11:20 / 10.03.2021
63841

Иш ташлаш ҳуқуқи Ўзбекистон учун тақиқдами?

Жорий йил 6 март куни Асакада UzAuto Motors компаниясининг айрим ходимлари иш ҳақи камлигидан норозиликларини ифодалаш мақсадида жамоавий «иш ташлаш»ди. Ушбу воқеа ортидан қонунчиликдаги бўшлиқлардан бири яна бир бор кўзга ташланиб қолди.

Юқорида иш ташлаш жумласини нега қўштирноқда ёздик? Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси қабул қилинганига 25 йилдан ошган бўлса-да, ривожланган демократик давлатларда ходимларнинг узвий ҳуқуқи ҳисобланадиган иш ташлаш масаласи Ўзбекистон қонунчилигига киритилиши унчалик хушланмайдиган масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Иш ташлаш ўзи нима?

Иш ташлаш – меҳнат низоларини ҳал қилиш усулларидан бири бўлиб, бирор ташкилот ёки корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасида жамоавий меҳнат низоси вужудга келганда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва касбий талабларининг корхона ёки ҳукумат даражасида қондирилишига эришиш мақсадида жамоавий тарзда ишларни тўлиқ ёки қисман тўхтатишни ўзида ифодалайди.

Қуйида мавзуни яхшироқ тушуниб олиш учун айрим мисоллар келтирилади:

Хориж амалиётига назар

Дунё янгиликларида қайсидир давлатда қайсидир соҳа ишчилари иш ташлаш уюштиргани ҳақида тез-тез ўқиб турамиз.

Ғарб давлатларини қўя туриб, қонунчиликда ўзимиз учун эталон сифатида кўриладиган постсовет давлатларида белгиланган қоидалар билан қизиқсак мақсадга яқинлашган бўламиз. Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Молдова, Қирғизистон, Тожикистон ва собиқ СССР ҳудудидаги бошқа давлатларнинг аксариятида (деярли барчасида десак янглишмаган бўламиз) ходимларга ўз меҳнат ҳуқуқларини иш ташлаш орқали таъминлаш имконияти берилган.

Ушбу ҳудуддаги фақат икки давлат – Ўзбекистон ва Туркманистон ўз меҳнат қонунчилигига иш ташлашга оид нормаларни киритишдан эҳтимолки, қўрқиб келади.

Қўрқади дея гумон қилишга асослар бор

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни қабул қилиш устида иш олиб борилмоқда.

Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновнинг маълум қилишича, Меҳнат кодекси янги таҳрири лойиҳасининг 2019 йилда ишлаб чиқилган 636 моддадан иборат вариантида Жамоавий меҳнат низоларини кўриб чиқиш параграфида «иш ташлаш» тушунчасининг таърифи, уни ташкил этиш тартиби батафсил келтирилган бўлган. Бироқ, лойиҳанинг бугунги вариантида иш ташлаш тартибига оид моддалар мавжуд эмас ва шунга яраша Кодекс лойиҳаси ҳам 621 моддадан иборат кўринишга келтирилган.

Маълумот учун, Меҳнат кодекси янги таҳрирининг лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 19 ноябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган. Айни дамда ҳужжат лойиҳаси Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Ғалати парадокс

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддасида тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексида тақиқланган иш ташлаш тушунчаси тилга олинган экан, демак, иш ташлашнинг тақиқланмаган (қонуний) кўриниши ҳам бўлиши керак эмасми?

Жиноят кодекси ва Меҳнат кодексининг қабул қилиниш вақтларига эътибор берсак бу саволга ҳам жавоб топилгандек бўлади: Жиноят кодекси 1994 йил 22 сентябрдаги қонун билан, Меҳнат кодекси эса 1995 йил 21 декабрдаги қонун билан тасдиқланган. Жиноят кодекси қабул қилинган вақтда ҳали Меҳнат кодекси бўлмаган ва катта эҳтимол билан унинг лойиҳасида қонуний иш ташлаш ҳақидаги моддалар ҳам бўлган. Бироқ у ҳам худди ҳозиргидек лойиҳадан чиқариб ташланган. Йўқса, қонуний иш ташлаш тушунчаси бўлмай туриб, ноқонуний иш ташлаш учун жавобгарлик белгиланмас эди.

Дарвоқе, амалдаги Меҳнат кодексининг 281-моддасида жамоаларга доир меҳнат низолари (зиддиятлари) тушунчасига таъриф берилади. Мазкур моддада меҳнатнинг янги шартларини белгилаш ёки мавжуд шартларини ўзгартириш хусусидаги жамоаларга доир меҳнат низоларини ҳал этиш тартиби қонун билан белгилаб қўйилади, дейилган. Аммо ўша қонун йўқ, мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмаган ҳам.

Агарда шу сафар ҳам Меҳнат кодексига иш ташлаш ҳақидаги қоидалар киритилмай қолса, мамлакатимизнинг халқаро ҳужжатлар доирасидаги мажбуриятлари таъминланмасдан қолаверади.

Сабаби, Ўзбекистоннинг расман қўшилганига 25 йил бўлган «Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида»ги Халқаро пактнинг 8-моддаси “d” бандига кўра, Пактда иштирок этувчи давлатлар ўзларининг қонунларига мувофиқ амалга ошириладиган иш ташлаш ҳуқуқини таъминлаш мажбуриятини олади.

Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос

Top