11:17 / 18.05.2021
83098

Тошкент метроси иш вақти ўзгармоқда

21 майдан Тошкент метрополитенининг Чилонзор ва Ўзбекистон йўлларида ҳаракат соат 23:00да тўхтатилади.

«2021 йил 21 майдан бошлаб метрополитен Чилонзор ва Ўзбекистон йўлларининг иш тартиби вақтинча соат 06:00дан 23:00гача этиб белгиланади», дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» расмий хабарида.

Маълумот учун, шу кунгача Тошкент метрополитенининг «Юнусобод» йўналиши соат 23:00гача, «Чилонзор» ва «Ўзбекистон» йўналишлари эса соат 05:00дан 00:00гача ишлаб келарди.

Тошкент метросида сўнгги ойларда кўплаб кўнгилсиз ҳодисалар кузатилди.

18 март куни «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашганди.

7 апрель куни Тошкент метросида икки поезд тўқнашгани ҳақида хабар тарқалди. Расмий изоҳда техник сабабларга кўра «Ғофур Ғулом» бекатида йўловчилар поезддан туширилиб, захирага келган навбатдаги поездга ўтказиб юборилгани, йўловчилар туширилган поезд бошқа поезд ёрдамида шатакка олиниб, «Беруний» бекатига олиб келингани маълум қилинди. 

8 апрель куни Сергели ерусти метросида поезд ярим йўлда тўхтаб қолди. Йўловчилар темир йўл бўйлаб пиёда юришга мажбур бўлди.

9 апрель куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди. 

28 апрель куни туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб, бекатга етиб олгани тасвирланган.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди. Метродаги носозлик туфайли шаҳар жамоат транспортида юқори даражадаги тирбандликлар юзага келди. «Чилонзор» йўлида ҳаракат тўхтаб қолгани туфайли бекатларда тўпланиб қолган йўловчилар ташқарига чиқишга мажбур бўлишган.

13 май куни эса Тошкент метрополитени «Амир Темур хиёбони» бекатида барча йўловчилар тушириб юборилди, ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видеолар тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ҳолат юзасидан берган изоҳида айтилишича, шу куни Чилонзор йўналишида техник-профилактика ишлари олиб борилиши муносабати билан соат 10:30 дан 11:00 гача поездлар айланмаси «Амир Темур хиёбони» бекатига амалга оширилганди.

Top