Шавкат Мирзиёев россиялик генералнинг ўлими муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқотда россиялик генерал ва унинг ёрдамчиси ўлдирилгани юзасидан ҳамдардлик билдириб, Ўзбекистон томони «ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралашини» таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 19 декабр куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот давомида икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.
Россия президентининг матбуот хизматига кўра, телефон мулоқоти Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан амалга оширилган.
«Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик билдирди. Ўзбекистон ушбу жирканч террорчилик ҳаракатини кескин қоралаши алоҳида таъкидланди», — дейилади Кремл хабарида.
Давлат раҳбарлари асосий эътиборни терроризмга қарши курашиш соҳасида икки давлат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттиришга қаратган.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Владимир Путинни «Жонли мулоқот» ва йил якунлари бўйича катта матбуот анжумани муваффақиятли ўтгани билан табриклаган.
Россия Федерацияси қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи, генерал-лейтенант Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси 17 декабр куни тонгда Москва шаҳри Рязанск проспектидаги уйи олдида рўй берган портлаш оқибатида ҳалок бўлганди. Тергов маълумотига кўра, қўлбола портловчи қурилма уй подъезди ёнида турган электр самокатга ўрнатилган.
18 декабр куни Россия Тергов қўмитаси ФХХ ва ИИВ ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг 29 ёшли фуқаросини террорчилик ҳужуми содир этишда гумон қилиб, қўлга олди. У сўроқ пайтида Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани, бунинг учун 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун чиқиши кафолатланганини айтган.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
00:36 / 22.12.2024
Москва аэропортида Россия таълим вазирининг собиқ ўринбосари қўлга олинди
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
21:19 / 21.12.2024