Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
«МЮ» йирик ҳисобда ютқазди, «Реал» «Атлетико»ни қувмоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Лондонда ҳимоясиз ўйин
«Тоттенҳэм» — «Ливерпул» 3:6
Голлар: Мэддисон (41), Кулусевски (72), Соланке (83) — Диас (23, 85), Мак Аллистер (36), Собослаи (45+1), Салоҳ (54, 61).
«Тоттенҳэм» – Форстер, Спенс, Грэй, Дрэгушин, Порро, Биссума, Сарр (Бергвалл, 58), Сон (Вернер, 82), Мэддисон (Жонсон, 58), Кулусевски, Соланке.
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Гомес, Александер-Арнолд, Мак Аллистер (Жонс, 68), Гравенберҳ, Гакпо (Жота, 68), Собослаи, Салоҳ (Эллиот, 87), Диас (Нунес, 87).
Огоҳлантиришлар: Гакпо (31), Собослаи (52), Бергвалл (79).
«Ливерпул» ўтган мавсумнинг биринчи даврасидаги можароли ўйиндаги мағлубиятни (Диого Жота баҳсли вазиятда четлатилиши, Луис Диаснинг тоза голи инобатга олинмаслиги, тўққиз киши бўлиб ўйнаган мерсисайдликлар қўшимча дақиқаларда Матипнинг автоголи туфайли ютқазиши) ҳали анча вақтгача унутмайди. Қизиллар жавоб ўйинида қасос олишганди (4:2), аммо жорий мавсумнинг 17-тури марказий учрашувида «Ливерпул» меҳмон эмас, мезбондек ҳаракат қилди. Мерсисайдликлар ёввойи прессинги билан «Тоттенҳэм»ни 3-дақиқаданоқ қўрқувга сола бошлади, Форстер тўпни Салоҳнинг оёғига ташлаб берганида, мисрлик ҳужумчи дарвозага тўғри зарба бера олмади. Бир дақиқа ўтиб Диаснинг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди, 10-дақиқада қизил футболкадаги футболчилар учинчи хавфли вазиятга эга бўлишди — Салоҳнинг зарбасини дарвозабон қайтарди.
Вақт ўтган сайин қанот ҳимоячиси бўлган 18 ёшли Грейни мудофаа марказига қўйишга мажбур бўлган «Тоттенҳэм» бундай босимга дош бера олмаслиги ойдинлашиб борди. Салоҳ айнан ёш ҳимоячини жарима майдонида алдаб ўтиб, кучли зарбаси билан тўсинни титратди. 23-дақиқада эса Трент ўз услубидаги узатмаси билан тўпни Диаснинг бошига қўндириб берди. Колумбиялик ҳужумчининг бу сафарги голини ҳеч ким бекор қила олмасди.
Умуман олганда, «Ливерпул» бу мавсумдаги энг кучли бўлимини ўтказди. Слот жамоаси том маънода «Тоттенҳэм»ни жарима майдонига қамаб қўйди ва тўпни қанотдан қанотга ошириш орқали ҳимоячиларни чарчатиб, Форстер дарвозаси қаршисида таҳликали вазият юзага келтирди. Узатмалардан бири Собослаининг бошига келди, у аниқ зарба бера олмади, аммо Мак Аллистер тўпни дарвозага киритиб юборди.
«Шпорлар» эса узун паслар эвазига рақиб ҳудудига етиб боришга уринди. Бу кўпам иш бермади, аммо мезбонлар барибир жавоб голини уришди. Бу Мак Аллистернинг хатоси туфайли рўй берди — Мэддисон тўпни олиб қўйди ва Алиссоннинг яқин бурчагини нишонга олди. «Ливерпул» фанатларида ҳакамга эътироз бўлгани табиий — Алексисга қўполлик ишлатилган бўлиши ҳам мумкин эди.
Аммо меҳмонлар темпни туширмади ва бўлим охирида Трент узун паси билан рақиб прессингини ортда қолдириб, Салоҳни олдинга ташлади, у эса Собослаига пас берди, тўпни Форстернинг оёқлари орасидан ўтказилди ва таблода 1:3 ҳисоби порлай бошлади.
Учрашувнинг биринчи бўлими воқеаларга бой бўлди, аммо иккинчи бўлимдаги ишларни тушунтириб бериш қийин. 54-дақиқада Салоҳ «Тоттенҳэм» дарвозасига тўртинчи голни урди, бироз ўтиб Собослаида ҳисобни 5:1 кўринишига келтириш имконияти бўлди.
Бу ишни барибир Салоҳ уддалади ва бу ҳали ҳаммаси эмасди. «Тоттенҳэм» кутилмаганда уйғонди ёки «Ливерпул» жуда эрта хотиржамликка берилди. 72-дақиқада Кулушевски Соланкенинг узатмасидан кейин ҳисобни қисқартирди, ўн дақиқа ўтиб Доминикнинг ўзи жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилди. Ўйинга барибир якуний нуқтани «Ливерпул» қўйди — Диас олис бурчакка аниқ зарба йўллаб, дублни расмийлаштирди.
Натижада ҳисоб ёки ҳоккейча, ёки теннисча кўриниш олди. Тўққиз гол – АПЛнинг бу мавсумида рекорд. Бу шоу ҳомийси – «Тоттенҳэм»нинг жароҳатлари (яқинда Постекоглу асосий таркибнинг 10 футболчисидан айрилганидан шикоят қилганди). Лондонликларда ҳимоячилардан фақат Порро сафда (Ромеро, ван де Вен, Удожи ва Дэвис кабилар йўқ). Қолаверса, Викарио ўрнига захира дарвозабон тушмоқда.
Энди Слот жамоаси энг яқин таъқибчисидан тўрт очкога илгарилаб кетди ва захирада бир ўйини ҳам бор.
«Манчестер Юнайтед» — «Борнмут» 0:3
Голлар: Ҳайсен (29), Клюйверт (61, пеналти), Семеньо (63).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Магуайр, Мазрауи, Фернандеш, Диалло, Маласиа (Йоро, 46), Майну, Угарте (Гарначо, 55), Далот, Зиркзе (Ҳойлунд, 54).
«Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Ҳайсен, Забарний, Смит (Кук, 46), Кристи, Адамс (Ҳилл, 89), Уаттара, Клюйверт (Биллинг, 78), Семенйо (Брукс, 89), Эванилсон (Унал, 71).
Огоҳлантиришлар: Смит (35), Угарте (37), Аррисабалага (82), Ҳайсен (90+1).
«МЮ» қандай ўйнашини олдиндан айтиб бўлмайдиган жамоага айланди. «Борнмут» билан ўйиндаги асосий воқеалар Маласия қанотда кераксиз фол ишлатиши билан бошланди. «Гилослар» белгиланган жарима зарбасидан максимум натижа чиқариб олди ва ҳимоячи Ҳейсен Кристининг узатмасидан кейин бош билан зарба йўллаб, олис бурчакни аниқ нишонга олди. Стандарт вазиятлар манкунианларнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолмоқда. Мезбонлардаги илк хавфли вазият танаффус арафасида юзага келди, аммо Кепа Бруну Фернандешнинг зарбасидан кейин ўзини кўрсатди, кейинроқ португалиялик яримҳимоячининг жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди.
Рубен Аморим танаффусда жамоадаги энг бўш ўйин кўрсатган футболчи Маласияни майдондан олди, аммо мудофаада бошқа муаммо пайдо бўлди. «Юнайтед» босимни кучайтириб, Ҳойлунд майдонга ташланганида, Мазравий жарима майдонида Клюйвертни ўтказиб юборди ва унинг оёғига тепиб йиқитди. Жабрланувчининг ўзи одатдаги каби пеналтини бенуқсон ижро этди, «иблислар» ўзига келиб улгурмасидан Семенйо узил-кесил ўйин тақдирини ҳал қилди. Жамоасидаги энг фаол футболчи бўлган Гарначо ўз рейдини кучсиз зарба билан якунлаб, интригани жонлантириш имкониятини қўлдан бой берди.
Бир йил олдин ҳам «Олд Траффорд» мезбонлари «Борнмут»дан учта жавобсиз гол ўтказиб юборганди. Аморим — кучли мураббий, аммо барибир сеҳргар эмас. Қолаверса, «Борнмут» бу мавсумда кучли ўйин намойиш этмоқда. Биринчи даврада «Арсенал», «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» каби рақибларни енгган Ираола шогирдлари эндиликда турнир жадвалида бешинчи ўринга кўтарилди. «МЮ» эса 1989 йилдан буён илк марта «Боксинг дэй»га жадвалнинг иккинчи қисмида етиб келди. Пайшанба куни улар хавфли зонада бораётган «Вулверҳэмптон» меҳмони бўлади.
«Эвертон» — «Челси» 0:0
«Эвертон» – Пикфорд, Миколенко, Брэнтуэйт, Тарковски, Янг (Коулмэн, 74), Дукуре, Гуйе, Мангаля, Ндиай, Кэлверт-Люин (Бету, 73), Ҳаррисон (Линдстрем, 73).
«Челси» – Санчес, Гюсто, Колуилл, Адарабиойо, Дисаси, Фернандес, Кайседо, Санчо, Палмер, Нету (Мадуэке, 76), Жексон (Нкунку, 75).
Огоҳлантиришлар: Ндиай (40), Пикфорд (45+1), Янг (57), Дисаси (82), Бету (88).
«Эвертон» ўтган ҳафтада Лондонда «Арсенал» ҳужум чизиғи вакилларига ўйин бермаганди, бу якшанбада эса Шон Дайчнинг рецептлари «Челси»га қарши ўйинда ҳам иш берди. Кўклар биринчи бўлим ўрталаригача бирорта тайинли вазият ярата олмади. Ҳужумлар якуний босқичга қадар етиб борганида эса ижрода оқсаш кузатилди. Аввалига Жексоннинг ҳаводаги тўпга йўллаган зарбаси Пикфордга қийинчилик туғдирмади. Кейин Дисасининг бош билан яқин масофадан йўллаган зарбаси устунга борди.
Шу билан бирга, Санчес ҳам дарвозада зерикиб қолмади. Айниқса танаффусдан кейинги сейви ёдда қоларли бўлди. Иккинчи бўлим ўрталарида эса «Челси» дарвозаси дарвозабон ва ҳимоячиларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли дахлсиз қолди. Шундай экан, якуний 0:0 ҳисоби ўйин мантиғига мос бўлди. «Ирислар» дарвозасида турган Пикфорд учун якшанба кунги «қуруқ» ўйин — жорий мавсумдаги еттинчиси бўлди ва у ҳозирча АПЛда бу кўрсаткич бўйича тенгсиз.
Испания: Хесус Наваснинг хайрлашув ўйини
«Реал» — «Севиля» 4:2
Голлар: Мбаппе (10), Валверде (20), Родриго (34), Диас (53) — Ромеро (35), Лукебакио (86).
«Реал» – Куртуа, Рюдигер, Камавинга, Тчуамени, Васкес, Валверде, Себаллос (Гулер, 71), Родриго (Модрич, 71), Беллингҳэм (Асенсио, 77), Диас, Мбаппе.
«Севиля» – Фернандес, Салас (Монтиэл, 86), Гудел, Баде, Кармона, Локонга (Буэно, 86), Агуме, Идумбо-Музамбо (Навас, 65), Ромеро (Гарсия Паскуал, 74), Лукебакио, Ҳуанлу Санчес (Пеке, 73).
Огоҳлантиришлар: Локонга (12), Салас (76), Валверде (78).
«Реал» бу мавсумда ўзининг энг яхши футболини иккинчи бўлимларда кўрсатишга ўргатиб қўйди. «Севиля» эса бу стереотипга ишонди ва биринчи бўлим ўрталаригача икки гол ўтказиб юборди. Икки ҳолатда ҳам — узоқ масофадан. Мбаппе жарима майдони ташқарисидан гол уришда бу борадаги қирол Валвердедан кам эмаслигини эслатиб қўйди. Француз ва уругвайлик футболчиларнинг зарбалари куч борасида ҳам, аниқлик борасида ҳам ўхшаш чиқди, фарқ шундаки, тўп турлича «тўққизлик»ларга борди. Француз ҳужумчиси профессионал даражадаги голлари сони бўйича ўзининг таниқли ватандоши Жиру билан тенглашиб олди (355 гол).
Бу мавсумда кичик жароҳатлар халал бераётган Родриго омилини ҳам қайд этиш керак. Ҳозирда бразилиялик вингер тўлиқ соғ ва сўнгги уч учрашувда бешта (3+2) голли ҳаракат амалга оширди. Бу мавсумда ундан олдинги барча ўйинларда жами шунча бўлганди. Иккинчи бўлимда эса Браим Диас Лукас Васкес ва Мбаппе иштирокидаги комбинацияни ажойиб зарба билан якунлаб, амалда ўйин масаласини ҳал қилди.
«Атлетико»ни бир очколик фарқ билан таъқиб этаётган «Қироллик клуби» янги йилни иккинчи ўринда кутиб олади. Шу билан бирга, Мадриднинг икки клубида ҳам биттадан қолдирилган ўйин бор ва бу ўйинларда ғалаба қозониш орқали сўнгги ҳафталарда пешқадамликни бой берган «Барселона»дан ўзиб кетиши мумкин. «Севиля» эса бу ўйинни фақат Хесус Навас туфайли эсда қолдириши мумкин. Олқишлар билан кутиб олинган 39 ёшли фахрий футболчи «Сантияго Бернабеу»да футболчилик фаолиятининг сўнгги дақиқаларини ўтказди. ЖЧ-2010, Евро-2012 ва Евро-2024 чемпиони, шунингдек УЕФА Кубоги/Европа Лигасининг тўрт карра ғолиби учун бу «Севиля» сафида ла лигада ўтказилган 516-ўйин бўлиб қолди. Турнирда бир клуб учун бундан кўпроқ ўйинни фақат «Реал»нинг собиқ футболчилари Раул (550) ва Санчис (523), шунингдек каталонияликлар сафида Месси (520) ўтказган.
Италия: «Аталанта» скудеттони кўзламоқда
«Аталанта» — «Эмполи» 3:2
Голлар: де Кетеларе (34, 86), Лукман (45+1) — Коломбо (13), Эспозито (56, пеналти).
«Аталанта» – Карнезекки, Колашинац, Жимсити (Ҳин, 70), Коссуну, Лукман (Самаржич, 70), де Кетеларе, Заппакоста (Ружери, 70), Эдерсон, Пашалич, Белланова (Куадрадо, 80), Ретеги (Заниоло, 21).
«Эмполи» – Васкес, Какаче, Исмайли, Гогличидзе (Марянуччи, 80), Ҳендерсон (Самбия, 84), Коломбо, Пеццелла, Грасси (Мале, 70), Анжорин, Гяси, Эспозито (Фаццини, 71).
Огоҳлантиришлар: Заниоло (22), Пеццелла (64).
«Наполи»нинг шанба кунги ғалабасидан кейин пешқадамликни ўзига қайтариш мақсади билан тушган «Аталанта» дебютдаёқ рақибнинг аутдан максимал фойда чиқариб олиши туфайли гол ўтказиб юборди. Тўп қанот чизиғидан жарима майдони ичидаги Ҳендерсонга етказилди, у эса тўпни қулай вазиятдаги Коломбога ташлаб берди. Бергамоликлар эса Дзаппакостанинг қанотдан узатмаси эвазига ҳисобни тенглаштиришди. Жарима майдони ичида Де Кетеларе барчадан илдамроқ ҳаракат қилиб, бош билан дарвозани ишғол этди.
Танаффус арафасида эса Лукман «Аталанта»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Унда бу ишни қилиш учун олдинроқ ҳам имкониятлар бўлганди, аммо стандарт вазиятларда йўлланган зарбалардан кейин «Эмполи»ни икки бор устун қутқариб қолди. Иккинчи бўлим бошида эса VAR жарима майдони ичида арбитр кўрмай қолган фолни кўрди ва меҳмонлар фойдасига белгиланган пеналти мувозанатни тиклашга имкон берди. «Эмполи» дурангни ушлаб қолиш учун бор кучи билан ҳаракат қилди, аммо Де Кетеларе бетон девордан ҳам тешик топа олди. Ушбу белгиялик ёш яримҳимоячи бурчакдаги байроқ олдидан чизиқ бўйлаб ҳаракатланиб, уч ҳимоячи билан қуршалганига қарамай, дарвозабоннинг бўш қолдирилган қанотига зарба берди. Ғалаба голи — жамоа учун йил бошидан буён 125-голи бўлди ва бу клуб рекорди саналади.
«Монца» — «Ювентус» 1:2
Голлар: Биринделли (22) — Маккенни (14), Гонсалес (39).
«Монца» – Турати, Карбони, Мари, Д`Амброзио (Иццо, 83), Капрари (Марич, 86), Биринделли (Сенси, 86), Кириякопулос, Бянко, Бондо, Педру Перейра (Чурриа, 71), Мота.
«Ювентус» – Ди Грегорио, Калулу, Гатти, Маккенни (Фажоли, 90+1), Савона, Копмейнерс (Тюрам, 46), Локателли, Йилдиз, Гонсалес (Камбиязо, 64), Консейсау (Ажич, 85), Влаҳович (Мбангула, 85).
Огоҳлантиришлар: Перейра (15), Консейсау (57).
«Ювентус» бу мавсум дуранглар вирусига чалинган. Олдинги тўрт турда — тўрт очко, мухлислар фақат бошқа турнирлардаги натижалар билан овунишмоқда. Чемпионлар лигасида туринликлар «Манчестер Сити»ни енгишганди, ўтган ҳафта ўртасида эса Италия Кубогида «Каляри» тор-мор этилди (4:0). «Монца» майдонида эса осон бўлмади. Бир томондан — Маккенни ўйин бошидаёқ Копмайнерснинг бурчакдан узатган пасини голга айлантирди, бўлим охирида эса Нико Гонсалеснинг аниқ зарбаси бянконериларга ғалабали ҳисобни қайтарди. Бошқа томондан — меҳмонлар мудофааси ишончли ҳаракат қилмади ва рақибнинг Биринделлидан бошқа футболчиларидан ҳам гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Тиагу Мотта шогирдлари фақат иккинчи бўлимда ишончли ўйнай бошлашди ва А серияда узоқ кутилган ғалабага эришилди.
Германия: комплекслардан қутулиш
«Волфсбург» — «Боруссия» Д 1:3
Голлар: Вавро (58) — Мален (25), Байер (28), Брандт (30).
«Волфсбург» – Грабара, Кулеракис, Вавро, Фишер (Тиагу Томаш, 46), Мэле (Камински, 86), Герҳардт (Ўзжан, 75), Арнолд, Сванберг (Нмеча, 46), Баку, Амура (Виммер, 86), Винд.
«Боруссия» Д – Кобел, Бенсебайни, Шлоттербек, Жан, Гросс, Нмеча, Гиттенс (Адейеми, 87), Брандт (Рейна, 87), Мален (Антон, 63), Гирасси, Байер (Ян Коуто, 75).
Огоҳлантиришлар: Кулеракис (50), Герҳардт (55), Мален (63), Вавро (70), Коуто (90+4).
Четлатиш: Гросс (62).
«Боруссия» мухлислари бундеслиганинг жорий мавсумида сафар ўйинларидаги илк ғалабани фақат янги йил арафасига келиб нишонлашди. Бу ғалабага Волфсбургда эришилди, дортмундликлар бу ерда октябр ойида ҳам ўйнаган ва минимал ҳисобда ютқазиб (0:1), Германия кубогини тарк этганди. Бу сафар эса Мален ҳисобни очгач, «асаларилар» рақибнинг кўзини очиришмади. Байер шведка услубидаги зарбаси билан иккинчи голни урди, яна бир неча дақиқа ўтиб Байно-Гиттенс ортидаги шеригини ҳис қилиб, тўпни қулай вазиятдаги Брандтга ўтказиб юборди. «Бўрилар» тўрт дақиқа ичида уч гол ўтказиб юборишди.
Мезбонлар фақат иккинчи бўлимда ўзига келишди. Нури Шаҳин шогирдлари анча эрта хотиржамликка берилди ва Вавро ҳисобни қисқартиришидан олдинроқ «Волфсбург» яна камида иккита гол уриши мумкин эди. Қолаверса, 62-дақиқада Гросс майдондан четлатилиши меҳмонларни қийин аҳволга солиб қўйди. Аммо факт бўйича — бунақаси камдан кам кузатилади — озчилик бўлиб ўйнаш «Боруссия» фойдасига хизмат қилди. Шундан кейин жамоа жипслашди ва фидокорлик билан устунликни сақлаб қолди. Сафар ўйинларидаги илк ғалаба дарҳол эффект берди: Дортмунд янги йилни еврокубоклар зонасида (6-ўринда) кутиб олади ва Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи охирги ўринга икки очко қолган.
Франция: Россиялик дарвозабон икки пеналти қайтарди
«Ланс» — «ПСЖ» 1:1
Пеналтилар серияси — 3:4.
Голлар: Нзола (66) — Рамуш (70).
«Ланс» – Коффи, Машаду (Чавес, 90), Франковски, Медина, Данзо, Ҳусанов (Сарр, 90+6), Диуф, Ал Энауи, Томассон (Сотока, 89), Фюлжени (Давид Кошта, 70), Нзола.
«ПСЖ» – Сафонов, Мендеш, Пачо, Маркинос, Ҳакими, Жоау Невеш, Витиня, Фабиан Руис (Заир-Эмери, 57), Дуэ (Гонсалу Рамуш, 66), Ли Кан Ин (Барколя, 66), Дембеле.
Огоҳлантиришлар: Маркинос (67), Ҳусанов (75).
Франция кубогида «ПСЖ» ва «Ланс» жуда эрта учрашди. Мезбонлар бу ўйинда жароҳат туфайли асосий дарвозабони Самбанинг хизматларидан фойдалан олмади, парижликлар устози асосий етакчилари Заир-Эмери (57-дақиқагача) ва Барколяни (66-дақиқагача) захирада қолдирди.
Доннарумманинг ички чемпионатда «Монако»га қарши ўйиндаги қўрқинчли жароҳатидан кейин парижликларнинг иккинчи дарвозабони, россиялик Матвей Сафонов ўзини кўрсатиш имкониятига эга бўлди. У иккинчи бўлимда бир неча бор ўзини кўрсатди, аммо 67-дақиқада барибир гол ўтказиб юборди. Бурчак зарбаси ижро этилганида ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодиров Ҳусанов рақиб футболчиси Жоау Невеш орқали ўзига келиб тушган тўпга кучли зарба берди. Гол аввалига Ҳусановнинг номига ёзилганди, аммо кейинроқ тўп йўл-йўлакай Мбала Н'Золага теккани ва рикошет бўлиб дарвозага боргани туфайли гол муаллифи ўзгартирилди.
Шу гол урилиши арафасида захирадан майдонга тушган Гонсалу Рамуш эса бир неча дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштирди — жарима майдони ичида бир ҳаракат билан йўлдан олиб, яқин бурчакни аниқ нишонга олди ва ҳисоб тенглашди. Қўшимча дақиқаларда Ҳусанов боши ёрилгани учун алмаштирилди, ўйинда бошқа гол урилмади ва жамоалар пеналтилар сериясига ўтишди.
Футбол лотереясида эса Матвей рақиб футболчиларининг охирги икки зарбасини қайтарди: Н'Золанинг зарбасидан кейин тўпни тўсинга йўналтиришга улгурди, Анди Диуфнинг ўнг бурчакка йўллаган зарбаси йўналишини аниқ топди ва парижликларни 1/16 финалга олиб ўтди.
Кун статистикаси
«Ливерпул» ҳужумчиси Салоҳ АПЛ тарихида рождествога қадар голлар ва голли узатмалар сони бўйича иккита рақамда ифодаланадиган кўрсаткич қайд этган 1-футболчи бўлди.
«Утрехт» ҳимоячиси Виргевер Нидерландия чемпионатида 8 та қизил карточка олди. Лигада ҳеч ким бу қадар кўп майдондан четлатилмаган.
«Аталанта»нинг Италия чемпионатидаги 13 ғалабаси — айни вақтда топ-5 лигаларда максимал кўрсаткич.
Ўн етти турдан кейинги 22 очко — «МЮ»нинг 1989 йилдан буён энг ёмон натижаси.
«Дюнкерк» 26 йил ўтиб кубок турнирида лига 1 клубини енгишга муваффақ бўлди.
«Галатасарой» Туркия чемпионатининг жорий мавсумида 16 турда 47 гол уришга улгурди. Бу биринчиликнинг шу даври учун рекорд даражадаги сермаҳсуллик ҳисобланади.
«Рома» ҳужумчиси Дибала А сериядаги голлари сонини 126 тага етказди. У Гонсало Ҳигуаинни ортда қолдириб, турнир тарихидаги энг яхши учинчи аргентиналик тўпурарга айланди. Ундан юқорида фақат Габриэл Батистута (184) ва Эрнан Креспо (153) бор.
Мавзуга оид
17:22 / 23.12.2024
Ҳусанов – йилнинг энг яхши ёш спортчиси, Дўсматов ва Келдиёрова йилнинг энг яхши спортчилари. «Миллий спорт мукофоти-2024» ғолиблари эълон қилинди
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024