Ўзбекистон | 09:01 / 22.02.2021
38218
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқими кириб келади. Мамлакат шимолида ҳарорат 22 даража совуқ бўлиши кутиляпти

23-26 февралда Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи орқали Россиянинг (Москва вилояти) Европа қисми ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, 23 февралда республика бўйича ёмғир ёғади, 24 февралда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларида кучли бўлади.

Ҳаво ҳарорати 24 февралда кечаси ва кундузи 2-7 даража илиқ бўлади, 25-26 февралда ҳарорат кечалари 7-12 даража совуққача, кундуз кунлари 2-7 даража совуққача пасаяди.

Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 23 февралда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, 24 февралда ёғингарчилик кутилмайди. 24-25 февралда Қорақалпоғистонда ҳарорат кечалари 17-22 даража совуққача, кундуз кунлари 10-15 даража совуққача, Хоразм вилоятида кечалари 12-17 даража совуққача, кундуз кунлари 5-10 даража совуққача пасаяди.

23-25 февралда баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача, баъзида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

21 феврал уни Kun.uz сайтида онлайн об-ҳаво хизматлари Ўзбекистонда ҳаво кескин совишини прогноз қилаётгани, унга кўра, мамлакатда 23 феврал куни бошланадиган ёмғир аксар ҳудудларда қорга айланиши кутилаётгани айтилганди. Хабарда «Ўзгидромет» ҳозирча февралнинг сўнгги ҳафтаси совуқ келишидан огоҳлантирмагани қўшимча қилинганди.

«Ўзгидромет» бу масалада Kun.uz’га қўшимча изоҳ берди.

«Онлайн об-ҳаво хизматлари томонидан бериладиган об-ҳаво прогнозлари турли ҳисоблаш моделларининг маълумотлари орқали тўғридан тўғри онлайн об-ҳаво хизматларининг веб-сайтларига жойлаштириб борилади. Бошқача айтганда, ушбу маълумотлар синоптик мутахассислар томонидан чуқур таҳлил қилиниб, қайта ишланмаган прогнозлаш маълумотларидир. Шунинг учун ҳам турли моделлар томонидан тақдим этиладиган об-ҳаво прогнозлари тез-тез ўзгариб туради ҳамда бир-биридан фарқланади. Жаҳон давлатларининг Миллий гидрометеорология хизматлари мазкур маълумотлардан фойдаланган ҳолда, унинг таҳлилий натижалари асосида асосланган об-ҳаво прогнозларини тақдим этади.

Ўзгидромет Марказий Осиё давлатлари учун Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ихтисослаштирилган метеорология маркази, шунингдек, Жаҳон метеорология ташкилоти Жаҳон об-ҳаво хизматининг гидрометеорологик маълумотларни тўплаш, ишлов бериш ва тарқатиш бўйича Минтақавий телекоммуникация маркази функцияларини бажаришини эътиборга олган ҳолда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган ноқулай об-ҳавони белгиловчи метеорологик элементларни доимий кузатади ҳамда ушбу жараёнлар содир бўлишга тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, асосланган 2-6 кунлик об-ҳаво прогнозларини тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Ўзбекистон аҳолисига бериб боради. Таъкидлаш жоизки, ушбу маълумотлар кўп йиллик тажрибага эга малакали синоптиклар томонидан Ўзбекистон ҳудудининг кўп йиллик иқлим хусусиятларини инобатга олган ҳолда тақдим этилади», дейилади изоҳда.

Мавзуга оид