Жиззах вилоятининг Фориш туманида ўқувчи қизга шилқимлик қилган ўқитувчи маъмурий қамоқ жазосига тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд қарорида келтирилишича, 1960 йилда туғилган О.Х. Фориш туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчи бўлиб ишлаган. У 2024 йил 5 декабр куни соат 14:30 ларда мактаб ўқувчиси бўлган вояга етмаган қизни жисмоний тарбия дарсида якка ўзини олиб қолган. Сўнгра қизнинг юзидан ушлаб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган.

О.Х. судда ҳуқуқбузарлик ҳаракатига қисман иқрорлик билдириб, ўқувчи қизнинг юзидан ушлаб эркалаганини, унга шилқимлик қилмаганини билдирган ҳамда қилмишидан пушаймон эканини айтган.

Жабрланувчининг қонуний вакили эса ўқитувчини кечирмаслигини, бу каби ҳолат олдин ҳам бир неча маротаба бўлганини, қизи қўрқиб қолганини маълум қилган ҳамда суддан қонуний чора кўришни сўраган.

Жиноят ишлари бўйича Фориш тумани суди қарори билан О.Х. МЖтКнинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Олдинроқ Янгийўл шаҳридаги стоматология клиникасида ишловчи шифокор мижозга шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалганди.