Тошкент автобусларида ҳам тўловларни автоматлаштириш бошланди
Илк марта Гулистон шаҳрида синовдан ўтказилган автобусларга тўловларни автоматлаштириш лойиҳаси пойтахт Тошкентда ҳам жорий этилди.
«Сўнгги пайтларда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Дунёнинг йирик шаҳарларида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида бирин-кетин шаҳар транспорт тармоғида замонавий воситалар ва хизматлар жорий этилмоқда. Буларнинг ичида тўловларни автоматлаштириш масаласи ўзининг муҳим ва такрорланмас аҳамиятига эга.
Кўп йиллик синовлар, бир неча маротаба амалга оширилган пилот лойиҳалар, ОАВ ҳамда жамоатчиликнинг такрорий танқидлари натижаси ўлароқ, Тошкент шаҳар йўловчи ташиш автобусларида ҳам қулай тўлов тизими жорий этилиши бошланди», дея «Kun.uz»га маълум қилди лойиҳа муаллифи.
Мазкур ишлар метрога ҳақ тўлаш ва киришнинг автоматлаштирилган комплексини жорий этиш лойиҳасининг мантиқий давоми бўлиб, улардан ягона тўлов карталари ёрдамида фойдаланилади. Тўлов тизими Тошкентнинг Мустақиллик майдони метро бекатида жорий этилиб, 2 ойдан ортиқ муддатда синовдан ўтказилди. Жорий этилган инновацион ечим ва яратилган қулайликлар йўловчилар томонидан илиқ кутиб олинди ва мутахассисларнинг юқори баҳосига сазовор бўлди.
Тўлов карталари учун ҳозирги кунда жаҳонда оммалашиб бораётган NFC технологияси танланган бўлиб, у ўзининг қулайлиги, хавфсизлиги ва тезкорлиги билан тўлов ва объектларга кириш ечимларида кенг қўлланилмоқда.Шунингдек, мазкур тизимда смартфон ёрдамида ҳам тўловларни амалга ошириш имкони яратилган.
Автобусларга тўловларни автоматлаштириш лойиҳаси илк марта Гулистон шаҳрида синовдан ўтказилади
Энг эътиборлиси шундаки, тизим тўлиқлигича маҳаллий ишлаб чиқарувчи «Mikroelektronika Plyus» МЧЖ томонидан яратилди. Тўлов тизимини лойиҳалаштиришда дунёнинг энг ривожланган давлатлари тажрибаси ва технологиянинг сўнгги ютуқлари ва имкониятларидан кенг фойдаланилди.
«Mikroelektronika Plyus» МЧЖ йўловчи транспорт, хусусан темир йўл соҳасида автоматлаштирилган тизимларни лойиҳалаштириш, яратиш ва амалиётга жорий этиш бўйича 8 йилдан ортиқ тажрибага ва ижобий натижаларга эга маҳаллий компания ҳисобланади. Электрон қурилмаларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва модернизация қилиш бўйича ISO 9001:2008 сертификатига эга.