Тошкентдаги кўп қаватли уйлардаги бир-биридан фарқли, ранг-баранг мозаикаларни кўрган бўлсангиз керак. Улар аллақачон Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган – туристлар учун улар қизиқарли санъат асарларидир. Мозаикалар 1966 йилдаги даҳшатли зилзиладан кейин вужудга келган – собиқ СCСР давлатлари бу санъат намуналарини биргаликда яратган. Kun.uz пойтахт мозаикаларининг тарихи, архитекторлар нега уйларни мозаикалар билан безатгани, улар қандай маъно англатиши ҳақида видео тайёрлади.

Мозаикалар – собиқ иттифоқ давлатларининг биргаликда яратган санъат асари

Тошкент мозаикалари – биз уларнинг олдидан бошимизни ҳам кўтармай ўтиб кетамиз. Лекин Ўзбекистонга келган туристлар учун пойтахт мозаикалари шу қадар ўзига хоски, бундай архитектура намуналарини бошқа шаҳарларда учратиш қийин дейишади. Улар мозаикалар билан безалган уйлар ёнида албатта расмга тушиб кетади.

Мирзо Улуғбек тумани, Элбек кўчасидаги мозаика. Фото: Kun.uz

Архитектура фанлари номзоди, профессор Абдуманноп Зиёевнинг айтишича, ўзбекистонликлар мозаикаларга эътиборли бўлмаса-да, чет элликлар уларни жуда аҳамиятли, бошқа жойларда учратиш қийин бўлган бебаҳо архитектура намунаси деб билади. “Бизда Ўрта Осиёда сирли безак билан биноларни ясатиш анъанаси бор. Чет элликлар деворларни ҳам шундай безатганингиз яхши бўлган, уларда ўзига хослик бор дейишади” , — дейди профессор.

Маълумотларга кўра, ҳозир Тошкентдаги 150та бинонинг фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар бор. Хўш, бутун шаҳарнинг қиёфасига кўрк бўлиб турган мозаикалар қандай пайдо бўлган?

Аслида, улар сейсмик модернизм намуналари бўлиб, Тошкент зилзиласидан кейин вужудга келган, Мозаикалар архитекторларнинг ажойиб топилмаси бўлиб қолмай, улар собиқ СССР давлатларининг биргаликда яратган санъат асари ҳамдир.

1966 йилда Тошкентда содир бўлган даҳшатли зилзила туфайли 300 мингдан зиёд аҳоли бошпанасиз қолади, 2236та маъмурий бино, 700га яқин савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари ва мингга яқин бошқа бинолар зарар кўради. Талафотдан кейин Тошкентни қайта барпо этиш ва жуда кўп аҳоли турар жойларини қуриш керак эди.