Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда харид чекларини “Солиқ” иловасида рўйхатдан ўтказган шахсларга харид суммасининг 1 фоизини кешбэк шаклида қайтариб бериш амалиётини тўхтатишга чақирмоқда.
Институт директори ўринбосари Дилшод Султонов Kun.uzʼга берган интервюсида айтишича, кешбэк тизими аввалбошидан одамларда чек сўраш маданиятини шакллантириш учун вақтинчалик чора сифатида жорий қилинган.
“Кешбэк тўлаш тизими қанча тез бекор қилинса, шунча яхши. Чунки 80 фоиз пул шундоқ ҳам чек берадиган ташкилотлар [мижозлари]га кетяпти – булар катта супермаркетлар, катта овқатланиш шохобчаларига тўғри келади. Шу сабабли кешбэк тизимини олиб ташлаб, фуқаролар ўртасида ютуқли ўйин ўтказишни таклиф қиляпмиз. Ҳозир 20 млн сўмгача қийматдаги чекларни уриш мумкин, бу лимитни олиб ташлайлик, одамлар исталганча чек урсин ва лоторея асосида 200 млн лик машина берайлик”, – дейди Султонов.
Унинг айтишича, “институт 20 фоиз солиқ тўловчи назорати учун бюджетдан ҳар йили 150 млн доллар ажратишда маъно кўрмаяпти”.
“Бу бошидан вақтинчалик чора эди, одамларда чек сўраш маданиятини шакллантирмоқчи эдик. Ўйлайманки, бу самара берди. Ҳозир ўғриликлар кўпайяпти, қалбаки чекларни ўтказиш ҳолатлари бор, чекларни сотиш бошланди. Йилига 150 млн доллар кешбэк тўланяпти, бу 120 ўринли 300 та боғча дегани”, – деди Дилшод Султонов.
Султоновнинг қўшимча қилишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга қўй, мол ва парранда гўшти маҳсулотлари, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ҳамда тиббий хизматлар бўйича амалга оширилган харидлар учун одатдаги 1 фоизлик кешбэк ўрнига харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)нинг тўлиқ миқдори (12 фоиз) қайтарилиши тартиби бекор қилинмайди.
“Биз ҳаммага бирдек гўшт учун ҚҚСдан имтиёз бера олмаймиз, камбағал қатлам ҳафтасига ярим кило гўшт олса, бойлар бир ҳафтада 5-10 кг олиши мумкин. Бу имтиёз бойлар учун хизмат қилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу тизим мақсадли ишлагани учун у давом этади, фақат такомиллаштирамиз. Сабаби сохта чеклар орқали ҚҚСни қайтариб олиш ҳолатлари авж олди”, – дейди у.
Институт маълумотларига кўра, 2022 йилда 1 фоизлик солиқ кешбэки тўловлари ҳажми 820 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда бу маблағ 1,8 трлн сўмга етиши мумкин. 2026 йилда боғчалар қурилиши учун давлат бюджетидан бундан икки баробар кам – 900 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.
Аввалроқ институт томонидан эълон қилинган мақолада мазкур механизмнинг амал қилиши давлат бюджети ҳисобидан доимий молиялаштиришни талаб этиши, рўйхатдан ўтказилган фискал чеклар сони ортиши билан бир қаторда, давлат бюджети харажатлари ҳам муттасил кўпайиб бориши таъкидланганди.



