Ўзбекистон | 19:01 / 07.08.2024
9259
5 дақиқада ўқилади

Электр энергияси бўйича янги биллинг тизимини ишга тушириш нега кечикмоқда?

“Ҳудудий электр тармоқлари” 1 августдан эътиборан электр энергиясини ҳисоблаш бўйича янги биллинг тизими ишга тушишини айтганди. Лекин тизим ҳали ишга тушмади. Истеъмолчи кабинети бир ҳафтадан бери деярли ишламаяпти. Компания матбуот котибининг Kun.uz'га изоҳлашича, кечикиш – маълумотларни қайта текширувдан ўтказиш жараёни кўп вақт олаётгани билан боғлиқ.

Фото: Kun.uz

Июл ойида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев журналистларга жорий йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими жорий этилишини маълум қилганди.

Ҳозирда корхона истеъмолчиларига етказиб бериладиган электр энергияси ҳисоби 2012 йилда жорий қилинган биллинг тўлов тизими асосида юритилади.

“Бизга замонавий биллинг тизими керак эди, 2022 йилнинг охирида янги тизим бўйича техник шартлар ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 1 августидан бутун мамлакатда мазкур тизим янгиланади. Ҳозирда мазкур тизим синов тарзида Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида жорий этилган ”, – деганди Ғайбуллаев.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ сайтидаги истеъмолчи кабинети август ойи бошидан бери ишламаяпти.

Компания дастлаб янги “HET BILLING” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан 2024 йил 31 июл соат 23:50дан 5 август соат 22:00гача маълумотларни қайта ишлаш марказида профилактик ишлар олиб борилишини маълум қилди.

“Мазкур вақт оралиғида электр энергияси учун онлайн тўловларни амалга ошириш ҳамда шахсий ҳисоб рақамдаги мавжуд маълумотларни олишда техник узилишлар бўлиши, шу билан бирга истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида айни муддатда қарздор истеъмолчилар автоматик тарзда тармоқдан ажратилмаслигини эслатиб ўтамиз”, – дейилади расмий хабарда.

Лекин 6-7 август кунлари ҳам шахсий кабинет ишламади. 7 август соат 17:00 ҳолатига кўра, шахсий кабинетдан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Сайтга кирган одам қуйидагича эълонга дуч келади:

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг янги “HET BILLING” дастурий комплекси ишга туширилиши муносабати билан ҳозирда ДКни созлаш бўйича техник ишлар олиб борилаётгани ва шу муносабат билан 2024 йил 7 августгача Республика бўйича Истеъмолчи кабинетида актуал маълумотлар босқичма босқич кўриниши маълум қилинади”.

Нега янги биллинг тизимини ишга тушириш кечикяпти?

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Таҳририятга маълум қилинишича, янги биллинг тизимини ишга тушириш жараёни мураккаблиги туфайли кечикяпти.

“8 миллионта истеъмолчимиз бор, уларнинг йиллик кўрсаткичлари янги биллинг тизимига кўчириб ўтказиляпти. Бу оддий гап эмас, осон эмас. Маълумотларни қайта-қайта текшириш биз учун фойдадан холи эмас. Буни жой-жойига қўйиб қўйиш бизнинг вазифамиз, эртага биз бунинг учун жавобгар бўламиз. Истеъмолчиларнинг маълумотларини 2-3 марта қайта текширувдан ўтказиб, балансни қайта очмоқчимиз. Бошқа нарсаларни очиб қўйдик, тўловни амалга ошириш имконияти, нотариус маълумотларини 5 августда очдик. Ҳозир истеъмолчилар учун ягона ноқулайлик балансни кўролмаслик бўлиб қоляпти. Маълумотларни кўчириш вақт оляпти, бу иш бизга осон бўлмаяпти”, – деди компания матбуот котиби Фаҳриддин Нуралиев.

Қўшимча қилинишича, 7 август куни кечгача шахсий кабинет тўлиқ ишга туширилади.

Янги биллинг тизимида нималар бўлади?

Компания матбуот котиби Kun.uz'га тақдим этган маълумотларга кўра, эски тизимда чекланган маълумотлар, хусусан, абонентнинг исм-фамилияси, паспорт маълумотлари ҳамда ҳисобрақами бўлган бўлса, янги биллинг тизимидан истеъмолчиларнинг кадастр маълумотларидан тортиб, барча ҳисобрақамлари ва бошқа кўплаб маълумотлар мавжуд бўлади.

Дастур энг замонавий сервер қурилмалар билан жиҳозланиб, ишлаш ва маълумот олиш имкониятлари янада кенгайтирилган. Ҳам тизим ходимлари, ҳам фойдаланувчилар учун фойдаланишда қўшимча қулайликлар яратилган. Масалан, абонент бевосита ўзи истеъмол қилган электр энергияси ҳисоби, хусусан, тўлов маълумотлари, кунлик электр энергия истеъмоли ва бошқа ҳар қандай маълумотни онлайн тарзда кузатиб бориши мумкин.

“Бу имкониятларнинг бир қисми аввал ҳам бўлган, аммо маълумотларни олиш учун мобил илова мавжуд эмасди. Янгиланган тизим билан бирга, мобил илова ҳам ишга туширилди. Уни исталган киши мобил қурилмаси орқали юклаб олиши мумкин. Мавжуд шахсий кабинет ҳам янада такомиллаштирилган. Колл-марказларида эса қайта алоқа тизими ишга туширилди”, – дейилади компания изоҳида.

Қўшимча қилинишича, янги дастурни қўллаш бевосита “ақлли” ҳисоблагичлар билан боғлиқ. Шу боис, аввалига мавжуд электр энергияси истеъмолчиларини “ақлли” ҳисоблагичлар билан таъминлаш кўрсаткичи 100 фоизга етказилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу нисбий рақам бўлиб, мамлакатда тўлиқ шундай ҳисоблагичлар ўрнатилди, деб бўлмайди. Боиси, аҳоли, уй-жой қурилиши, ишлаб чиқариш ва бошқаларнинг ортиши ҳисобига йиллик ўсиш 2 фоизни ташкил этади, демак, “ақлли” ҳисоблагичлар билан таъминлаш давом этади.

Мавзуга оид