Ўзбекистон | 16:06 / 09.09.2024
33045
5 дақиқада ўқилади

Аёл туғуруқдан сўнг вафот этди. Шифокорлар ундаги кўричакни «сеҳр» деб, «чалпак тарқатиш»ни тавсия қилган

Андижон шаҳрида оғриқ билан туғуруқхонага келган аёлнинг 8 ойлик ҳомиласи тўлғоқ чақирувчи дори билан туғдириб олинди. Аммо шифокорлар бемор кўричак бўлганини туғуруқдан кейин билиб қолишди. Лекин энди кеч эди.

Андижон вилояти перинатал марказига кўричак билан оғриб мурожаат қилган 26 ёшли ҳомиладор аёлни шифокорлар тўлғоқ келтирувчи укол ёрдамида туғдириб олишган. Шифокорлардан бири унинг турмуш ўртоғига аёлида кучли сеҳр борлигини, тезда чалпак ва ҳолвайтар қилиб тарқатмаса, аёли ўлиши мумкинлигини айтган. Аёлнинг яқинлари шундан кейин унинг аҳволи ёмонлашгани ва кўричак ёрилиши оқибатида вафот этганини айтяпти.

2024 йилнинг 22 август куни 8 ойлик ҳомиладор аёлда сув кетиши бошланиб, эски 3-туғуруқхонага (ҳозирги 2-туғуруқхона) олиб борилади. Аммо у ерда уни перинатал марказига жўнатишади. Перинатал марказ ва туғуруқхона ўртасида сарсон юрган аёлга туғуруқхонада уч кун мобайнида оғриқ қолдирувчи укол қилинади. Бу шифохонада керакли жиҳозлар йўқлиги важи билан яна перинатал марказга қайтарилади. Марҳуманинг опаси бу ҳақида гапириб берди.

«Туғуруқхонада 3-куни иситмаси чиқаётган синглимнинг эрини ва онамни чақириб перинатал марказга юборишади. Чунки бола туғилса ўпкани ривожлантириш учун керакли аппарат ўша ерда бор экан. Марказда синглимни қабул қилишмайди. Мен ҳам етиб бордим, синглимнинг аҳволи ёмон эди. У ерга олиб келиш сабабларимизни айтдик. Ялиниб-ёлвордик, шу пайт реаниматолог врач тушди. Биз кечки соат 21ларда борган бўлсак, бу пайтда соат 23 лар эди. Ўша врачга онам жон-жаҳди билан йиғлаб илтимос қилди. Унинг ёрдами билан синглимни қабул қилишди.

Кейин синглимни ҳеч қандай таҳлилларсиз туғуруқ залига олиб киришди. Унга томчи уколлар қилишди ва 8 ойлик чақалоқни туғдириб олишди».

Аёлнинг аҳволи тобора ёмонлашади. Шундан кейин беморда кўричак ёрилиб кетгани, зудлик билан жарроҳлик операцияси қилиниши кераклиги айтилади ва Андижон шаҳар марказий шифохонасига юборилади.

«Синглим аҳволи яхшимаслигини, қусганини айтди. Уни туғдирган гинеколог врач куёвимизни чақириб, аёли ва боласига ўлимга катта сеҳр қилинганини, тезда чалпак ва ҳолвайтар қилиб, «Қаландархона» деган жойга бериб қўймаса, ўлиб қолиши мумкинлигини айтади.

Ўша ердаги бошқа врач мени, онамни ва куёвимизни чақирди. Вилоят шифохонасидан чақирилган хирург синглимда аппендицит ёрилиб, ичига тарқаб кетганини айтган экан. Зудлик билан операция қилиш учун вилоят шифохонасига ўтказилишини айтди. Вилоят шифохонасига кирдик, синглимни 3-4 киши бўлиб туширишга ҳаракат қилаётган эдик. Шунда у ҳаво етишмаётганини айтиб, ҳушидан кетди. Ҳаммамиз дод солиб, ёрдам сўрадик. Лекин синглим шу кўзини юмган бўйи қайтиб ўзига келмади – вафот этди».

Марҳума оилада уч қизнинг кенжаси бўлган, энди унинг 2 фарзанди етим қолди. Маълум қилинишича, таъзияга келган вилоят соғлиқни сақлаш мутасаддилари оилага пул таклиф қилиб, шикоят қилмасликларини сўраган.

«Перинатал марказидан 2 та аёл врач, бош шифокор ўринбосари таъзияга келишди. Уларнинг қўлида камера ва конвертда пул бор эди. Бунга қариндошлар, қўни-қўшни гувоҳ. Улар бизга пул таклиф қилишди. Шаҳар ҳокими ўринбосари иштирокида йиғилишга чақиришди, бордик. Шу жараёнда қатнашган ҳамма шифокорлар, ҳамширалар, санитаркаларни тўплашган экан. У ерда бизга «опалар, ёзманглар. Буларниям фарзандлари, оиласи бор», дейишди.

Синглимнинг 2 фарзанди етим қолди. 5 ёшли ўғли бор. Чақалоғига ўзи айтгандай Марямхон деб исм қўйдик, ҳали касалхонада. 8 ойлик туғилгани учун қарашяпти».

Марҳуманинг яқинлари ўз фаолиятига масъулият билан ёндашмаган шифокорлар қонун олдида жавоб беришини сўрайди.

Бу масалада Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматига мурожаат қилдик. Маълум бўлишича, айни пайтда мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари вазиятни ўз назоратига олган.

Бу Андижон вилояти туғуруқхоналаридаги шифокорларнинг масъулиятсизлиги туфайли юз бераётган биринчи ўлим эмас. Вилоятнинг Қўрғонтепа туманида аппендицит ташхиси билан гумонланиб, операция қилинган аёлнинг вафоти, Булоқбошида шифокорларнинг бепарволиги сабаб соғлом чақалоқнинг ўлими, Асакада эса она-боланинг ўлими юз берганига кўп бўлмади. Бу эса вилоятда соғлиқни сақлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, мутахассислар лаёқатининг қай даражада эканини билдиради. 

Мавзуга оид