Ўзбекистон | 18:42 / 28.08.2020
61159
4 дақиқада ўқилади

Мактаблар очилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Мураккаб қарорларни қабул қилишда доимо устуворликлар аниқлаб олинади. Яъни айни шу тобда нима энг муҳимлиги белгиланади. Дучор бўлиб турганимиз – пандемия каби масъулиятли давр эса устуворликларни тўғри белгилашни яна ҳам қаттиқроқ тақозо этади.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

15 сентябрдан мактабларнинг очилиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида бироз мантиқий мулоҳаза қиламиз. Зеро, тўлақонли хулоса қилиш ҳолатнинг илмий тадқиқини, бу эса, ўз навбатида, бир қанча специфик статистик маълумотлар таҳлилини талаб қилади. Статистик маълумотлар эса ҳозирда бирмунча мавҳум кўриниш касб этиб турибди. Тўғрироғи, кўплаб зарур ва муҳим маълумотларнинг ўзи йўқ.

Хўш, мактаблар фаолиятини айни дамда тиклаш қандай хавфлар билан йўғрилган ва бу эҳтимолий хавфларга пешвоз чиқиш ўзини оқлайдими?

Ёш авлод учун мактабларнинг очилиши яхши, албатта: болалар ўзлари ўрганиб қолган муҳитга қайтадилар, бу уларнинг психологик ҳолатига яхши таъсир этади, таълим жараёни эса ўзининг мумтоз кўринишини олади. Бироқ...

Шубҳа йўқки, ҳали жиловланмаган пандемия яшаб қолишга уринади. Зеро, ҳар қандай вируснинг кодида ўзи асосан шу маълумот жойланган – «насл»ни давом этиш учун янги қўним жой (бизнинг ҳолатда бу инсон организми) топиш ва жойлашиш.

Мактабларнинг айни дамда очилиши пандемиянинг ўша – яшаб қолиш «мақсадига» қўл келиши мумкин. Чунки мактабнинг асосий «қаҳрамон»лари бўлмиш болалар катталарга нисбатан масофа сақлаш ва бошқа эҳтиёт чораларига амал қилиши қийин бўлган гуруҳ.

Масъуллар айтаётганидек, тажриба сифатида мактабларни очиш, натижа салбий бўлса, яна ёпишнинг қийматини баҳолашга уриниб кўрамиз.

1. Тажриба салбий натижа бергудек бўлса, яъни фаолияти тикланган мактабларда COVID-19 тарқала бошласа, буни ўз вақтида қайд этишнинг ўзи муаммоли масалага айланади. Зеро, тиббиёт соҳасида юзага келиб турган вазиятни кўплаб ўринларда «тартибсизлик» деб бемалол аташимиз мумкин – бунақа ҳолатда на эртанги кунни прогноз қилиш, на вазиятга оператив равишда реакция кўрсатиш мумкин. Қолаверса, мамлакатнинг турли ҳудудларида вазият турлича, баъзи жойлардаги ҳолатга эса асло ҳавас қилиб бўлмайди. Ривожланган давлатлардан узоқ ҳолатимиз.

2. Мактаблар COVID-19ни тарқатувчи объектлар сафини тўлдириши вирусни юқтирган болаларнинг ўз оилаларига қайтишини, табиийки, оила аъзолари билан яқин контакт қилишини тақозо қилади. Бу эса айниқса кекса кишиларни хавф остига қўяди.

3. Олдинда қиш мавсуми – ўткир респиратор касалликлар кўпайиши учун қулай, пандемик ҳолатни янада оғирлаштириши эҳтимоли юқори палла.

4. Юқоридаги нуқталарни ҳисобга оладиган бўлсак, тажриба салбий натижа бергудек бўлса, вазиятни аввалги ҳолига қайтариш кўплаб қийинчиликлар билан, гап ўлим ҳолатларига олиб бораётган пандемия ҳақида кетаётганини ҳисобга олсак, кўплаб қурбонлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Карантин режимини юмшатиш қарори мамлакат иқтисодиёти билан, яъни унинг танг аҳволга келишини олдини олиш билан, масала микромиқёсда олганда оилаларнинг иқтисодий ҳолати батамом критик ҳолатга келиб қолишини олдини олиш билан боғлиқ. Буни ҳаммамиз тушуниб турибмиз ва карантин режими енгиллаштирилишини ёқлаймиз. Бироқ мактаблар фаолиятини тиклаш масаласида бундай кучли сабаблар, фикримизча, мавжуд эмас.

Жойларда пандемик ҳолат шундоқ ҳам яхши эмас. COVID-19 ва атипик пневмонияни ўзида жамламаган расмий статистика эса кўплаб саволларни туғдириб, асл пандемик ҳолатни акс этмаётгани ойдинлашиб қолди. Шундай ҳолатда, мактаблар фалиятини тиклаш масаласида етти эмас, етмиш марта ўйлаб, ҳолат ёмонлашмаслиги учун барча чораларни кўриб, кейин қарор қабул қилиниши керак. Зеро, масала инсонлар ҳаёти билан боғлиқ.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид