Қалбаки 200 минг сўмликлар тарқалмоқда. ИИВ ҳолат юзасидан тергов кетаётганини билдирди
Ўзбекистонда 200 минг сўмлик купюралар қалбакилаштирилаётгани, шу боис олди-берди жараёнида эътиборли бўлиш ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мутахассис Kun.uz мухбири билан суҳбатда қалбаки пулларни фарқлаш бўйича ўз тавсияларини берди.
Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг бош эксперти Ойбек Юсупов сохта пулларни ҳақиқийсидан ажратишнинг усуллари кўплигини маълум қилди.
“Биринчидан, кўча-кўйда, бозорлар ва магазинларда нақд пуллар билан муомала қилинганда купюрани букиб тортганда овозидан билиш мумкин. Ҳақиқийсидан жарангдорроқ товуш чиқади. Бунда албатта купюра сувга тушмаган ва эскирмаган бўлиши керак.
Иккинчидан, банкнотларда кўк рангли,“силжиш” эффектига эга бўлган микрооптик ҳимоя ипи бор.
Учинчидан, серия рақами. У яққол кўриниб туради ва бўртиб чиққан жойлари бор. Қалбакиларида ундаймас”, – дейди эксперт.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда купюранинг қалбакиларини қандай қилиб тезда билиш мумкинлиги кўрсатилган. Қалбаки купюранинг марказий қисмидаги машҳур Қува анорининг рамзи бўлган «анор» тасвири, ҳамда Ўзбекистон номининг халқаро аббревиатураси ёзилган микрооптик ҳимоя ипи оддий ранг билан бўялгани кўринали. Агар ўша тасвирлар тирноқ билан ишқаланса, бўёқ кўчиши кузатилади.
Лекин кўпчилик бу жиҳатга эътибор беравермайди. Айниқса, муомала жараёнида боғлам ҳолатида ичида бўлган қалбаки пулларни пайқаш қийин. Бундан ташқари, ҳақиқий ва қалбаки купюраларни фарқлашнинг яна бошқа усуллари борлигини мутахассис таъкидлади.
“Жумладан, махсус ускуналар керак бўлади. Энг соддаси ва қулайи лупа бўлиши мумкин. Чунки исталган киши ундан бемалол фойдалана олади. Лупаларни дўконлардан топиш мумкин”, дейди эксперт Ойбек Юсупов.
Экспертларнинг таъкидлашича, икки юз минг сўмлик банкнотларнинг олд қисми ўнг ва чап томони четида жойлашган яшил рангдаги махсус элемент кўриш қобилияти паст бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, бўёқнинг бўртмалик хусусияти ҳисобига банкнот қийматини аниқлаш имконини беради. Қалбаки купюраларда бўртмалик хусусияти бўлмас экан.
Шунингдек, ультрабинафша нури остида нақшинкор безакнинг яшил рангли фонида «UZB 200000 SO‘M» сўзини қизил рангда кўришимиз мумкин.
Мутахассислар фуқаролар ўзларидаги нақд пулларнинг ҳақиқийлигидан шубҳа қилган тақдирда, Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказига мурожаат қилишлари мумкинлигини таъкидлашди.
Вазирлик мулозими интернетда тарқалган видеода акс этган ҳолат – муомалага киритилган қалбаки 200 минг сўмликлар юзасидан тергов кетаётганини билдирди.
“Икки юз минглик купюралар қалбакилаштирилиши ҳолати бўйича пулларни чиқарган одамлар ушланган. Ўша пуллар қаерда ишлаб чиқарилганини аниқлаш чоралари кўрилиб, тергов жараёнлари давом этмоқда”, дейди Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази бош эксперти Ойбек Юсупов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг 15 июл санасидан 200 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилгани маълум қилинган.
Мавзуга оид
16:24 / 14.12.2024
Тошкентда 200 минг сўмлик қалбаки банкнотларни тайёрлаган шахслар ушланди
18:54 / 10.12.2024
Жиззахда 1 млрд сўмлик қалбаки пул сотмоқчи бўлганлар ушланди
18:05 / 19.03.2024
Наманган вилоятида қалбаки 9400 доллар муомалага чиқарилишига чек қўйилди
20:00 / 12.10.2023