Ўзбекистон ҳукумати Тошкент шаҳридаги модернизм ёдгорликларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича материалларни тақдим этади.

Бу – Туризмни ривожлантиришга оид президент қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, Тошкентни энг кўп мозаикалар бор шаҳар сифатида жаҳон миқёсида эътироф этилишига эришиш вазифаси ҳам қўйилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича “Самарқанднинг мерос йўли” лойиҳаси ҳам амалга оширилади.

Ичан-қалъа / Фото: Kun.uz

Аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва “ақлли” музей-шаҳарга айлантириш кўзда тутилган.

Юқорида санаб ўтилган тадбирлар 2026-2028 йилларга мўлжалланган бўлиб, уларнинг ижроси учун Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги ва қайта ташкил этилган Туризм қўмитаси масъул бўлади.