Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбирда муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс маҳаллий тадбиркордан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, у тадбиркор томонидан Чилонзор туманидаги 37 сотих ер майдонида нодавлат умумтаълим ҳамда мактабгача таълим муассасалари қурилиши режалаштирилганидан хабар топган.
Ушбу шахс мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли ва турли ташкилотлар орқали қурилиш жараёнларига фаол тўсқинлик қилишини айтган ҳамда гўёки ўзини қурилиш қилаётгандек кўрсатиб, фуқароларни «тинчлантириш» эвазига тадбиркордан 360 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.



