8 июн, пайшанба куни НАТО-Украина комиссиясининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади, унда Каховка ГЭСнинг портлатилиши муҳокама қилинади, деб хабар берди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Twitter’даги саҳифасида.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, у Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан телефон орқали тўғон масаласини муҳокама қилган, у ҳам комиссия йиғилишига қўшилади. “Мен Дмитрий Кулеба билан минглаб одамларни бошпанасиз қолдириб, Украинада экологик ҳалокатга сабаб бўлаётган Каховка тўғони шафқатсизларча вайрон қилингани ҳақида гаплашдим”, — деб ёзган Столтенберг. НАТО бош котиби бошқа тафсилотларни маълум қилмади.
Кулебанинг ўзи учрашув унинг илтимосига кўра ўтказилишини айтди. "Каховка тўғони вайрон бўлиши оқибатида юзага келган инқирозни юмшатиш учун Йенс Столтенберг инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш мақсадида НАТО механизмларидан фойдаланишга ваъда берди. Шу муносабат билан, у эртага менинг илтимосим билан чақириладиган НАТО-Украина комиссиясининг фавқулодда йиғилишига раислик қилади", - дейди Кулеба.
Бир йилдан ортиқ вақтдан бери Россия ҳарбийлари назоратида бўлган Каховка ГЭС тўғони 6 июнга ўтар кечаси вайрон бўлди. Днипронинг қуйи оқимида назоратсиз сув сизиб чиқиши бошланди. Киев ва Москва фалокатда бир-бирини айблади. Мустақил таҳлилчилар тўғон тунги портлаш ёки ўқ узиш натижасида ҳам, аввалги зарарлар туфайли ҳам вайрон бўлган бўлиши мумкинлигини тан олди.



