“БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Глобал экологик жамғарма иштирокида “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • Глобал экологик жамғарма (ГЭЖ) томонидан "Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш (LDN)" лойиҳасини 5 йил муддатга молиялаштириш учун 3 776 941 АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратилгани;
  • лойиҳани амалга ошириш учун умумий ижрочи ва техник ёрдам кўрсатувчи этиб Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгилангани;
  • лойиҳани амалга ошириш даврида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ижро этувчи орган сифатида фаолият кўрсатиши;
  • лойиҳа Бухоро ва Навоий вилоятларида амалга оширилиши маълум қилинди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

  • ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан лойиҳани амалга ошириш келишувини имзолаш;
  • ҳар иккала вазирлик ҳузурида лойиҳага ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган, жами 4 нафар ходимдан (ҳар бир вазирликда 2 нафардан) иборат юридик шахс мақомига эга лойиҳани бошқариш гуруҳларини ташкил этиш;
  • лойиҳани бошқариш гуруҳлари низомини, штатлар жадвалини ва харажатлар сметасини ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан келишган ҳолда тасдиқлаш;
  • лойиҳани бошқариш гуруҳларига ҳар йили муддатли ишга қабул қилинадиган маҳаллий маслаҳатчи-экспертларнинг ойлик иш ҳақлари ва бошқа тўловларини ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан келишган ҳолда тасдиқланган ставкалар асосида белгилаш;
  • лойиҳа доирасида белгиланган тадбирларга йўналтириладиган маблағларнинг мақсадли ва тизимли сарфланишини назорат қилиш, шунингдек, сарфланган ҳамда ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботларни тайёрлаш ва тасдиқлаш;
  • лойиҳа бўйича амалга оширилган ишлар, сарфланган ва ўзлаштирилган маблағлар тўғрисида ҳисоботлар ҳамда эришилган натижалар юзасидан маълумотларни ҳар чоракда ўзининг расмий веб-сайтида ёритиб бориш орқали лойиҳаларни амалга оширилиши устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминлаш;
  • Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳокимликлари, тегишли вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда лойиҳани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • лойиҳани амалга оширишда эришилган натижалар ва ўзлаштирилган маблағлар юзасидан ҳисоботларни белгиланган тартибда тегишли ташкилотларга киритиб бориш чораларини кўради.