Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида эшак суйиш билан шуғулланган оила аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳолат юзасидан қонунбузарларга суд қарори эълон қилинган.
Эшонқудуқ маҳалласи Абдуҳамид қишлоғидаги хонадонлардан бирида эшак сўйиб келингани ҳақида хабарлар тарқалгач, масъуллар ҳолатни ўз назоратига олгани айтилганди.
Ғузор туманидаги мактаб интернатда ўтказилган сайёр суд мажлисида ўз хонадонида эшак сўйишни касб қилиб олган фуқаро Н.Р. ва унинг турмуш ўртоғи С.А.нинг хатти-ҳаракатлари кўриб чиқилган ва ҳолат юзасидан қарор чиқарилган.
Унга кўра, фуқаро Н.Р.га нисбатан МЖтКнинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) 2-қисми ва 161-моддаси (шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) билан 10 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, Н.Р.га энг кам иш ҳақининг уч баробари, унинг хотини С.А.га нисбатан эса МЖтКнинг 111-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жарима белгиланган.



