Гуржистон давлат электр тизими маълумотига кўра, 24 июл куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 00:10 да мамлакат миқёсида электр энергияси таъминоти авариявий тарзда узилган. Ҳодиса сабаблари юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Рус тилидаги оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, пойтахт Тбилиси билан бир қаторда Батуми, Кутаиси, Телави, Боржоми, Бакуриани ва Зугдиди шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолган.
«Кавказский узел» нашрининг ёзишича, электр таъминотидаги носозлик оқибатида насос станциялари фаолияти ҳам тўхтаган. Шу муносабат билан Тбилиси, Рустави ва Мцхета шаҳарлари аҳолиси сув таъминотида ҳам вақтинчалик муаммолар юзага келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Georgian Water and Power компанияси мамлакат бўйлаб электр узилганини тасдиқлаб, айрим ҳудудларда сув таъминотида ҳам узилишлар бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим хабарларда оммавий блэкаутга Гуржистон ва Туркия энергетика тизимларини боғловчи юқори кучланишли электр узатиш тармоғидаги авария сабаб бўлгани айтилган. Бироқ Гуржистоннинг Pirveli телеканали давлат электр тизими бу маълумотни рад этганини хабар қилди. Компанияга кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур баёнот ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳозирча расмий сабаб эълон қилинмаган.
Мақола эълон қилинган вақтга келиб Тбилисининг аксарият туманларида электр таъминоти қайта тикланган.
Шу билан бирга, «Интерфакс» агентлиги тан олинмаган Абхазия ҳокимиятига таяниб, республика ҳудуди тўлиқ электрсиз қолганини хабар қилди. Расмийларга кўра, бунга Ингури гидроэлектр станциясида юз берган тизимли авария сабаб бўлган.
Абхазия Энергетика вазирлигининг Telegram-канали маҳаллий вақт билан соат тахминан 03:00 да республика бўйлаб электр таъминоти тўлиқ тикланганини маълум қилди.
Маълумот учун, Ингури ГЭС Кавказдаги энг йирик гидроэлектр станцияси ҳисобланади. Гуржистон–Абхазия можаросидан сўнг унинг тўғони Гуржистон назоратидаги ҳудудда, бошқарув пулти эса Абхазия томони назорат қиладиган Гал туманида қолган. ГЭС акцияларининг 100 фоизи Гуржистон давлат мулки ҳисобланади. Амалдаги келишувга мувофиқ, станция ишлаб чиқарадиган электр энергиясининг 60 фоизи Гуржистонга, 40 фоизи эса Абхазияга тақсимланади.



