21:00 / 14.09.2017
75809

«Босди-босди» бўлишига йўл қўймаслик керак». Директорларни калтаклаган ҳокимга қандай чоралар бор?

12 сентябрь куни Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиев маҳаллий мактаблар директорларини калтаклагани тасвирланган видео «Kun.uz» сайтида эълон қилинди. Видеотасвирда ҳоким Эгамбердиев 8 ўқитувчини уриб, ҳақорат қилаётганини кўриш мумкин. Жумладан, ўқитувчиларга бақириб, «ифлос», «падари лаънат» каби ҳақоратлар билан бирга, директорларнинг елка ва юзига зарба бераётганини кўриш мумкин.

Видео: Ҳоким мактаб директорларини урди

Прокуратура туман ҳокими мактаб директорларини калтаклагани билан боғлиқ вазиятни текширишни бошлади. Мазкур текширув натижасида Эгамбердиев ишдан четлатилиши билан бирга, унга қарши қонунда белгиланган барча чоралар кўрилишини кутиб қоламиз. Шу билан бирга, ҳодиса билан боғлиқ бўлган баъзи мулоҳазалар билан бўлишамиз. 

Инсон шаъни олий қадрият
Видеотасвирда Эгамбердиев ўз ҳаракатларини «Мустақиллик, ватан байрами» каби сабаблар билан оқлаётганини кўриш мумкин. Мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун дўппосланган. Тасвирда мактаб директорлари «Ватан мустақиллиги сенинг мустақиллигинг эмасми? Байраммасми?» дея сўроққа тутилган. 

Бундай ҳодиса биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Аввал ҳам «Пахта давлат сиёсати» каби асоссиз сабаб ва оқлашлар билан юзлаб ўқитувчилар, ҳамширалар, ўқувчилар пахта далаларига мажбурий юборилгани, бундай сафарбарликни ташкиллаштиришда «камчиликларга» йўл қўйган кишилар калтаклангани кузатилган. 

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасини эслашимиз лозим. Мазкур моддага биноан, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади. Мазкур принципга кўра, инсон, унинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади. Демак, инсон шаъни ва қадр-қиммати умуминсоний қадрият бўлиб, ҳеч қандай мансабдор шахс, давлат байрами ёки давлат сиёсати инсон шаъни ва қадр-қимматини топташга асос бўла олмайди.

Давлат бошқарувида ислоҳотлар қилиш пайти келди
Эгамбердиевнинг хатти-ҳаракатлари кундалик ҳаётимизда давлат бошқаруви қандай амалга оширилаётганидан ҳам далолат беради. Самара ҳали ҳам бақир-чақир, ҳақоратлар ва дўппослашлар билан амалга оширилишига ишонадиган мутасадди шахслар борлигини кўрсатади. Давлат бошқарувида раҳбар ва ишчи ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон ҳақорат ва калтаклашларга йўл очиб бермаслиги керак. Раҳбар вазифаларини бажармаган ишчини вазифасидан четлатади ва ўрнига ишни биладиган, вазифаларни бажара оладиган кишини тайинлайди. Нега бизда шундай қилинмаяпти?

Таҳлил қилинаётган ҳодиса давлат бошқарувидаги яна бир муаммодан далолат беради — давлат бошқарувининг барча поғоналарида ҳақорат қилиш ва калтаклаш кенг қўлланилади. Эгамбердиев ўзидан катта ва кичик бўлган 8 кишини йиғин қатнашчилари олдида бемалол калтаклаб, ҳақорат қиляпти. Демак, бундай вазият оддий кундалик ҳолатга айланиб улгурган. 

Қолаверса, ҳақорат қилиш ва калтаклаш қайси поғонада ниҳоясига етади? Балки Эгамбердиев ҳам вилоят ҳокими томонидан калтаклангандир? Ҳокимдан бундай муомала кўрган мактаб директорлари энди мактаб ўқитувчиларини бориб калтаклайдими? Ўқитувчилар эса ўқувчиларни ёки оила аъзоларини?

«Босди-босди»га йўл қўйилмаслик керак
Эгамбердиев ҳаракатлари тасвирга туширилган видео тарқаб кетганидан жиддий ташвишга тушганини тасаввур қилиш қийин эмас. Шу сабабли ўқитувчилардан узр сўраб, ҳокимга қарши шикоятлари йўқ эканлиги ҳақида тилхат ёздириб олиши ва бошқа ҳаракатлар орқали ишни «босди-босди» қилишга уриниши табиий ҳол. Шундай бўлган тақдирда ҳам, прокуратура ҳокимга қарши қонунда белгиланган чораларни кўриши шарт. Зеро, Ўзбекистон Республикаси «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунининг 2 ва 4-моддаларига биноан, прокуратура органларининг асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишдан иборат.

Жамоатчилик назорати
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш, жумладан, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш йўли билан амалга оширилади.

Мазкур ҳодиса видеотасвирга ёзиб олинмаганида, Эгамбердиевга қарши ҳеч қандай чора кўрилмас эди ва давлат бошқарувидаги бундай жирканч амалиёт ҳақида кенг омма эътиборига чиқмас эди. Замонавий технология фуқароларга ўз ваколатларини суиистемол қилаётган мансабдор шахс ҳаракатларини зудлик билан ёзиб олиш ва ижтимоий тармоқлар орқали улашиш имконини беради. Бундай ҳаракат тутиш Конституцияда белгиланган жамоатчилик назоратининг энг самарали кўринишларидан бири. Шу ўринда тасвирни ёзиб олган ва ОАВ билан улашган шахсга алоҳида миннатдорчилик билдирилиши керак. Чунки ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар заминида бефарқлик, «менга нимачилик» ётади. Мансабдор шахслар томонидан ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини аниқлаш ва жазолаш шундай чоралар орқалигина олди олинади. 

Маъмурий ва жиноий жавобгарлик
Эгамбердиев ҳаракатларига қарши ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддасига биноан, ҳақорат қилгани, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситгани учун киши энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Эгамбердиев зарбалари енгил тан жароҳати етказганини тахмин қилиш ўринли, зеро видеотасвирдаги олтинчи киши юзига қайта-қайта 3 марта зарба берилган. Мазкур зарбалар қасддан амалга оширилгани учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 52-моддасига кўра, агар зарбалар соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотилишига олиб келмаган бўлса, энг кам иш ҳақининг икки бараваридан тўрт бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Эгамбердиев ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарликдан кўра жиноят аломатларини кўриш мумкин. Жумладан, Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ёки 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳокимга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолари тайинланиши мумкин.

Моддий ва маънавий зарарни ундириш
Жиноят Процессуал Кодексининг 275-моддасига кўра, бевосита жиноят туфайли фуқароларга етказилган зиён қопланиши кафолатланади. Демак, агар Эгамбердиев ҳаракатлари жиноят деб баҳоланса ва бундай ҳаракатлар натижасида биронта мактаб директорига моддий зиён етказилган бўлса, Эгамбердиев зиммасига бундай зиённи қоплаш юкланиши керак. Масалан, зарбалар натижасида мактаб директорлари доктор кўригидан ўтиш учун, сотиб олинган дорилар каби харажатлар Эгамбердиевдан ундирилиши керак. 

Моддий зарар билан бирга Эгамбердиевдан маънавий зарар ҳам ундирилиши мумкин. Маънавий зарарни ундириш ҳуқуқи Фуқаролик Кодексининг 11-моддасида белгиланган. Амалдаги қонунчиликда «маънавий зарар» тушунчасига таъриф берилмаган. Аммо Олий Суд Пленуми қарорига кўра, «маънавий зарар» бу жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган маънавий ва жисмоний азоблардир. 

Фуқаролик Кодексининг 1021-моддасига биноан, маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бўлувчи шартлардан бири зарар етказувчининг айби ҳисобланади. Демак, маънавий зарар қопланишини талаб қилиш учун кишига нисбатан ғайриқонуний ҳаракат содир этилган бўлиши керак. Бундай ғайриқонуний ҳаракат киши қадр-қиммати, шахсий ҳаётининг дахлсизлиги каби манфаатларига қарши қаратилган бўлиши мумкин. Эгамбердиев ҳаракатлари мактаб директорларининг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилгани аниқ, демак маънавий зарар ҳам ундирилиши мумкин. 

Якуний эслатмалар
Афсуски, давлат бошқарувида Эгамбердиев каби мансабдор шахсларнинг муаммоси бир кунда ҳал бўладиган муаммо эмас. Бундай мансабдор шахсларни қайта-қайта, давомий фош этиб, жазоланишини талаб қилиш керак. Шу сабабли, юқорида баён этилган ҳодиса каби ҳолатлар рўй берганда, қуйидагича ҳаракат қилишни эслатиб ўтамиз:
- Мансабдор шахс ҳуқуқларингизни поймол этганда зудлик билан адвокатга боғланинг ва қандай қонуний чора кўриш мумкинлиги ҳақида маслаҳат олинг;
- Мансабдор шахслар устидан шикоят қилишда далилларни йиғиш ва уларни асрашга алоҳида эътибор беришингиз керак. Хусусан, ноқонуний ҳаракатларни видеога ёзиб олишга ҳаракат қилинг. Гувоҳларнинг кўрсатмалари ва улар билан кейинчалик боғланиш учун исм-шариф, телефон рақами ва манзилларини ёзиб олинг;
- Ҳуқуқбузарлик ҳақида ҳам ОАВ, ҳам ижтимоий тармоқлар орқали хабар беринг; 
- Ҳуқуқбузарлик ҳақида керакли маълумотларни йиғиб бўлганингиздан кейин, тегишли давлат идораларига бирма-бир шикоят қилишни бошланг;
- Шикоятни ёзишда ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт, жой, мансабдор шахс исми, мансаби, унвони ва гувоҳлар ҳақида маълумот беринг. Мансабдор шахс хатти-ҳаракатларини аниқ, барча тафсилотлари билан баён этилишига эътибор беринг;
- Шикоятингизни почта орқали буюртма қилиб («заказной») юборинг. Буюртма хати жўнатилганда почта хизматчиси сизга хатни кимга ва қачон юборганингизни тасдиқловчи патта беради. Шикоятларни кўриб чиқиш муддатлари бузилса, шу патта ёрдамида ҳақ-ҳуқуқларингизни талаб қилишингиз мумкин;
- Шикоятингизга давлат органлари ва мансабдор шахслардан келган барча жавобларни йиғиб боришни унутманг. Тобелик тартибида юқори турувчи давлат органига мурожаат қилганингизда, сизнинг ҳуқуқий муаммоингизни ҳал этишда ёрдам бермаган барча давлат органлари ва мансабдор шахсларни санаб ўтиш керак.

Муштумзўр ҳокимга қонунларимиз нима дейди?

Top