Ўзбекистон | 18:02 / 21.12.2024
3664
22 дақиқада ўқилади

Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?

Тошкентда бир нечта филиалларга эга “Newton Academy” ўқув марказига фарзандини бериб, бир йиллик тўлов қилган бир гуруҳ ота-оналар ундаги таълим сифатидан норози. Компания раҳбарига кўра, улар билан “тушунмовчилик” юзага келган. Ўқув маркази президент мактаблари ходимлари билан ишлашини иддао қилади, аслида эса бундай бўлиши мумкин эмас. Давлат идоралари марказ лицензиясиз фаолият юритгани ва ўқитувчиларнинг сертификати йўқлигини аниқлади.

Kun.uz бундан бир ой аввал болаларни президент мактаблари ва бошқа ихтисослаштирилган мактабларга тайёрловчи ўқув марказидаги таълим сифатидан кўплаб ота-оналар норози экани ҳақида материал эълон қилганди. Шундан кейин сайтга бу масалада қатор мурожаатлар келиб тушди.

Мақолада ўқув марказининг номи тилга олинмаганига қарамай, фуқаролар “Newton Academy” ҳақида гап кетаётганини илғади. Муаммонинг кўлами кенглигини инобатга олиб, сайт ўз ўрганишларини давом эттирди.

Менежерлари сўзамол экан, гапларига ишониб қолибмиз”

“Newton Academy”нинг Тошкентда бир нечта филиаллари бор. Асосий офиси Яккасарой туманидаги Ракат маҳалласида жойлашган. Kun.uz'га мурожаат қилган ота-оналарнинг сўзларига кўра, улар ижтимоий тармоқлар орқали ўқув марказининг рекламасини кўргач, дарслар ҳақида батафсил маълумот олиш учун Ракат маҳалласига борган.

Ота-оналарнинг айтишича, ўқув марказининг гапга чечан менежерлари келган мижозни шартнома имзолатмасдан қўймайди: дарслар сифатини обдон мақтаб, тўловга келганда “бугун чегирманинг охирги куни” дейишади.

Ҳозирги кунда акция кетаётганини, aгар акцияда қатнашмасдан шунчаки ўқитсам, 12 млн бўлиб, ойига 1 млндан тушишини, агар Uzum Nasiyaʼдан олиб, пулини дарров тўласам, 9,9 млн бўлишини, арзонга тушиб, биз [пулдан] ютишимизни айтишди. “Акция доирасида нечта болани қабул қилсак, йил охиригача уларга бошқа болалар қўшилмайди, махсус дастур асосида ўқитилади, устозлари жуда зўр, Британия технологияси асосида ўқитилади” деб, хуллас, бир ажойиб-ажойиб ваъдаларни беришди.

Шартномани тузди, телефонда картангиз уланганми, деди, кўрсатишимни сўради, кўрсатдим. “Битта шу картангиздан кириб кўрай, сизда қанча лимит бор экан?” деди. Uzum Nasiyaʼни ўзи юклаб олиб, кираман деди. Киришига рози бўлиб, пул олишга шошилмаслигини айтдим. 17 млн сўмгача лимитим бор экан... Шу билан шартнома расмийлаштирилди”, – дейди Робия Алиева.

Буларнинг рекламаси ижтимоий тармоқлар орқали келиб қолди. Асосан математика, инглиз тилидан президент мактабига тайёрлашар экан. Шуниси қизиқ бўлиб туриб, Ракат маҳалладаги филиалига олиб бордим. Бахтиёр деган бола кутиб олди, “президент мактабида ундай бўлади, бундай бўлади”, деб роса мақтади. Нима бўлса ҳам болаларнинг ўқишига деб розилик бердик.

Булар бошида рекламада 4 та фандан жуда арзон нарх кўрсатган, кейин ичида нималар бўлишини тушунтиришди, тарифлари бошқачароқ эди. “Бир йилга тўласангиз, ҳеч қандай бошқа қўшимча тўловлари йўқ, Uzum Bankʼдан расмийлаштириб юборамиз” деди. Кейин мен фарзандим аввал 1-2 дарсга бориб кўришини, боланинг қобилиятига қараб ҳал қилишимизни айтдим. “Йўқ, ака, ҳозир шу ернинг ўзида ҳаммасини ҳал қилиб юборишимиз керак” деди. Рози бўлиб, шартномани имзоладим. Кейин шу билан [фарзандим] битта дарсга борди, шароитларини кўрсак, умуман қониқтирмади”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган фуқаро.

Бошида, тўғриси, эътибор бермай қолибмиз, чунки ўзини менежер деб таништирган йигит сўзамол экан, ҳар битта саволимизга ҳозиржавоблик билан жавоб бериб, бизни шошириб қўйди. Ўша куни ўзи мен ҳам шартнома тузмоқчи эмасдим, лекин улар Uzum Nasiya орқали қилсангиз, шунча чегирма бўлади дейишгани учун биз ҳам шартнома қилган эдик”, – дейди Мансуржон Тошматов.

Тўлов қилиш тизими ҳам ажойиб, ҳақиқий махинация: 3 ойлик тўлови жуда қиммат, 6–6,5 млн сўм эди, 6 ойига яна қанчадир, 1 йилга нақд олиб борсам, чегирма билан 10,3 млн сўм қилиб беришларини айтишди. Ёнимда нақд пул йўқлиги, шунчаки суриштиргани келганимни айтдим. Бугун чегирмадан фойдалансам, фойдаландим, бўлмаса бошқа бу имкониятдан фойдалана олмаслигими айтишди. У йигитлар ҳам жа уддабурон экан, қайси туманда яшашимни сўраб, пулни олиб келиш учун курер юборишларини айтишди”, – деди Олимхўжа Сиддиқов.

Ота-оналарнинг тўланган пулларни қайтариб олиш ҳаракатлари

Kun.uz суҳбатлашган ота-оналар шоша-пиша шартнома тузиб қўйганидан кейин дарсларга қатнаган фарзандида натижа кўрмагани, дарс сифатидан қониқмагани учун тўлаган пулларини қайтариб олишга қарор қилган.

Борсам, улар айтган шароитлар йўқ. Билим даражаси, ёши ҳар хил болалар ўтирибди. Болалар ҳали карра жадвалини ишлаб ўтиришибди. Оқтепа соҳилбўйидаги филиали эди. Ишхонамга яқин бўлгани учун ўша филиалини танлагандим. Кейин ўғлим бориб, биринчи дарсига кирди, 1,5 соат дарси ўтгач, дарслар ёқмаганини айтди. Эртасига дарсга олиб бораман десам, бормайман деб йиғлаб юборди.

Улар таърифлаб берганида, ўқув хоналари жуда ҳам зўр деб тасаввур қилгандим. Британия технологиялари асосида таълимни олиб борамиз дейишганди, қандайдир янги технологияларни фараз қилгандим. Лекин борсам, оддий “почемучка”лардан фарқи йўқ.

Шартномани бекор қиламан деб филиалга яна қайтиб бордим, борсам на директорининг, на ходимларининг тайини бор. Хуллас, 2 ой овора бўлдим, шартномани бекор қилолмай. 2 ой давомида вақтим, асабим кетди. Бир амаллаб шартномани бекор қилдирдим. 7,4 млн сўм пулимни қайтариб беришди, қайтариб бергунича ҳар ой 1,7 млн сўм “Uzum Nasiya”дан пулимни ечиб туришди. Қолган 2,5 млн сўмни ёнимдан тўладим. Instagram'даги ҳамма рекламаларга ҳам ишонавериш керак эмас экан. Рекламада ҳамма нарсани, йўқ нарсаларни ҳам бор деб гапираверишар экан”, – дейди Робия Алиева.

Устозларидан сўрасак ҳам на бир қўлида китоби бор, на ўқув қўлланмаси, дастури бор. “Нимадан ўтяпсан?” деб талаба йигитдан сўрасам, телефондан мисоллар тўпламининг pdf вариантини кўрсатяпти. “Менга бошқача нарсаларни ваъда қилишганди, бунақаси кетмайди. Мен ҳам интернетдан юклаб туриб, қўлига бериб қўявераман” деб, ходимларига чиқиб, дастурини беришини сўрасам, “бу махфий нарса, агар [дастурни] берсак, бошқа рақобатдошлар фойдаланади”, дейди.

Гангадаги филиалига ёздиргандик. Яна нима дейди: “биз атайлаб ёши катта устозларни эмас, ёш устозларни олганмиз” дейди. “Ҳа, буларнинг инглиз тилидан қандайдир даражаси борми, IELTS'дан нечадир балли борми, таништир”, деса, на сертификатини, на ўқув қўлланмасини тақдим эта олди. Ҳеч нарса тақдим қилолмади. Реклама орқали кўплаб одамлар борган, интернетдан мисоллар тўпламини юклаб туриб, болаларга шуни ишланглар дейиши олаётган нархига тўғри келмайди.

Хуллас, у деди, бу деди, бир телефонни кўтаради, бир кўтармайди, охири бу шартномани бекор қилиб беришини сўраса, бунга ҳам айтарли жавоб бермайди”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган фуқаро.

Фарзандим 2 ойча қатнади. Дарслар улар олдиндан айтганидек сифатли бўлмади, қўпол қилиб айтганда қоп-қоп ваъдаларни беришди. Ҳар дарсга борганда, болаларга балл қўйиб бориларди. Telegram орқали “фарзандингиз шунча баллдан шунча олди” деб келиб турарди, лекин дарсга бормаган кунлари ҳам шундай SMS келиб турди. Кейин мен бу номига қўйилган экан, автоматик юбориларкан, деб ўйладим.

Сифатдан қониқмаганимни бориб айтдим, “ариза ёзиб кетсангиз, тез кунда алоқага чиқиб, пулингизни қайтариб берамиз” дейишди. Айнан ўша куни борганимда бошқа ота-она ҳам менга ўхшаб, 1 йиллик шартнома тузиб, Uzum Nasiya орқали пул тўлаб қўйган экан. У аёлнинг айтишича, ариза ёзганига 1 ойдан ошган, лекин ҳалиям пулини қайтариб бермаётган бўлган. Uzum Nasiyaʼдан эса ҳар куни пулини тўланг деб қўнғироқлар қилиб турган”, – дейди Мансуржон Тошматов.

Фарзандим Сергели филиалига боради. “Қабул 1 сентябргача, кейингиси мартдан очилади, бу орада ўқувчи қабул қилмаймиз, нечта ўқувчи қабул қилсак, шунчасини ўқитамиз” деган эди. Лекин улар ҳалигача ҳар куни реклама қилиб, ўқувчи қабул қилиб ётибди.

Кейин ростдан президент мактабидан малакали ўқитувчилар келиб, тренинглар, дарслар ўтиб кетади дейишганди. 2 ой бўлди, лекин ҳалигача келиб ундай ўтгани йўқ, бу бўладими ёки йўқ билмайман. Бундан ташқари, 1 кунда 1,5 соатдан 2 та фан ўтилишини айтишганди. Лекин дарсини дарров тугатяпти”, – деди яна бир шахсини очиқлашни истамаган аёл.

“Newton Academy”нинг эски мижозларидан бири 3 йил олдин ҳам шундай муаммолар бўлганини билдирди.

Ўшанда янги очилган вақти эди. Ота-оналар ўқув марказига бердим, энди яхши бўлиб кетади дейди, ҳеч ким [ўқув марказига] бормайди-ку. Мен энди ўзим борганим учун 2 ҳафтанинг ичида [фарзандим] 5 мартами дарсга борган, шундан кейин чиқариб олганман. Лекин бизнинг ҳам пулимизни қайтариб бермаган. У вақтда 3 ой ёки 6 ойга 3 млн сўм қанчадир ҳам олганди, 2 млн қанчадирини қайтариб берганди. Энди ҳеч қандай асос ҳам йўқ-да, шартномага имзо чекиб қўйгансиз, шартномада эса шу жойини киритиб кетишган. “Агар мабодо пулини қайтариб оладиган бўлса, 1 ойлик пул чегирмасиз олиб қолинади, қолгани чегирмадан ташқарида қайтариб берилади” деб ёзиб қўйишган. Бундай олиб қараганда қонунга хилоф жойи йўқ-да, шу сабаб охиригача бориб юрмагандик. Лекин бекордан бекорга одамларнинг вақтини, умрини олиб юрибди-да”, – дейди ўқув марказининг эски мижозларидан бири.

Президент мактаблари билан шубҳали “ҳамкорлик”

Kun.uz мухбири суриштирув мақсадида ўқув марказининг бош офисига борди ва фарзандини ўқишга бермоқчи эканини айтиб, ўзини бош менежер сифатида таништирган Сардор исмли йигит билан суҳбатлашди. У кейинги учрашувга фарзанди билан келишини айтиб кетган мухбирга Telegram орқали боғланиб, “йилда бир марта бўладиган” қабул тугашига оз қолгани важидан болани тезроқ олиб боришни маслаҳат берди.

Суҳбат давомида менежер ўқув маркази натижа кўрсатишда “1-ўринда” экани, президент мактаблари сайтида ота-оналарга “Newton Academy” тавсия қилинганини айтди. Лекин исбот тариқасида ҳеч қандай ҳужжат ёки ҳавола тақдим қилгани йўқ. Қолаверса, марказ расмий сайтида ҳам президент мактаби ходимлари билан ҳамкорликда ишлаши ҳақида ёзилган.

Ваҳоланки, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги аввалроқ Kun.uz'га бу каби алдов ва сохта маълумотларга асосланган рекламалар мутлақо ҳақиқатга зид эканини, улар фақатгина президент мактаблари мақомидан ноқонуний фойдаланиб, ўқув марказлари номларини оммалаштиришга мўлжалланганини маълум қилган.

Компания раҳбари: “Ўқитувчиларимиз президент мактабларини тамомлаган”

Kun.uz мухбири айни масалада изоҳ олиш учун “Newton Academy”директори Бауржан Туюкбаев билан гаплашди. Унинг айтишича, сўнгги 3 йил давомида ўқув марказида 5 мингдан зиёд ўқувчи таҳсил олган бўлса, шунинг тахминан 410 нафари ихтисослаштирилган таълим муассасаларига тайёрланган ва салкам 100 нафари шу мактабларга кира олган.

Ўқув марказини ташкил этиш давомида биз барча таълим ташкилотларининг методларини фаол равишда ўрганиб чиқдик. Шу жумладан, президент мактабларининг ҳам. Биз ўзимизнинг методикамизни ишлаб чиқиш учун очиқ манбалар, таълим соҳасидаги экспертларга таяндик. Биздаги ўқитувчиларнинг ўзи президент мактабларини тамомлаган. Масалан, бизнинг ўқитувчимиз Каримов Суҳроб. Унинг 10 нафардан зиёд ўқувчиси президент мактабига кирди.

Биз ҳар куни ўқитиш тизимимизни такомиллаштириб борамиз. Буларнинг ҳаммаси ўқитувчиларимизнинг, қайта алоқага чиқаётган ота-оналаримизнинг шарофати билан. Ҳар куни ўз маҳсулотимиз устида ишлашга ҳаракат қиляпмиз.

Биз доим шикоятларга қайта алоқага чиқишга эътибор билан ёндошамиз, оператив муносабат билдирамиз. Чунки биз учун ўқув марказимизнинг ва [ундаги] ўқитиш сифати муҳим. Шунинг учун тезкорлик билан муносабат билдирамиз ва мижозларимизга ечимлар таклифини беришга ҳаракат қиламиз.

Тушунмовчилик қаердан пайдо бўлади? Одатда банк билан ишлашда юзага келади. Масалан, Uzum Bank исталган насия учун 20 фоиз миқдорда комиссия ушлаб қолади. Одамлар насия қандай ишлашини билмайди, Uzum Bank биздан 20 фоиз комиссия олиб қолади. Шу сабабли пулни қайтаришда биз 20 фоизли комиссияни қайтариб беролмаймиз.

Ҳатто шунда ҳам биз одамларга мана шу 20 фоизни қайтариб берамиз, зарарга ишласак ҳам. Uzum Bank 20 фоизни олиб қолади, биз мижозларга ўз ҳисобимиздан қоплаб берамиз. Шу сабаб биринчи тушунмовчилик юзага келмоқда.

Иккинчиси, одамлар доим ҳам шартномани ўқимайди ва тўлов тизими қандай ишлашини билмайди. Шу сабаб кейинчалик бундай тушунмовчилик юзага келмаслиги учун ҳозирда биз фаол равишда одамларга тўлов тизимимиз қандай ишлашини тушунтиряпмиз”, – деди Туюкбаев.

Марказ директорига кўра, ҳозирга келиб “шикоятларнинг барчаси ижобий ҳал қилинган”. Жумладан, Kun.uz тақдим қилган рўйхат асосида мурожаат қилган шахсларнинг ҳам пуллари қайтарилган.

Ўқув маркази фаолиятида қонун бузилиши

Ушбу кўрсатувни тайёрлаш чоғида Рақобат қўмитаси бир нечта нодавлат таълим муассасалари қаторида “Newton Academy”га ҳам чора кўрилганини маълум қилди. Қайд этилишича, “Newton Academy KZ” ўқув маркази фаолияти текширилганда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган, шунга мувофиқ молиявий жарима қўлланган.

Яъни марказ фаолиятини ташкил этишда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бу ҳақда хабар бермаган. Ваҳоланки, қонунчиликка кўра, нодавлат мактабгача, умумий ўрта ҳамда мактабдан ташқари таълим хизмадарини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектлари вазирликни хабардор қилиши лозим.

Kun.uz қўмитадан айни ҳолат бўйича қўшимча маълумотларни олди. Қайд этилишича, шу йил январ ойида 5 нафар фуқаронинг ўқув марказидаги таълим сифати ва олдиндан тўланган тўловни қайтариб олишолмаётгани юзасидан мурожаат келиб тушган ва қўмитанинг пойтахт бошқармаси томонидан иш қўзғатилиб, пуллар қайтарилиши бўйича марказга кўрсатма берилган. Аммо бу кўрсатма бажарилмаган.

Қўмита фуқаролар манфаатида судга даъво аризаси киритган. 2024 йил сентябрдаги суд қарори билан даъво қаноатлантирилиб, беш нафар фуқарога “Newton Academy KZ” МЧЖдан жами 55 млн 300 минг сўм ундириш белгиланган.

Рақобат қўмитасидан олинган маълумотга кўра, ўқув маркази Фарғона вилоятида ҳам филиал очиб, кейинчалик унинг фаолиятини тўхтатган. Аммо ушбу филиалга фарзандини берган ота-оналар тўлаган пулларини ололмаган.

ИИБ терговга қадар текширув ўтказиб, жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Ўқув марказини қандай танлаш керак?

Таълим соҳасида эксперт, педагог Шокир Турсуннинг айтишича, қайси бир ўқув маркази президент мактаби ходимлари билан ҳамкорликда иш кўриши ҳақида маълумот берса, бу – ёлғон. Мутахассис нима учун бу ёлғон бўлиши, агар рост бўлган тақдирда ҳам нима учун самарасиз эканини тушунтириб берди.

Кўпчилик ўқув марказлари рекламаларида президент мактаблари билан ҳамкорлик қилиши ҳақида гап кетади. Президент мактабларини бошқарадиган агентлик ҳам жуда кўп такрорлайди: “Биз ҳеч қайси ўқув маркази билан ҳамкорлик қилмаймиз” деб. Бу – ҳақиқат. Айтайлик, президент мактабининг бирорта ўқитувчиси яширин ҳолда ҳамкорлик қилиши мумкин-ку, деган фикр ота-оналарда бўлса, бу ўқув марказини ҳеч қачон сифатли қилиб қўймайди.

Чунки президент мактабларига ўқишга қабул қилиш учун ўтказиладиган имтиҳонни Cambridge Assessment тузади, яратади. У Кембриждан келади, у ерда президент мактабида ишлайдиган бирор бир ходим тест тузиб ўтирмайди, улар жуда ҳам узоқ муддат давомида тузилган, апробациядан ўтказилган, баҳолаш ва тестология талаблари, педагогик ўлчов бўйича талабларга жавоб берадиган тестлар олиб келишади. Бу жараёнда президент мактаблари ўқитувчилари тест тузиш билан шуғулланмайди. Бу дегани ўз-ўзидан тестлар қандай бўлиши президент мактаби ўқитувчиси кўчадаги ўқув маркази ўқитувчисидан кўп билмайди.

Ва бир нарсани инобатга олиш керак, президент мактабида ишловчи одам имтиҳонга тайёрлай олади деган фикр нотўғри. Ҳозир тушунтирганимиз шу фикр хато эканини исботлайди. Яъни президент мактабида ишловчи математика ўқитувчиси Cambridge'нинг на ўқув дастурлари, на имтиҳон [тестлари] яратилишида қатнашмаганидан кейин, ўқув марказлари минг ҳамкорлик қилган тақдирда ҳам самарани таъминлаб беролмайди. Бирорта ўқув маркази “биз президент мактаби ўқитувчилари билан ҳамкорлик қиламиз” деяптими, бу биринчидан ёлғон, иккинчидан, рост бўлиб, кимнидир топиб яширинча ҳамкорлик қилган тақдирда ҳам самарасиз”, – дейди у.

Педагогга кўра, ҳар қандай ўқув маркази ҳақида гап кетадиган бўлса, унинг 2 хил жиҳатига қараш лозим. Биринчиси – марказнинг жойлашуви ва моддий-техник шароити. Ота-оналар марказнинг қаерда жойлашгани, қулай ҳудуддами ёки йўқ, яқинми ёки узоқ, қолаверса, биносига қанча ўқувчи сиғиши, гигиеник жиҳатдан қанчалик тозалиги, барча керакли шароитлари борлиги ёки акси каби жиҳатларни инобатга олиши зарур.

Нечта ўқувчиси бор, ҳожатхонаси етарлими, мавжудми? Баъзи ўқув марказларига кирсангиз, мана шундай гигиеник томондан қийналасиз, бу қўшимча босим беради. Бундан уялмаслик керак, сўраш керак, чунки ёш бола, уларда кўпроқ эҳтиёж пайдо бўлади.

Шароит яхшими, болаларга мослаштирилганми, баъзиларининг раковиналари баланд бўлиб кетган бўлиб, болаларнинг бўйи етмаслиги мумкин. Ёки унитазлари тоза бўлмаслиги мумкин, кимдир у ерни тозалаб турадими, қанча муддатда тозалайди? Яъни бу жиҳатлари ҳам айниқса ёш болаларни олиб борадиган ота-оналар учун муҳим бўлиши керак. Сиғимидан ташқари, бино ва гигиеник жиҳатдан оладиган бўлсак.

Кейин ўша бинонинг ёнида йўлнинг бошқа ерига ўтиш пиёдалар учун қулай, хавфсизми? Буни ҳам, албатта, ҳисобга олиш керак. Барибир қайси томондан келган тақдирингизда ҳам, бир марта бўлса ҳам йўлни кесиб ўтишга тўғри келиши мумкин. Бунинг учун светофор борми? Биласиз, Тошкентда ЙТҲ қандай даражада кўп. Деярли ҳаммаси ёш болалар билан, белгиланмаган жойни кесиб ўтиш натижасида светофор билан тартибга солинмаган пиёдалар йўлкасида содир бўлади.

Бу ҳам муҳим бўлиши керак деб ҳисоблайман, масалан, шахсан фарзандимни бирор ўқув марказига олиб бормоқчи бўлсам, биринчи навбатда ўқув марказининг шу томонларига қараб чиққан бўлар эдим”, – дейди Шокир Турсун.

Мутахассис ота-оналарга юқоридаги жиҳатлардан кейин ўқув марказининг методик жиҳатларига аҳамият беришни тавсия қилди. Унинг сўзларига кўра, биринчидан, ўқитувчининг кимлиги ва малакаси; иккинчидан, ўқув марказининг дастури қандайлиги; учинчидан, ўқитувчининг дарс ўтиш услуби ҳақида маълумот олишлари муҳим.

Бундан ташқари, эксперт юқоридаги барча нуқталар обдон текширилиб, қониқарли жавоблар олингач, юридик жиҳат, яъни шартнома билан тўлиқ танишиб чиқиш зарурлигини, “Newton Academy” билан боғлиқ кейсда ҳам ота-оналар шунда хатоликка йўл қўйганини билдирди.

Биринчидан ўқув марказларига жуда ҳам узоқ муддатларга олдиндан тўлов қилинишини ёқламайман. Чунки фарзандингизга у жой маъқул келмаслиги, муҳити ёқмаслиги, ўқитувчини жини суймаслиги мумкин. Бу пайтда олдиндан тўлов қилиб қўйганингиздан кейин пулингизни қайтариб олиш учун қандайдир бюрократик муаммоларга дуч келишингиз мумкин, сиздан қандайдир фоизларни олиб қолишади. Бу томонлари ҳам бор. Ва, албатта, тўловни қайтариб олиш керак бўлса, қандай шартларда қайтариб олиш мумкинлиги ҳақидаги шартнома бандларига алоҳида эътибор беришлари керак.

Чунки ҳамма ҳам ҳалол эмас, шунинг учун сизга бу жараёнда ёрдам бера оладиган нарса – шартнома. Шартнома шартларини бажаришга мажбур, бажармайдиган бўлса, тегишли органларга мурожаат қилишга ҳаққингиз бўлади”, – дейди Шокир Турсун.

Мутахассис ота-оналарга шартнома асосида олдиндан тўлов қилган бўлса, судга мурожаат қилишни маслаҳат берди. “Ана ўшанда ўқув марказлари ҳам ўзини сал йиғиштириб олади”, – дейди у.

Kun.uz ўз суриштирувларини давом эттиради. Мурожаатларни @kunuzmurojaat Telegram манзилига юборишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид