Байден: Исроил-Фаластин музокаралари учун ҳали асос йўқ
Икки давлат ечими узоқ мақсаддек туюлса-да, АҚШ Исроил ва Фаластинни яқинлаштиришга уринишдан воз кечмайди, деди АҚШ президенти.
Исроил ва бир қатор араб давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашиши исроилликлар ва фаластинликлар ўртасида тинчлик музокараларининг бошланишига туртки бериши мумкин, деди АҚШ президенти Жо Байден жума куни Фаластин миллий маъмурияти (ФММ) раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашувда. Бироқ бир кун аввал Қуддусда Исроил раҳбарияти билан гаплашган Америка раҳбари «ҳозирда музокараларни қайта бошлаш учун замин ҳали яратилмаганини» тан олди.
«Мен икки давлат келишувининг мақсади жуда узоқ эканлигини биламан, шу билан бирга, ҳаракат ва саёҳатни чеклаш ёки фарзандларингиз хавфсизлиги учун кундалик ташвиш каби ноқулайликлар ҳақиқийдир», деди Байден Аббосга. «Қўшма Штатлар ва менинг маъмуриятим фаластинликлар, исроилликлар ва ҳар икки томонни бир-бирига яқинлаштиришга ҳаракат қилишдан воз кечмайди», - дея қўшимча қилди у. Шу билан бирга, АҚШ президенти ФММ ҳам «муваффақиятли демократик келажак ва Фаластин давлатини таъминлай оладиган жамият қуришга ёрдам берадиган» шарт-шароитларни яратиш бўйича ишларни амалга ошириши кераклигини таъкидлади.
Аббос, ўз навбатида, «Исроилнинг бизнинг заминимиздаги оккупацияси бўйича тарих саҳифасини очиш вақти» келганини айтди. «1967 йилгача бўлган чегаралар доирасида икки давлат келишуви имконияти бугунги кунда мавжуд бўлиши мумкин, аммо бу узоқ вақт давом этмайди».
«Икки халқ учун икки давлат» ғояси биринчи марта Британия лорди Уилям Пил бошчилигидаги Фаластин Қироллик комиссиясининг ҳисоботида шакллантирилган. Бу комиссия Британия ҳукумати томонидан чақирилган, чунки Британия 1922 йилдан 1947 йилгача Миллатлар Лигаси мандати остида Фаластинни бошқарган. 1937 йил 7 июлда тақдим этилган ҳисоботда Фаластинни яҳудий ва араб давлатларига бўлиш таклиф қилинган.
Ушбу режа доимий равишда муҳокама қилинди. 1967 йилда Исроил Ғарбий Соҳил ва Қуддусни босиб олган Олти кунлик урушдан кейин «икки давлат» тушунчасига ўрин қолмади. Режа янги минг йилликнинг бошида ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар томонидан маъқулланиб, янги туртки олди. Бироқ босиб олинган ҳудудларда яҳудий аҳоли пунктлари қурилиши давом этар экан, фаластинликларнинг бу лойиҳага муносабати ёмонлашди.
Аввалроқ Байден Исроил ҳукуматини босиб олинган ҳудудларда аҳоли пунктлари қуришни тўхтатишга ва минтақада икки давлат қарори йўлида ҳаракат қилиш зарурлигини тан олишга чақирган эди.
Аббос билан учрашувда Байден, шунингдек, АҚШ таниқли америкалик-фаластинлик журналист Ширин Абу Акленинг ўлдирилиши ҳақидаги «тўлиқ ва шаффоф» ҳисоботни талаб қилишда давом этишига ваъда берди. У 11 май куни босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳрида Исроил ҳарбий рейди ҳақида хабар бераётганда ўлдирилган.
АҚШ Давлат департаментининг ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботида айтилишича, Абу Акле исроиллик ҳарбий позициясидан ўқ узилиши натижасида ўлдирилган бўлса-да, бу «қасддан» ва «фожиали ҳолатлар» туфайли содир бўлган. Ҳисоботда, шунингдек, ўқ аниқ хулоса чиқариш учун жуда қаттиқ шикастлангани айтилади.
Абу Акле оиласи Байденга очиқ мактуб йўллаб, терговдан ҳафсаласи пир бўлганини билдирган ва президентдан журналистнинг ўлдирилиши учун жавобгар шахсни топишга ёрдам беришни, шунингдек, унинг минтақага ташрифи чоғида қариндошлари билан учрашишни сўраган.
Мавзуга оид
14:07
Исроилда фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
16:05 / 24.12.2024