Жаҳон | 13:04 / 20.05.2023
68503
19 дақиқада ўқилади

76 йилдан буён ўз еридан айрилиб бораётган жафокаш халқ – Фаластин-Исроил можароси тарихи (1-қисм)

1947 йил ноябрда БМТ Фаластин ҳудудида араб ва яҳудий давлатларини ташкил этиш ҳақида резолюция қабул қилади. Орадан 5 ой ўтгач Исроил номи билан яҳудийлар давлати тузилади. Бироқ резолюцияни на Фаластиндаги араблар ва на атрофдаги араб давлатлари тан олишмайди. Ўртада уруш бошланади ва араблар енгилади. Ўшандан буён икки ўртадаги можаро давом этмоқда ва Исроил Фаластин ерларини аста-секинлик билан эгаллаб келмоқда.

Яқин тарихда Фаластин халқидай қийналган ва хўрланган халқ бўлмаса керак. 1947 йилда БМТ резолюцияси билан тасдиқланган ва орадан 41 йил ўтиб ташкил этилган бу давлат аҳолиси 76 йилдан буён қўшни Исроил томонидан эзиб келинади.

Ўтган йиллар мобайнида Исроил Фаластиннинг жуда кўп жойларини куч билан тортиб олди. Исроилнинг бу босқинчилик сиёсати бугун ҳам тўхтагани йўқ. Улар ҳозир ҳам Фаластинга тегишли бўлган қайсидир ҳудуддан арабларни қувиб юбориб, у ерда исроилликлар учун турар жойлар қурмоқда.

Гарчи БМТ бир пайтлар қабул қилган резолюциясида Фаластин давлатининг чегараларини аниқ кўрсатиб берган бўлса-да, ҳанузгача бу давлат ўз ерларига эгалик қила олмаяпти.

Бундан ташқари, қанчалик ғалати эшитилмасин, БМТнинг ўзи ҳам бу давлатни ташкилот сафига тўлақонли аъзо қилгани йўқ. Фаластин ҳозирда БМТда фақат кузатувчи мақомига эга.

Ана шу ўринда Исроилнинг фаластинликларга қилаётган зўравонлиги сабаблари бирмунча аён бўлади. Ахир БМТдай ташкилот кўксидан итарган Фаластинни Исроил нега эзғилаб ташламасин?!

Фаластин иккига бўлинишидан олдин шу кўринишда бўлган.
BBC

Фаластиннинг иккига бўлиниши

Ҳозирги Фаластин ва Исроил давлатлари жойлашган ҳудуд азалдан Фаластин деб аталган. Бир неча аср давомида Усмонийлар империяси таркибида бўлган Фаластин Биринчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Британия мустамлакасига айланади. Айрим яҳудийларнинг тарихий ватанига қайтиши ана шунда бошланган.

Кейинчалик, Иккинчи жаҳон уруши пайтида Ҳитлер Германияси томонидан ўтказилган қирғинлардан қочган яҳудийларнинг бир қисми ҳам Фаластинга кўчиб келади. Ўша кезларда бу ерда яшовчи араблар «тарихий ватани»га кўчиб келаётган яҳудийларга умуман қаршилик қилмайди.

Уруш тугагандан кейин ҳам яҳудийлар Фаластинга кўчиб келишда давом этади. Шундан сўнг 1947 йилда БМТ ҳудудда араблар ва яҳудийларнинг давлатини тузиш ҳақида ўз режасини эълон қилади.

Ўшанда БМТга Фаластинда битта давлат тузиш таклифи ҳам берилади. Бироқ ташкилот ягона давлат тузилса яҳудийлар ва араблар ўртасида қирғинбарот бошланиб кетади деган хулосага келади ва таклиф рад этилади.

Яҳудийлар БМТнинг режасига рози бўлишади. Араблар эса Фаластиннинг бўлинишига қарши чиқишади. БМТда 1947 йил 29 ноябрда Фаластинни иккига бўлиш ҳақидаги резолюция қабул қилинди.

Шундан сўнг аҳолининг жойлашувига қараб яҳудийларга 14,1 минг километр квадрат, арабларга эса 11,1 минг километр квадрат ҳудудни бериш ва Фаластин ўрнида иккита давлат тузиш ҳақида қарор қабул қилинади.

БМТ Фаластин ҳудудини бўлганда араблар ва яҳудийларга теккан жой шу кўринишда бўлган.

Биринчи уруш

БМТ резолюцияси қабул қилингандан салкам олти ой ўтиб, 1948 йил 14 май куни Давид Бен-Гурион томонидан Исроил давлати тузилгани эълон қилинади. Бунга рози бўлмаган Миср, Сурия, Трансиордания (Иорданиянинг ўша пайтдаги номи), Ливан, Ироқ каби араб давлатлари Исроилга бостириб киришади.

Улар Фаластин арабларники бўлиши шарт, яҳудийлар истаган ерларига кетишлари мумкин деган талаб қўйишади. Шу билан бирга Фаластинга чегарадош бўлган юқоридаги давлатлар Фаластин ерлари ўзларига тегишли эканини ҳам даъво қилишади.

Ўша пайтда Исроилнинг ортида Ғарб давлатлари турган эди. Қисқа муддатда улар Исроилни тиш-тирноғигача қуроллантиришади.

Исроил барча ҳужумларни қайтаради ва 1949 йил июлга келиб ўз ҳудудига бостириб кирган араб қўшинларини енгади. Оқибатда урушда ғолиб чиққан Исроил Фаластиннинг 1 300 квадрат километр ҳудудини босиб олади.

Фаластиннинг қолган ҳудудини Миср (Ғазо секторини) ва Иордания (Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Шарқий Қуддусни) ўз назоратига олади.

1947-1949 йилларда бўлиб ўтган бу урушни Исроил мустақиллик учун бўлиб ўтган уруш деб атайди. Араблар уни Нақба – Фалокат деб аташади. Айнан мана шу урушдан сўнг Фаластин халқининг фожиаси бошланади.

Аксарият тарихчилар 1947 йилда араб давлатларининг Исроилга бостириб кириши хатолик бўлганини айтади. Уларнинг фикрича, араб давлатлари Исроилга бостириб кирмасдан Фаластин давлатининг шаклланишида, БМТ белгилаб берган чегараларини ўрнатишда ва бошқа ишларда ёрдам берганда ҳолат бошқачароқ кечиши ҳам мумкин эди.

Шошмашошарлик билан Исроилга ҳужум қилиниши ва мағлубиятдан кейин ҳам қўшни араб давлатларининг Фаластинга ёрдам бериш ўрнига унинг ҳудудини ўз назоратига олиши масалани чигаллаштириб юборади.

Иккинчи уруш

Биринчи урушдан сўнг Исроил дунёнинг турли бурчакларидан келаётган яҳудийларни қабул қилишда давом этади ва давлатчилигини мустаҳкамлайди.

Араб давлатларининг аксариятида ҳокимият алмашади Британия ёки Франция билан яхши алоқаларда бўлган эски ҳукмдорлар ўрнига ёшлари келади.

Шундан сўнг араб давлатларининг айримларини капиталистик дунёдан кўра социализм «устуни» бўлган СССР билан яхши алоқа ўрнатишга уринган раҳбарлар бошқара бошлайди.

Жумладан, ҳарбий таълимни СССРда олган Миср президенти Жамол Абдул Носир (1918-1970) ва Сурия раҳбари Ҳафиз Асад (1930-2000) советлар билан дўстона алоқада эди.

Жамол Носир Миср раҳбари бўлар экан, Исроилнинг босқинчилик сиёсатини кескин танқид қила бошлайди. Ўшанда у «Империализм қўрғони бўлган Исроил денгизга чўктирилади», деб чиқади.

1967 йил баҳорда Миср ва Сурия Исроил билан чегараларига кўп сонли ҳарбийларини тўплай бошлайди. Исроил буни ҳужумга тайёргарлик деб ҳисоблайди ва ўша йили 5 июн куни огоҳлантирувчи зарба беради. Шу тариқа биринчи урушдан роса йигирма йил ўтиб яна Араб-Исроил уруши бошланади.

Биринчи урушдан фарқли равишда бу уруш узоқ давом этмайди. Исроил олти кун ичида араб коалициясининг ҳарбий-ҳаво кучларини яксон қилиб ташлайди. Шу сабабли бу уруш тарихга «Олти кунлик уруш» номи билан киради.

Шундан сўнг Исроил 1949 йилдан буён Иорданияга тегишли бўлган Иордан дарёсининг ғарбий соҳили, Миср назоратида бўлган Ғазо сектори ва Синай яримороли, Суриянинг Жўлан тепаликлари ҳамда Шарқий Қуддусни ҳам эгаллайди.

1947-1949 йилларда бўлиб ўтган урушдан сўнг Фаластин ҳудуди шу кўринишга келган. Қолган ҳудудлари Исроил томонидан эгаллаб олинган.
 BBC

1967 йилги Олти кунлик урушни араблар Нақса — Такрор деб аташади. Бу сафарги мағлубият олдингисидан ҳам аламлироқ бўлади. Яна юз минглаб фаластинлик араблар уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлади.

Бу урушда Исроил бор-йўғи 800 нафарга яқин ҳарбийларини йўқотади. Араб давлатлари эса 15 мингга яқин аскаридан айрилади. Бундан ташқари, Исроил босиб олинган Фаластин ерлари ҳисобидан ўз ҳудудини урушгача бўлган даврга нисбатан уч бараварга кенгайтириб олади.

1967 йилда бўлиб ўтган уруш пайти. Фаластинлик арабни асирга олган исроиллик аскар
filin.ruskyhosting.ru

Фаластин иккига бўлингандан бошлаб Исроилга теккан ҳудудда яшовчи араблар унинг ҳудудини тарк эта бошлайди ва қочоқларга айланади. Шунингдек, иккита урушдан сўнг Исроил томонидан босиб олинган ҳудудлардаги араблар ҳам қочоқларга айланишади.

Кейинчалик қабул қилинган БМТ резолюциясига мувофиқ, ўшанда Исроил ўзига теккан ҳудудда яшовчи араб қочоқларига уйларига қайтишларига рухсат бериши ёки уларга товон тўлаши керак эди.

Бироқ исроилликлар бундан бош тортади ва ҳануз шу масала ҳам мавҳумлигича қолиб келяпти.

Бугун миллионлаб араблар Исроилдан ўз ерларини даъво қилишади. Бироқ ўзини яҳудий халқининг миллий ўчоғи деб ҳисоблайдиган Исроил бу даъволарни рад этади ва араб қочоқларни ўз ҳудудига киритмоқчи эмас.

1967 йилда бўлиб ўтган урушдан сўнг Исроил ҳатто Мисрга тегишли бўлган Синай яриморолини ҳам босиб олади. 
gettyimages

Қуддус муаммоси

БМТнинг 1947 йилдаги резолюциясида тарихий жиҳатдан мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар учун муҳим бўлган Қуддус халқаро мандат назоратидаги ҳудуд деб эълон қилинади. Ўшанда амалда шаҳарнинг шарқий қисми араблар назоратида қолади.

Бироқ Исроил БМТ резолюциясини тан олмайди ва Олти кунлик урушда ғалаба қозонгач шаҳарни тўлиқ эгаллайди. 1980 йилда эса Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб эълон қилади.

Сўнгги йилларда бир қатор давлатлар ўз элчихонасини Тел-Авив шаҳридан Қуддусга кўчириши можароларни баттар кучайтиряпти.

Жумладан, 2017 йилда АҚШ президенти Доналд Трампнинг АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчиришга қарор қилгани оммавий намойишлар ва ўнлаб кишилар ўлимига сабаб бўлганди.

Шунингдек, АҚШнинг яқин иттифоқчилари бўлган аксарият Ғарб давлатлари ҳам бирин-кетин ўз пойтахтини Тел-Авивдан Қуддусга кўчирган. Бу жараён ҳануз давом этмоқда.

Исроил билан ўтказиладиган музокараларда Фаластин 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтиш, Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо секторини Фаластин давлати ҳудуди деб тан олишни талаб қилиб келади.

Бироқ Исроил бунга кўнмайди. 1967 йилгача Қуддуснинг шарқий қисми араблар назоратида бўлган. Шу сабабли Исроил 1967 йилгача бўлган чегараларга қайтиб, Қуддуснинг бир қисмини арабларга бермоқчи эмас.

1967 йилда бўлиб ўтган урушдан сўнг Исроил Қуддусни тўлиқ босиб олди. stock.adobe.com

Арабларнинг Фаластинга бўлган нотўғри ишлари

Юқорида 1948 йилда бир неча араб давлатларининг Фаластин давлатини шакллантириш ўрнига унинг ерларига даъвогар сифатида Исроилга бостириб кириши нотўғри бўлгани ҳақида ёзилди.

Араб давлатлари кейин ҳам Фаластинга панд беришда давом этишди. Жумладан 1967 йилда бўлиб ўтган Олти кунлик урушни ҳам араблар бошлашди, охир-оқибат Фаластин жабр кўриб яна бир қисм еридан айрилди.

Тарихчилар фикрига кўра, бир неча араб давлатлари азалдан ўзини Фаластин ҳимоячиси қилиб кўрсатса-да, аслида улар ўз манфаатлари учун ҳаракат қилган.

Айниқса антиисроил фронти қатнашчилари бўлган Миср, Иордания ва Сурия шу йўлдан кетишган.

Тарихчилар юқоридаги давлатлар ўз манфаатларини «араб бирлиги» ва «фаластинликларни қўллаб-қувватлаш» каби баландпарвоз баёнотлар билан ниқоблашмоқда, деб ҳисоблашади.

1964 йилда Фаластин озодлик ташкилоти (ФОТ) тузилгани эълон қилинади. Бу ташкилот Фаластиннинг ўзида ва унга қўшни Иордания, Ливан, Сурия ва Миср каби давлатлардан туриб Исроилга қарши партизанлик ҳужумлари уюштира бошлайди.

Оқибатда Исроил ФОТ ҳужумларига жавоб қайтариш асносида юқоридаги давлатлар ҳудудларига ҳам зарба беради. Бу уларда Исроил билан жиддий ҳарбий тўқнашув хавотирини уйғотади.

Шу сабабли аввалига фаластинликларни қўллаб-қувватлашини билдирган қўшнилар бироз ўтиб улардан «воз кеча бошлашади». Жумладан, 1970 йилда ФОТ ва Иордания ўртасида келишмовчилик юзага келади.

Шундан сўнг Иордания ўз ҳудудидаги ФОТга бўйсунадиган фаластинлик қуролли гуруҳларнинг барчасини қувиб чиқаради. Шу аснода икки ўртада қуролли можаро ҳам келиб чиқади ва Иордания ҳарбийлари бир неча минг нафар фаланстинликни ўлдиришади. Шундан сўнг фаластинликлар Ливанга кўчиб ўтишга мажбур бўлишади.

Ўша пайтларда араб давлатларининг бирортаси Исроил билан дипломатик алоқаларга эга эмасди. Бу бирдамликни биринчи бўлиб Миср бузади. 1970 йилда Жамол Абдул Носир вафот этади ва Анвар Саодат Мисрга раҳбар бўлади.

Миср президенти Жамол Абдул Носир
gettyimages

1973 йилда навбатдаги Араб-Исроил урушида араб коалицияси яна мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг Анвар Саодат Исроил билан тинчлик бўйича музокаралар ўтказа бошлайди.

1979 йилда АҚШ президенти Жимми Картер воситачилигида Миср ҳамда Исроил ўртасида тинчлик сулҳи имзоланади ва дипломатик муносабатлар ўрнатилади.

Шу тариқа, Анвар Саодат араб давлатларининг Исроилни тан олмаслик бўйича бирлигини бузади. Унинг бу иши араб дунёсининг кескин норозилигига сабаб бўлади. Охир-оқибат Анвар Саодат 1981 йилда ўлдирилади.

Кейинчалик, Исроил билан жуда катта ҳудудда чегарадош бўлган Иордания ҳам шу йўлни тутади. Аввалига Исроил билан тинчлик сулҳини имзолайди. Сўнг дипломатик алоқалар ўрнатади.

Шундан сўнг ФОТ олдида Исроил билан келишувларга боришдан ўзга чора қолмайди. 1988 йилда ФОТ раҳбари Ёсир Арофат БМТда сўзлаган нутқида терроризмни қоралаши ва ташкилот бундан буён Исроилни тан олишини маълум қилади.

Шундан сўнг Фаластин ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида бир неча марта музокаралар ўтказилади. Бироқ бу музокаралардан Фаластин миллий маъмурият мақомини олганини айтмаганда айтарли ҳеч қандай наф бўлмайди.

1990-йиллар бошларида Исроилнинг ўша пайтдаги раҳбари Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат ўртасида бир неча марта музокаралар ўтказилади ва бир неча келишувларга эришилади.

Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат АҚШ президенти Билл Клинтон билан бирга. Фото: BBC

Жумладан, илк бор Фаластин миллий маъмурияти ва ҳукумати ташкил этилади. Ғазо сектори ва ғарбий соҳилнинг кичик қисми Фаластиннинг маъмурий назоратига ўтади. Шу билан бирга, ташқи чегаралар назорати Исроил назоратида қолади.

Исҳоқ Рабин ва Ёсир Арофат ўртасида ўтказилган музокараларда мустақиллик ҳақида гап йўқ эди. Бу мавзу кейинги музокараларда муҳокама қилиниши керак эди.

Бироқ 1995 йилда Иордания билан тинчлик келишуви имзолаган ва фаластинликлар билан сулҳ тузишга йўл очган Ицхак Рабин исроиллик қотил томонидан отиб ўлдирилади. Шундан сўнг Фаластин ва Исроил ўртасидаги сулҳга эришиш ҳақидаги битим иккинчи даражага тушиб қолади.

Исҳоқ Рабиннинг ўлимидан сўнг ҳам ярашув жараёни давом эттирилади. Бироқ улар ҳам натижасиз тугайди. Жумладан, 2000 йилда Ёсир Арофат ва Исроилнинг янги бош вазири Эҳуд Барак АҚШ президенти Билл Клинтон воситачилигида АҚШдаги Кемп-Дэвидда музокаралар ўтказишади.

Бу музокараларда тўлақонли Фаластин давлати ташкил этиш ҳақидаги шартнома ҳам имзоланиши кутилганди. Бироқ бундай бўлмайди. Музокараларда Ёсир Арофат талаб қилган аксарият бандлар, жумладан Шарқий Қуддусни Фаластинга бериш, фаластинлик қочоқларни уйларига қайтариш, Фаластин ҳудудидан Исроил қўшинларини олиб чиқиш кабилар рад этилади. Оқибатда музокаралар натижасиз тугайди.

Ёхуд Барак ва Ёсир Арофат Билл Клинтон билан бирга. Фото: stock.adobe.com

Ўшанда Эҳуд Барак тинчлик келишуви имзоланмагани учун Ёсир Арофатни айблайди. Арофат ўзини музокара ўтказиш учун келишга Барак ва Клинтон мажбурлаганини таъкидлайди.

2000 йилдан сўнг Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликка эришиш истиқболи тобора узоқлаша бошлади. Орада Исҳоқ Рабиндан сўнг Исроил бош вазири бўлган Ариэл Шарон 2005 йилда Фаластин ва Исроил ўртасида «бир томонлама ажралиш» режасини эълон қилади.

У режа доирасида Ғазо секторига ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконини беради. Сектордан Исроил ҳарбийларини олиб чиқади. Исроилликлар томонидан ноқонуний қурилган яшаш масканларини буздиради.

Бироқ барчаси Ғазода ҲАМАС ҳаракати ФОТ вакилларини сиқиб чиқариб ҳукумат тепасига келгач барбод бўлади. Ўшанда ҲАМАС томонидан Исроилга ракета зарбалари берилади. Шундан сўнг Шарон ўз режасини амалга оширишни тўхтатади ва Ғазо секторига иқтисодий қамал жорий этилди.

Ёсир Арофатдан кейинги бўлиниш

Фаластин озодлик ташкилоти ва Фаластин миллий маъмуриятининг биринчи раиси, узоқ йиллар давомида Фаластин мустақиллиги учун курашган Ёсир Арофат 2004 йилда 75 ёшида вафот этди.

Шундан сўнг Маҳмуд Аббос маъмурият раиси бўлади. Бироқ Фаластин бошқаруви Маҳмуд Аббосга ўтгач Ёсир Арофат давридаги бирлик кучсизланади.

Жумладан, Ғазо секторида ҲАМАС ташкилоти ҳукмронга айланади ва бу Фаластиннинг кучсизланишига олиб келади.

Маҳмуд Аббос ва ҲАМАС етакчиси Холид Машал

Ўшандан буён ҲАМАС жангарилари тез-тез Ғазо секторидан Исроилга ракета зарбалари беради. Ўз навбатида, Исроил бундай ҳужумларга жавобан Ғазо секторини авиация ёрдамида бомбардимон қилади.

ҲАМАС раҳбарлари Маҳмуд Аббос ва унинг маъмурияти билан ҳам турли келишмовчиликларга борган пайтлар ҳам бўлган.

Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракатига зарба бериш учун 2008, 2012 ва 2014 йилларда уч марта ҳарбий операция ўтказади. Бу ҳам Фаластин ва Исроил ўртасидаги кескинликни янада кучайтиради.

Сўнги йилларда фаластинликлар орасида муросага рози бўлмайдиган ҲАМАС ҳаракати оммалашмоқда. Бундан фойдаланган ташкилот Ғазо секторида ҳукмрон бўлгач ўз ҳукуматини жорий этади. Шу тариқа, Фаластин иккига ажралади: Ғазони ҲАМАС, ғарбий қирғоқдаги ҳудудни ФОТ бошқармоқда.

Фаластиндаги бугунги вазият

Сўнгги йилларда Исроил Фаластиннинг ғарбий қирғоқдаги ҳудудларида фаластинликларни қувиб чиқариб, яҳудий аҳоли учун уй-жойлар қуришда давом этмоқда.

Фаластин ҳудудидининг қисқариб келиши

Ғазо секторида эса ҲАМАС ҳукмрон ва улар вақти-вақти билан Исроилга ракета зарбалари бермоқда. Исроил ҳам жавоб чораларини кўрмоқда.

Охирги энг жиддий тўқнашув 2018 йил кузида содир бўлди. Ўша йили 11 ноябр куни Ғазодан Исроил ҳудудига қарийб 400 та ракета учирилган.

Бунга жавобан 12 ноябр куни Исроил самолётлари Ғазодаги юзлаб объектларга ҳужум уюштиради. Ўшанда низолар оқибатида икки томондан камида бир неча киши ҳалок бўлади. Ғазодаги кўплаб биноларга зиён етади.

Ғарбий соҳил ҳудудидаги сўнгги тўқнашувлар 2023 йил апрелда содир бўлди. Мусулмонлар учун муқаддас ойлардан бири бўлган Рамазон ойида Исроил ҳарбийлари Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб киришди.

Исроил ҳарбийлари Ал-Ақсо масжидида
stock.adobe.com

Шундан сўнг фаластинликлар Ливан жанубидан Исроил ҳудудига ракета йўллашди. Бунга жавобан Исроил Ғазо сектори ва Ливан жанубига ҳарбий самолётлар ёрдамида ҳужум қилди.

Айни дамда вазият таранг ҳолда қолмоқда. Исроил ҳозирча Фаластиндан тортиб олган ерларини қайтариб бермоқчи эмас. Шу сабабли ўша ҳудудларга исроилликлар учун уй-жой қурилмоқда.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид