10:59 / 06.09.2017
38053

Мирзиёев Қирғизистонда - икки халқ учун тарихий воқеага айланган ташриф

Фото: K-news

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев таклифига биноан 5 сентябрь куни давлат ташрифи билан Бишкек шаҳрига келди.

Фото: K-news

«Манас» халқаро аэропортида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлат раҳбарини Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев кутиб олди. Икки давлат байроқлари билан безатилган аэропортда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Ўзбекистон делегацияси

Ўзбекистон делегациясидан президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, бош вазир ўринбосари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси Очилбой Раматов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, президент Девони ишлар бошқарувчиси Зелимхон Ҳайдаров, президент Хавфсизлик хизмат бошлиғи в.б. Абдураҳим Мўминов, президент ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори Владимир Норов, Тошкент шаҳри, Андижон вилояти, Наманган вилояти, Фарғона вилоятлари ҳокимлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК бош директори Улуғбек Рўзуқулов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев, Миллий хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари қўмондони биринчи ўринбосари Носирбек Усмонбеков кабилар ўрин олган.

Бундан ташқари, делегацияга давлат идоралари, хавфсизлик хизмати ходимлари, шифокор ва ошпаз кирган.

Товар айланмаси – ярим йилда 170 млн доллар

Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи доирасида Бишкекда қирғиз-ўзбек бизнес-форуми бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Марат Шаршекеевнинг ўз чиқишида таъкидлашича, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси тахминан 170 млн долларни ташкил этди, бу 2016 йилнинг 1-ярим йиллиги билан таққослаганда икки баробарга кўп.

Фото: 24.kg

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромовнинг умид қилишича, 2017 йил якуни бўйича икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 500 млн долларга етади.

Президентлар учрашуви

Икки давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш, шунингдек, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Фото: K-news

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари учрашувларининг расмий делегациялар иштирокидаги давомида Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти ва қирғиз халқини яқинда нишонланган миллий байрам – Мустақиллик куни билан муборакбод этди. Халқларимиз ўртасида тарихан шаклланган қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатларини юксак қадрлаймиз. Айнан мана шу муносабатлар давлатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда, деди Шавкат Мирзиёев. Алмазбек Атамбоев Шавкат Мирзиёевни Қирғизистонга давлат ташрифи билан қутлаб, бу давлатларимиз ўртасида олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми, томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини таъкидлади. 

«Бир йил ичида Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги барча давлатлар билан муносабатларини яхшилади», — деган Қирғизистон президенти. Атамбоев Ўзбекистон раҳбарининг бу ташрифи икки давлат муносабатларида янги даврни бошлаб беришини қайд этган. «Ишончим комилки, сохта камтарликларсиз эътироф этишни истардимки, бу ташриф — халқларимиз учун тарихий воқеа. Ўйлайманки, бугунги ташриф кўплаб муаммоларга барҳам беради ва икки қардош халқ муносабатларида янги даврни очиб беради», — деган Атамбоев. «Ўзбекистон — Марказий Осиёда барча давлатлар билан чегараларга эга ягона давлат. Биз кўриб турибмизки, Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида Ўзбекистон минтақадаги барча қўшни республикалар билан муносабатларни сезиларли даражада яхшилади. Бу сиёсий вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Сизнинг иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларингиз туфайли мен Ўзбекистон Марказий Осиёнинг савдо ва сиёсий марказига айланишига ишонч билдирмоқдаман. Мен Шавкат Миромоновичга мустаҳкам соғлиқ ва осон бўлмаган ишда муваффақиятлар, биродар ўзбек халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман», — дея чиқишини якунлаган Алмазбек Атамбоев.

Фото: АКИpress

Учрашувда Президентлар сув ресурсларидан давлатларимиз умумий манфаатларига мос равишда оқилона фойдаланиш борасида ҳам келишиб олди. Ўзбекистон Президенти шартномавий мажбуриятларни амалиётга изчил татбиқ этиш мақсадида чегараолди ҳудудларда Ҳокимлар кенгаши тузишни таклиф қилди. 

Чегара тўғрисидаги битим

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўз ичига 85 фоиз масофани қамраб олган чегара тўғрисидаги битимни имзолашди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистон вакиллари билан қатор ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг айтишича, масофанинг атиги 15 фоизи қолган. «Асосийси шунга ишонч ҳосил қилдикки, хоҳиш, сиёсий ирода бўлса келишиб олиш мумкин», - дея қўшимча қилган у. А.Атамбоевнинг таъкидлашича, бу тарихий кун рўй берганига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳиссаси катта. «Худди у менга гапиргандек, мен ҳам уни биродар, деб атайман. Бизнинг давлатлар орасида биродарлик муносабатлари бўлиши керак», - деган Қирғизистон раҳбари.

Фото: K-news

Битимлар

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараси тўғрисида шартномани имзоладилар. Андижон ва Ўш, Тошкент ва Бишкек шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида, икки давлат Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида, Солиқ қонунчилигига риоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида, Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, илмий-техникавий ҳамкорлик, Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битимлар, Чегарадош минтақалар ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлар режаси, Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва бошқа муҳим ҳужжатлар имзоланди. 

Top