23:27 / 29.04.2021
13907

Бухорода 100 ва 50 минг сўмлик қалбаки пулларни тайёрлаб муомалага киритганлар қўлга олинди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Бухоро вилояти Бухоро туманида 100 ва 50 минг сўмлик қалбаки купюра тайёрлаб муомалага киритиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар бермоқда.

Хабарда келтирилишича, 2021 йил 11 март куни Жондор тумани ИИБга туманнинг Самончуқ маҳалласида яшовчи Л.Р. исмли фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Маълум бўлишича, ўша куни Л.Р.нинг савдо дўконига келган номаълум мижоз 12 дона пластик тоғора харид қилиб, унга 10 дона 100 000 ва 1 дона 50 000 сўмлик купюрадаги, жами 1 050 000 сўм пул бериб кетган. Нотаниш мижоз кетганидан сўнг Л.Р. пулларни кўздан кечириб, уларнинг серия рақамлари бир хил эканини билиб қолган. У пуллар қалбакилигига гумон қилиб, ИИБга мурожаат қилган.

Шундан сўнг Жондор тумани ИИБ томонидан Л.Р. тақдим этган пуллар экспертизадан ўтказилган. Экспертизада улар рангли принтердан чиқарилган оддий қоғоз экани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Ўтказилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро туманида яшовчи Р.А., унинг жиноий шериклари К.У. ҳамда Ромитан туманида яшовчи Д.Н. содир этгани аниқланган.

Тадбир давомида ўтказилган тинтувда жиноят иши бўйича гумон қилинувчи Р.А.нинг яшаш уйидан 25 дона 50 000 сўмлик бир хил серияли, жами 1 250 000 сўм қалбаки купюралар топилган. Шунингдек, яна бир гумонланувчи Д.Н.нинг уйидан компьютер жамланмаси, «EPSON» рангли принтери, қоғоз кесувчи ускуна, ҳар бирига 50 000 сўмлик купюра уч нусхадан чоп этилган, 120 дона қирқилмаган оқ қоғоз ҳамда хотирасида бир нечта давлатлар пул бирликлари электрон суратлари бўлган 16 гигабайтли флеш карта ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Чоп этилган сохта купюралар ҳисоблаб кўрилганда жами 18 600 000 сўм чиққан.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Жондор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу жиноий гуруҳнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top