16:43 / 07.03.2024
17688

“Газпром” Ўзбекистонга 1000 куб метр газни тахминан 160 доллардан етказиб берган” — “Коммерсант”

Россия ОАВга кўра, ўтган йили рус газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 1,22 млрд куб метрни ташкил этган. Ўзбекистон томони ҳар 1000 куб метр газни тахминан 160 АҚШ долларидан сотиб олгани айтилмоқда.

Фото: Коммерсантъ

Украина билан уруш бошланганидан кейин Европага газ етказиб беришнинг тўхташи фонида Марказий Осиё давлатлари “Газпром” учун ягона янги йўналиш бўлиб қолмоқда, дея ёзди “Коммерсант”.

Нашр маълумотига кўра, “Газпром” компанияси 2023 йилда Ўзбекистонга 1000 куб метр газни тахминан 160 АҚШ долларидан етказиб берган. Бу Туркия ёки Хитойга экспорт нархидан анча паст.

Қайд этилишича, 2023 йилда “Газпром” Қозоғистонга қарийб 7,25 млрд куб метр, Ўзбекистонга қарийб 1,22 млрд куб метр ва Қирғизистонга 0,39 млрд куб метр газ етказиб берган.

“Ўзбекистонга етказиб бериш нархи Туркия (1000 куб метр учун тахминан 270–280 доллар) ва Хитойга (1000 куб метр учун 260–270 доллар) экспорт нархларидан сезиларли даражада паст. Шунга қарамай, жорий нарх “Газпром”га ҳар 1000 куб метрдан 20–22 доллар фойда олиш имконини беради”, деган Россия Энергетика ва молия институти ходими Сергей Кондратев.

Ўзбекистон расмийлари Россиядан газ импорти бўйича шартноманинг батафсил шартларини тижорий сир важи билан очиқламай келади.

“Коммерсант”нинг ёзишича, Ўзбекистонда газ қазиб олишнинг қисқариши сабабли Россиядан импорт қилиш кейинги йилларда ҳам давом этади. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Хитойга йилига 10 млрд куб метр газ экспорт қилиш бўйича шартномаси мавжуд бўлиб, бу тўлиқ ҳажмда бажарилмаяпти.

Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиевнинг сўзларига кўра, Россия газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит ҳажми 2026 йилдан бошлаб дастлаб режалаштирилганидан 4 баробарга кўпайтирилиб, 3 млрд куб метрдан 11 миллиард куб метргача оширилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. UzGasTrade ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд куб метр ёки кунига 9 млн куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланган.

2024 йилги давлат дастурига кўра, “шимолдан импорт қилинадиган” табиий газ ҳажми кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача оширилади. Республика магистрал газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.

Top