21:48 / 04.10.2023
21454

Грин-карта мавсуми бошланди

Бугун, 4 октябр куни АҚШнинг миллий хилма-хиллик виза дастури – Diversity Visa лотереясининг 2025 йилги мавсуми учун аризалар қабул қилиш бошланди. Талабгорлар 7 ноябр Тошкент вақти билан соат 21:00 га қадар dvprogram.state.gov сайти орқали бепул тарзда анкета тўлдириб, ариза йўллаши мумкин.

Фото: Getty Images

Дастур АҚШга тарихан миграция кўрсаткичлари кам бўлган халқлар вакилларига ушбу мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини бериш мақсадида йўлга қўйилган. Бу орқали Америка халқини ташкил этувчи миллатлар хилма-хиллигини ошириб бориш кўзда тутилган.

Дастур ғолиблари келаси йил май ойида, тасодифий компютер дастури ёрдамида танлаб олинади ва эълон қилинади.

Лотерея орқали ҳар йили дунё бўйлаб 55 минг кишига грин-карта берилади. Бироқ лотереяда бундан икки баробар кўп одам ғолиб деб топилади. Ғолиб бўлганларнинг бир қисми ҳужжатларидаги камчиликлар, суҳбатдан ўта олмагани ёки шунчаки виза тугаб қолгани учун грин-карта ололмайди.

Хусусан, жорий йилда DV-2023 дастури ғолиби бўлган ўзбекистонликлардан 3100 дан ортиғи виза учун суҳбатга киришга муваффақ бўлди. Грин-карта ютган ўзбекистонликлар сони эса 5 мингдан ортиқ бўлгани тахмин қилинади.

  • Аввалроқ АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси грин-карта дастури иштирокчилари учун тавсияларни эълон қилганди.
  • Kun.uz бир неча йил олдин грин-карта анкетасини мустақил ва тўғри тўлдириш бўйича йўриқнома тайёрлаган.
Top