Ўзбекистон | 21:19 / 10.10.2024
4450
6 дақиқада ўқилади

10 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Вазир ўринбосарига ўқилган ҳукм, Тошкентнинг бош режаси ва Бухоронинг янги аэропорти қурилиши билан танишган президент, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатдан асраш чоралари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Вазир ўринбосарига ўқилган ҳукм

Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азимжон Назаровга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Суд уни бир нечта жиноятни содир қилганликда айбли деб топган. Жиноят иши доирасидаги зарар миқдори 500 минг доллардан ортиқ.

Азимжон Назаров 2017 йил 28 декабр куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, «Nazar Business and Technology» МЧЖ раҳбарлигини гўёки бошқа одамга топшириб, ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган. Далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали МЧЖга 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.

Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврида мансабга совуққонлик билан қараши оқибатида насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган.

Суд томонидан унга 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Президентга Тошкентнинг бош режаси кўрсатилди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди.

Режага кўра пойтахт 3 та зонага ажратилади. Президент Тошкент шаҳрини камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда пойтахт ҳудуди қарийб 44 минг гектар, аҳоли сони 3 миллиондан зиёд. Келгусида бу миқёс янада ошиб боради. Шу боис Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси лойиҳалаштирилди.

«ТошкентбошпланЛИТИ» корхонасида Сингапур, Буюк Британия, Туркия, Германия, Хитой ва Нидерландия компаниялари билан ҳамкорликда пухта иш олиб борилди.

Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ҳудуди 3 та зонага ажратилади. Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади. Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади. Реновация зонасида эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилишлар ва таъмирлаш амалга оширилади.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳрини камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

Вазирлик ўқитувчиларнинг пахтага жалб этиши ноқонунийлигини таъкидлади

Пахта териш учун белгиланган нархлар пастлиги билан боғлиқ муаммолар фонида, мактаб ўқитувчиларига терим учун одам топиш вазифаси юклатилаётгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларни бундай ҳолатларда вазирликнинг ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги терим нархи килосига 2500 сўм белгиланганини эълон қилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклига қатъий қарши экани, ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилишини ноқонуний ҳолат деб ҳисоблашини маълум қилди.

«Бугунги кунда вазирликда Коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, аниқланган ҳар қандай ноқонуний ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари орқали, албатта, тегишли чора кўрилиши таъминланади.

Ҳурматли педагоглар, агар сиз ваколатингизга кирмайдиган юмушларга жалб қилинсангиз, зудлик билан вазирликнинг (71) 202-09-09 ишонч телефон рақамларига қўнғироқ қилинг», – дея ёзди ММТВ раҳбарининг матбуот котиби Дилфуза Собирова.

«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади.

Бухоронинг янги аэропорти

Президент Шавкат Мирзиёев Бухородаги янги халқаро аэропорт қурилишига оид тақдимот билан танишди.

Шавкат Мирзиёевнинг шу йил май ойида Бухорога ташрифи чоғида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган эди. 

Қайд қилинишича, Бухоронинг ҳозирги аэропорти аҳоли ва туристлар талабига жавоб бермаяпти. Мазкур аэропорт соатига 400 нафар ёки йилига 1 миллион йўловчига хизмат кўрсата олади холос.

Аксарият сайёҳлар Бухорога бориш учун Тошкент, Самарқанд ёки Урганч аэропортларига қўнишга мажбур бўляпти. Бухорога ташриф буюрган хорижий туристларнинг 95 фоизи поезд ёки автомобилда борган.

Келгуси уч йилда Бухорога туристлар оқимини 8 миллионга етказиш режа қилинган. Шу боис Бухоро туманида янги халқаро аэропорт қурилиши бошланган. Лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос аэропорт ташкил этилади ва унда соатига 1200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

Давлат раҳбари янги аэропортда ўтказувчанлик қобилиятини 2 баробар ошириб, соатига 8 та самолёт келиш-кетишига имконият яратиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид