳамкорликда олиб бориладиган профилактик тадбирлар қамрови ва сифатини ошириш мўлжалланган.

Вилоят марказларига ёки Тошкент шаҳрига узоқ туманлар ва бошқа вилоятлардан олий таълим муассасасига ўқишга келиб, ижарада турадиган талабаларни вақтинчалик рўйхатга олиш механизми ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган талабаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, талабалар турар жойларини қуриш юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастур такомиллаштирилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Талабалар яшаш шароити ва ҳаракатланиши мониторингини йўлга қўйиш ва бу борадаги ишларни такомиллаштириш” юзасидан қўшма қарорга мувофиқ тузилган ишчи гуруҳлар жорий йилнинг 1 мартидан ўз фаолиятини бошлайди.

Қайд этилишича, мазкур масала ҳар ҳафта Вазирлар Маҳкамаси томонидан назорат ва таҳлил қилиб борилади.

Аввалроқ, Юнусободдаги квартирада беш талаба жасади топилгани, улар номаълум моддадан заҳарлангани тахмин қилинаётгани хабар берилганди.