Жамият | 12:28 / 26.12.2024
9863
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 2,5 йилдан бери қидирувда бўлган ота “дача”дан топилди

Ота фарзандига алимент тўламаслик учун мунтазам равишда яшаш манзилини ўзгартириб, яшириниб юрган. У 2022 йил 7 апрелдан буён қидирувда бўлган.

Фото: МИБ

Кармана туманида фарзанди учун алимент тўламасдан қочиб юрган ота далаҳовлидан топилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Навоий вилояти МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Кармана туманида яшовчи Р.Ю. фарзанди учун алимент пулини тўламаслик мақсадида доимий равишда яшириниб, қочиб юрган. Унга нисбатан 2022 йил 7 апрелда қидирув эълон қилинган. 

Олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қарздор ота яқинда Кармана тумани “Юбилей” далаҳовлилари жамиятидаги далаҳовлида яшириниб ётганида ушланган. Р.Ю.нинг йиғилиб қолган қарздорлиги 49,8 млн сўмни ташкил қилган.

Отага нисбатан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган. Суднинг қарори билан эса унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланган. 

Қайд этилишича, ҳозирда вилоятда 76 нафар қарздор отани қидириб топиш чоралари кўрилмоқда. Ушбу шахсларнинг 34 нафари республика ҳудудида яшириниб юрганлиги, 38 нафари эса чет элларга чиқиб кетганлиги аниқланган.

Олдинроқ Навоийда алимент тўлашдан қочиб юрган ота чойхонадан топилганди

Мавзуга оид