13 март куни соат 07:00 ҳолатига кўра, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан буён Яқин Шарқ мамлакатларидан 32 минг 934 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди, дея хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

12 март куни мамлакатнинг Қатардаги элчихонаси томонидан 49 нафар фуқаро БАА ва Саудия Арабистонига етказилиб, сўнгра Тошкентга учиб кетишлари таъминланган. Айни пайтда навбатдаги фуқаролар гуруҳи шакллантирилиб, уларнинг Доҳа шаҳридан Дубай орқали Ўзбекистонга қайтиши масалалари ишлаб чиқиляпти. БААдаги дипломатик ваколатхоналар эса 147 нафар фуқаронинг Тошкентга учиб келишига кўмаклашган.

Эрондаги элчихона томонидан 5 нафар ўзбекистонликнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали чиқиб кетиши таъминланган. Исроилдаги дипломатлар томонидан 4 нафар фуқаронинг Миср орқали Ўзбекистонга қайтиши ташкил этилган.

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси, Жидда шаҳридаги бош консулхонаси ва Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда чартер рейслари орқали 2735 нафар фуқаронинг ватанга қайтиши таъминланган. Мазкур мамлакатда эвакуация тадбирлари якунланди.

«Ўзбекистон фуқароларининг хавфсиз тарзда ватанга қайтарилишини таъминлаш бўйича дипломатик ваколатхоналар фаолияти давом этмоқда», дейилади ТИВ хабарида.