Жаҳон | 18:39 / 19.12.2024
15542
4 дақиқада ўқилади

«Мигрантларга талабларни кучайтириш керак» – Путин Россияга миграция оқимини камайтириш ва тартибга солиш ҳақида

Шу билан бирга, у Россиядаги қурилиш ва саноат соҳаларида юз минглаб ишчи кучи етишмаётганини қайд этган.

Фото: Kremlin.ru

19 декабр куни Россия президенти Владимир Путин мамлакат аҳолиси ва журналистлар билан билан анъанавий жонли мулоқот ўтказди. Тадбирда Россиядаги миграция масаласи ҳам кўтарилди. Путин Россияга Марказий Осиёдан келаётган мигрантлар оқимини камайтиришнинг 2 та йўлини санади.

«Бу жуда ўткир ва нозик савол, нафақат Россия учун, балки Европа учун ҳам янада ўткирроқ масала ҳисобланади. Бир тарафдан, бизда ишчи кучи етишмаяпти, мен айтдим бизда 2-3 фоиз ишсизлик… Менга бизнес доираси вакиллари ва вазирликдагилар қурилиш соҳасида, саноатда қанча ишчи кучи етишмаётгани ҳақида маълумотлар беришади. У ерда рақамлар юз мингларга боради. Бу фактдан қочиб бўлмайди. Бундан чиқишнинг қандай йўллари бор?

Аввало, меҳнат мигрантлари сонини камайтириш учун меҳнат самарадорлигини ошириш керак. Кўплаб малакасиз ишчи кучи ва меҳнатини талаб қилмайдиган техникаларни қўллашга ўтиш керак. Шу ҳолатда юқори технологик меҳнат фаолиятига урғу бериш керак. Ва шунинг билан малакасиз меҳнат учун шунча кўп мигрантларни жалб қилишга ҳожат бўлмайди. Бу, биринчидан.

Иккинчидан, агар [миграцияни камайтириш] иложсиз бўлса, Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан одамларни шунга тайёрлаш керак. У ердаги рус тили мактаблари тизимини, рус тилини ўрганишни ривожлантириш. Бу ерга ишлашга келмоқчи бўлганларга бизнинг одатларимиз, Россиядаги қонун талаблари ҳақида тушунтириш. Ва албатта, бизнинг ҳудудда бўлиб турганларга талабларни кучайтириш керак. Ўзлари орасида пайдо бўлган ва яшаётган одамларни ҳурмат қилишни талаб қилиш керак. Бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши», — деган Путин.

Бундан ташқари, Россия етакчиси ички ишлар вазирлиги тизимида миграцияни тартибга солиш ва бошқариш бўйича қудратли тузилма бўлиши кераклигини айтган.

«Бу ерда иккита алоҳида компонент мавжуд: иқтисодий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш. Ва бу икки компонентни бирлаштириш керак.

Миграция масаласида алоҳида бўлим ташкил қилиш керакми – бир пайтлар бизда ҳам бор эди. Ёки уни Ички ишлар вазирлиги таркибида қолдириш керакми, деган масала кўп бўлди. Биз Ички ишлар вазирлиги тизимидаги [мигрантлар билан ишлайдиган] ушбу таркибий қисмни кучайтиришимиз керак. Алоҳида қудратли бўлинма, алоҳида марказ бўлиши керак – хоҳ ички ишлар вазирлигида, хоҳ ички ишлар вазирлиги қошида бўлсин. Мигрантлар билан ишлайдиган комплексга ҳамкорликда ишлаш учун хўжалик бошқармалари, тегишли вазирликлар ва ҳудудлардан вакиллар берилиши керак. Миграция боғлиқ катта оқимни тартибга солиш минтақавий даражада қолиши ва буларнинг барчаси бир марказдан бошқарилиши керак. Кейинроқ балки бу алоҳида ташкилот (вазирлик) сифатида очилиши мумкин», — дейди Путин.

Шунингдек, Путин мигрантларни камайтириш борасида қилинаётган ишларга ҳам тўхталган.

«Бу борада қадамлар ташланмоқда. Давлат думаси мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини мактабларга қабул қилмаслик борасида қонун қабул қилди. Бу тушунарли, агар бола рус тилини билмаса қандай қилиб ўқитилади? У билан кимдир алоҳида рус тилини ўргатиш учун шуғулланиши керак, ким бунга пул тўлайди?

Шунинг учун келаётганлар ҳам зулмга учрамаслиги, тиббий ва ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқлари бўлиши керак. Ва бу харажатлар маҳаллий аҳоли елкасига қўшимча юк бўлиб тушмаслиги керак. Одамлар ўзини ноқулай ҳолатда ҳис қилмаслиги керак. Саволлар кўп. Ҳукумат буни ечиш учун кўпроқ эътибор қаратиши керак», деди Путин жонли мулоқотда.

Мавзуга оид