Ўзбекистон | 18:19 / 12.09.2024
20976
4 дақиқада ўқилади

“Одамлар нима қилишини билмаяпти” — бойсунликларнинг тақдири нима бўлади?

Kun.uz мухбири Шуҳрат Шокиржонов Кофрун қишлоғи ва М25 кони яқинида бўлиб қайтди. У таассуротлари билан бўлишаркан, қишлоқда деярли ҳеч ким қолмагани, айрим одамлар уйидан хабар олгани қайтаётганини айтади. “Агар йиллар, ойлар давомида газ сизиб чиқиши давом этса, бу қишлоққа ҳеч ким келмайди”, – дейди у.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида техноген офат юзага келганига 10 кундан ошди. Шунга қарамай, кондан заҳарли газ сизиб чиқиши ҳали тўхтатилгани йўқ. Зарарини минималлаштириш мақсадида ёқиб қўйилган газдан ҳам олтингугурт ислари чиқиб, қўшни қишлоқ ва шаҳарларгача етиб борган.

Kun.uz аввалроқ бу ҳақда кон жойлашган ҳудуд, Кофрун қишлоғидан тайёрлаган эксклюзив репортажида ҳам айтиб ўтганди. Таҳририят мухбири Шуҳрат Шокиржонов материалда кўрган-кечирганлари билан бўлишган. Лекин барча маълумотлар билан эмас. Kun.uz ҳозирга келиб бойсунликларнинг тақдири нима бўлгани, ҳудуддан эвакуация қилинганларга амалий ёрдам берилдими ёки йўқ – шуларни билиш мақсадида Шокиржонов билан интервю қилди.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеода томоша қилишингиз мумкин.

Бойсундаги техноген офатдан сўнг, расмийларда нима гап? 11 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ўтган анжуманда вазирлик матбуот котиби ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев яқин кунларда кондаги вазият жиловланишини қайд этди.

"Ҳозирги кунда юқори босимда чиқаётган газни жиловлаш, сиқиб олиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил қилинган, ишлар амалга ошириляпти. Асосий ишни бажарувчи ташкилот – “Ўзбекэнерго”. Улар билан ҳамкорликда штаб ташкил қилинган, у ерда ҳукумат комиссияси бор. Республика раҳбарияти ўша куннинг ўзидаёқ топшириқлар қўйган, аҳолига хавфларнинг олдини олиш бўйича бир қатор кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар амалга ошириляпти. Ҳозирда хорижий тажриба ҳам ўрганиляпти. Яқин кунларда конни жиловлаш ишлари амалга оширилади”, – деди Самандар Ҳикматуллаев.

Шунингдек, расмий вакил vодород сульфиддан оммавий заҳарланиш yo'qligi, айрим фуқароларда енгил заҳарланиш кузатилаётгани айтди.

"Тўғри, ижтимоий тармоқлардан ҳам кўряпмиз ёки ўзимиздаги маълумотлар бўйича, уй-жойини, мол-ҳолини кўргани келган аҳолида айрим ҳолларда заҳарланиш ҳоллари бор. Бу – енгил заҳарланиш. Шифокорга мурожаат қилганидан сўнг, ёрдамни олиб, қисқа вақт ичида чиққан ҳолатлар бор. 2-3 кун олдин бўлган аёллар [заҳарлангани] ҳолатида, улар қисқа вақтда шифохонага боришган ва зарурий ёрдам кўрсатилган, улар бугунги кунда ишни давом эттиришяпти. Демак, бундай ҳолатлар ҳам бор",– дейди у.

Бугунгача Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ташқари, mасъул ташкилотлар, хусусан, Энергетика вазирлиги, Ўзбекэнерго АЖ, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ёки "Энтер Энгинееринг", "Эриелл" компанияларининг ҳодиса юз бергани ҳақидаги бирламчи ахбороти ҳисобга олинмаса, бошқа хеч қандай маълумот берилаётгани йўқ.

Эвакуация қилинганлар қандай шароитда ва қаерларда яшаётганлари, уларнинг моддий ҳамда тиббий ҳолати ҳақида ҳам бирор маълумот йўқ. Бизнинг Бойсун туман ҳокимлиги, вилоят ҳокимлиги ва СЭСдан изоҳ олига уринишларимиз ҳам зое кетди.

Газетауз эълон қилган мақолада айтилишича, яқин кунларда «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Очиқ нефть ва газ фаввораларининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми ходимлари авария ҳолатларини бартараф этишга киришишлари керак. Ёрдам учун АҚШ, Россия ва Япониядан бундай аварияларни бартараф этиш бўйича хорижий мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

“Бу бало қачон тугашини ҳеч ким айтмаяпти” — бойсунликлар техноген офатдан азият чекмоқда

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди,
Тасвирчи Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид