Жамият | 14:04 / 15.06.2017
63410
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда газ тизими «ўлган» — «Ўзбекнефтгаз» раҳбари

Фото: "Кун"

Халқаро Пресс-клубда "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда истиқболдаги режалар ва янги лойиҳалар билан бир қаторда соҳада йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. 

"Сўнгги йилларда газ соҳасини лойиҳалаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳеч ким унга эгалик қилмаган. Дейлик, қувурлар бор, лекин лойиҳалар тизими бўйича ҳеч ким ҳисоб-китоб қилмаган. Ҳамма ўз билганича уланиб олган. Умумий бир қувур йўқ, эътибор берган бўлсангиз. Шу тариқа Ўзбекистонда газ тизими "ўлган". Натижада чекка ҳудудларнинг газ билан таъминланиши издан чиққан", - дейди "Ўзбекнефтгаз" МХК бошқарув раиси Алишер Султонов. 

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги кунда газ бормайдиган ҳудудлар ўрганилиб, уларга газ баллонлари, суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Алишер Султонов аввал газ билан таъминланган, сўнгги йилларда эса таъминот даражаси паст бўлган ҳудудларга газни қайтариш масаласига ҳам тўхталиб, бундай ҳудудларга давлат дастури асосида кўмир ва суюлтирилган газ етказиб бериш чоралари кўрилаётганини таъкидлади. 

"Ўзбекнефтгаз" раҳбари камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани, янги лойиҳалар йўлга қўйилаётгани ва 2020 йилнинг тўртинчи чорагига қадар бу борада аниқ, катта натижаларга эришилишини қайд этди.

 

Мавзуга оид