17:05 / 25.10.2016
10034

Қирғизистон мамлакат Конституциясининг асл нусхаси йўқолганини тан олди

Фото: kabar.kg

Қирғиз Республикаси Конституциясининг раҳбар шахслар имзоси қўйилган асл нусхаси мавжуд эмаслиги тасдиқланди. Бу ҳақда, РИА «Новости» агентлиги республика президенти аппаратига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Аввалроқ, мамлакат парламенти депутатлари конституциянинг асл нусхасини тақдим этишни талаб қилишган эди. Кейинчалик, адлия вазирлиги ва президент аппаратидаги асосий қонунлар тўплами ҳужжатнинг нусхалари экани аниқланган. 

Таъкидланишича, иккита ҳужжат: 2010 йил 19 майда муваққат ҳукумат декрети билан референдумга овозга қўйилган конституция лойиҳаси ва 2010 йил 26 майда муваққат ҳукумат декрети билан тасдиқланган конституция лойиҳасига киритилган тузатишлар Конституциянинг асл нусхаси ҳисобланади. 

Шу билан бирга, Қирғизистон президенти аппарати конституциянинг қонунийлиги, 2010 йил 6 июлда «Эркин Тоо» газетасида чоп этилган Асосий қонун билан белгиланишини таъкидламоқда. 

Аммо, бу ерда яна бир масала кун тартибига чиқади, дея изоҳ беради Zanoza.kg сайти. Унга кўра, конституция президентнинг тантанали қасамёдидан 3 кун ўтгач ОАВда нашр қилинган. Шунга биноан, Асосий қонун матни кечроқ чоп этилган бўлса, мамлакат президенти қайси конституция асосида қасамёд қилган? 

Шундай қилиб, конституциянинг асл нусхасини ҳам аслида расмий шахслардан ҳеч бири референдумдан аввал ҳам, кейин ҳам тасдиқламаган, имзо чекмагани ойдинлашади. 

Маъмуриятда қўшимча қилишларича, мавжуд камчиликни 2016 йил 11 декабрида ўтказилиши режалаштирилаётган «Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисида» референдум билан тузатиш мумкин.                                                                                                                                                                          

Эслатиб ўтамиз, референдум ўтказиш қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида "Ата-Мекен" социалистик партиясининг парламент фракцияси давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиб, мамлакат Асосий қонунининг илк нусхасини кўрсатишни талаб қилган эди. "Ўзгартиш киритишдан аввал, унинг аслини топишимиз керак, акс ҳолда биз нимага ўзгартиш киритаётганимиз ноаниқ бўлиб қолади", — деган эди республика собиқ прокурори, депутат Аида Салянова. Социалистлар, шунингдек, Конституциянинг аслини топиш учун махсус комиссия тузишни ҳам таклиф қилишганди.

Top