Ўзбекистон | 21:53 / 10.09.2024
34711
6 дақиқада ўқилади

“Бу бало қачон тугашини ҳеч ким айтмаяпти” — бойсунликлар техноген офатдан азият чекмоқда

Бойсундаги газ конида содир бўлган техноген фалокат тўғрисида тўққиз кундирки, тайинли расмий маълумот берилмади. Конга яқин ҳудуддаги қишлоқлар аҳолиси нима қиларини билмаяпти. Кондан чиқаётган заҳарли газ шамолнинг йўналишига қараб атрофдаги ҳудудларга тарқалишда давом этмоқда. Kun.uz мухбири вазиятни билиш учун Бойсунга борди.

Сурхондарёга кириб боришингиздан Бойсун тумани узра туриб қолган ғубор таъбингизни хира қилади. Шамол саломатлик учун зарарли бу газни қўшни Бандихон ва Шеробод туманларгача учириб кирмоқда экан.

Бойсундан 15 км нарида жойлашган Кофрун – энг катта зарар кўрган қишлоқлардан бири. Чунки водород сулфид гази отилиб чиқаётган кондан атиги 4 км шимолроқда жойлашган. Бу ердан аҳоли кўчирилган. Уйни қўриқлаш итларга қолган. Мол-ҳоллар очиқда.

Кўчада учратиб қоладиганингиз – яккам-дуккам одамлар ҳам мол-ҳолидан хабар олиш учун келиб турибди экан.

Одамлар очиқча гапиришдан чўчишди. Фақат номини ошкор қилмаслик шарти билан айрим тафсилотларини сўзлаб беришди. Боиси – газ кони ва газни қайта ишлаш заводини қураётган Eriell ва Enter Engineering компанияларида ишлаётганлар ҳам бор экан. Улар эътирозлари туфайли ишсиз қолишлари мумкинлигини билдиришди.

4 ойдан бери маош олганимиз йўқ. Бериб қолишар, деб умид қиляпмиз. Ҳозир биз ўзимиз ишлаб турган жойга қарши гапирсак ишдан ажралиб қолишдан қўрқамиз, очиғи, ака. Бу ерларда бошқа ишга кира олмасак”, – деди иккита йигит.

Биз Кофрун қишлоғи кўчаларини кезганда, газ атрофни чулғаб олмаган, водород сулфиднинг ҳиди таралмаётган эди. Бемалол, қийналмасдан нафас олиш мумкин эди. Аммо кондан отилиб чиқаётган газнинг овози 4 км масофагача реактив самолёт моторининг гувиллашидек эшитилиб турибди.

Шамол биз томон эсганда келади газ. Умуман нафас олиб бўлмай қолади. Ёш болалар, қариялар, касалвандларни Бойсунга ёки бошқа жойлардаги қариндошларникига жўнатиб юборганмиз. Газ кўз ва димоғни ачиштиради, бошни оғритади, кўнгилни айнитади”, – деди яна бир ҳамсуҳбатимиз.

Қайд этиш керакки, кўпчилик яшаб турган жойини тарк этгани учун Кофрун қишлоғида мактаб ва боғчалар ишламаяпти. Дўконлар ҳам ёпиқ.

Қишлоқ асосан чорвачилик ортидан кун кўради. Чунки суғориш учун сув йўқ. 30 йилча бурун қурилган Ҳангаронсой сув омбори шу йил сув кўрибди.

Бошқа бир суҳбатдошимизнинг айтишича, қишлоқда одамлар жон сақлаш учун мол-ҳолини ташлаб чиққани учун ўғирликлар ҳам кўпайган.

Миллий гвардия ходимлари дам-бадам пайдо бўлади. Улар ҳам одам, бунинг сассиғига улар ҳам дош бера олмайди-да”, – дейди у.

Қишлоқдаги ёш йигитларнинг айтишича, шамол қишлоқ томон эсишни бошлаганида маҳалланинг Telegram гуруҳида огоҳлантириш берилади ва қолган одамлар ўз кучлари билан қишлоқни тарк эта бошлайди. Чунки водород сулфид газига узоқ вақт чидаш қийин.

Биз газ отилиб чиқаётган жойнинг яқинигача бордик. Бурғилаш минорасига сув сепиляпти. Қувур чиқарилиб газ ёқиб қўйилган. Ваҳима билан овоз чиқарганча газ отилиб чиқмоқда. Кундуз куни бу унчалик ваҳимали кўринмайди, бироқ кечаси бироз қўрқинчли кўриниш олади. Айнан шомга яқин ва кечроқ туширилган тасвирлар интернетда айланмоқда.

Ҳаттоки шу кон олдида ҳам палағда тухумнинг енгилгина иси келиб турибди. Кейин билсак, ўша ерда шамол биздан тескари томонга эсган экан.

Қайтаётиб, конга яқин сомонзорда қўй боқиб юрган йигитга кўзимиз тушди. У Кофрун маҳалласи аҳолисининг қўй-қўзиларини навбат билан боқаётган талаба йигитлардан бири экан.

Маҳаллада қўй ва моллар шу тартибда боқилади. Аммо ўша ерда яшовчи онахонлардан бири товуқларимиз нобуд бўлди, молларимиз ҳам секин-аста емишдан қолмоқда, деди.

Олти кундан бери бола чақаларим, невараларим билан Бойсундаги қариндошларимникида жон сақлаяпман. Молим учун келиб хабар оламан, деб келиб турган жойим. Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ. Бу бало қачон тугашини ҳам айтгани йўқ. Ҳамма сарсон бўлиб қолди-да. Фақат чиқиб кетинглар зудлик билан деб қолишади. Борган билан бировнинг уйида сиғинди бўлиб яшаш осонмас-да”, — деди номини ошкор қилмасликни астойдил тайинлаган онахон.

Оғиз-бурнига қора матодан қўлбола ниқоб тақиб олган яна бир онахон бораётганимизни кўриб, суҳбатлашишни истамасдан эшигини ёпиб олди.

Синфдошлар пул йиғиб, коллеж ва мактабларнинг спорт залларига кўчирилган қишлоқдошларимизга озиқ-овқат бозор-ўчар қилиб ташлаб келяпмиз. Ҳеч ким ёрдам бергани йўқ бу борада ҳам. Одамларда пул йўқ ахир”, — дейди йигит.

Одамлар билан гаплашиб турганимизда ўша машъум газ қишлоқ узра ёпирилди ва бир бир муддат одамлар бир ҳафтадан зиёдроқ вақт давомида нималарни бошдан кечираётганини ўз танамизда ҳис қилиб кўрдик.

Палағда тухумнинг қўланса ҳиди келадиган ачқимтир газ дарҳол кўнгилни айнитади. Кўзларингиз ва димоғларингиз ачиша бошлайди. Кимлардадир бу қайт қилиш рефлексларини қўзғаши аниқ. Ҳамроҳларимизнинг барчасининг бошига оғриқ кирди.

Бир сўз билан айтганда – шамол йўналишига қараб ўзгариб турадиган, “очиқ осмон остидаги Освенцим”.

Бу газни жиловлашнинг тезроқ бирор йўли топилмаса, кўп ўтмасдан Бойсун истиқомат учун яроқсиз ҳудудга айланиб қолиши мумкин. Одамлар, болалар соғлигини сақлаш учун уларга жиддийроқ ёрдам бериш керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
Жаҳонгир Алибоев,
Kun.uz

Мавзуга оид