23:55 / 30.12.2020
28533

Coca-Cola Uzbekistan’даги давлат улушини сотиб олиш учун 3та таклиф тушгани маълум қилинди

Компаниядаги давлат улушини сотиб олиш учун 3 та таклиф келиб тушган. Тартиб-қоидага биноан таклиф эгалари номи айтилмаяпти. Ротшильд компанияси келган таклифларни йиғади. У аукционни бир «плошадка»си ҳисобланади, дея таъкидламоқда бош вазир ўринбосари.

Фото: REUTERS/Darren Whiteside/Files

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров Халқаро пресс-клубнинг 30 декабр кунги сессиясида «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd»даги давлат улушини сотиш бўйича олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида гапирди.

«Бугунги кунгача 3 та таклиф келиб тушган. Тартиб-қоидага биноан буни ҳозир айта олмайман. Бу бўйича аукцион бўлади. Ротшильд компанияси келган таклифларни йиғади. У аукционни бир «плошадка»си ҳисобланяпти. Масалан, Ротшильдлар «бу компания 40 миллион (доллар) билдирди, буниси 50 миллион ёки 70 миллион доллар» деб келиб тушган таклифларни бизга тақдим этади. Кимдир 70 миллион бермоқчи бўлса, шу билан Ўзбекистон ҳукумати музокарани бошлайди. Бунинг маъноси шу нархни яна ҳам кўпайтириш бўлади», – дея вазир сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Coca-Cola Bottlers Uzbekistan, Ltd»даги давлат улушини хусусийлаштириш учун сотиш масаласи 2018 йилдан буён янграб келади.  Шу йилнинг ноябрида мазкур компаниядаги давлат улушини сотиш бўйича хорижий компанияларга мурожаат қилинган.

2020 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон президентининг парламентга йўллаган мурожаатида ҳам 2021 йилда 83 та йирик корхонадаги давлат улуши сотувга қўйилиши, хусусан, «Кока-кола ичимлиги» корхонаси тармоғини хусусийлаштириш  ишлари амалга оширилиши айтилганди.

Маълумот учун, Давлат активларини бошқариш агентлиги «Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd» МЧЖ устав капиталидаги 57,118 фоиз улушини давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланган ошкора сотув жараёни орқали сотиш истаги тўғрисида эълон қилган.

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston, Ltd»нинг ишлаб чиқариш қувватлари Тошкент, Наманган ва Урганчдаги учта корхонадан иборат. Шунингдек, жамият замонавий омборхоналар тармоғига эга. Бундан ташқари, Самарқандда янги корхонани қуриш режалаштирилган. 

2019 йил 31 декабрда якунланган ўн икки ойлик даврда жамиятнинг даромади 1,4 трлн сўмни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2018 йил 31 декабр ҳолатига қарийб 46 фоиз ўсишни кўрсатди.

 

Top