Ўзбекистон | 18:21 / 21.06.2022
21185
3 дақиқада ўқилади

Олий аттестация комиссияси сайти ҳакерлар ҳужумига учради

Ҳужум муаллифлари – BWT ҳакерлар гуруҳи Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот ишларини кўчириб олишганини билдирган. Бироқ сайтдаги ҳамма маълумотлар очиқ маълумот экани, ҳакерлар ниманидир ўғирлагани ёки йўқлиги ҳозирча аниқмаслиги айтилмоқда.

Фото: Олий аттестация комиссияси расмий сайти

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси расмий сайти ҳамда тизимдаги субдомен сайтларга бузиб кирилган. Бу сайтларнинг хавфсизлигига жавобгар комиссия ходими ҳакерлик ҳужуми бўлганини Kun.uz'га тасдиқлади.

“Айни пайтда муаммога нима сабаб бўлганини кўриб чиқаётгандик. Ҳозирча бу ҳақда ёзмай туринг. Нима бўлганини ўрганиб кўрайлик, аниқ бўлса, маълум қиламиз”, деди ОАКнинг дастурий-техник масалалар бўйича масъул ходими Ориф Маҳманов.

Маълум бўлишича, ҳужум BWT ҳакерлар гуруҳи томонидан амалга оширилган. Ҳакерлар ҳужум натижасида Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот ишлари кўчириб олинганини билдиришган.

“Қисқача айтганда, Ўзбекистондаги барча илмий-тадқиқот ишлари бутунлигича кўчириб олинган. Маълумотлар базасининг умумий ҳажми 620 гигабайтдан ортиқ. Бу тизимнинг субдомен сайтлари (mavzu.oak.uz, salohiyat.oak.uz) маълумотлар базалари аллақачон тўлиқ клонланган”, дейилади ҳакерлар томонидан эълон қилинган хабарда.

Ҳакерлар томонидан айнан қандай маълумотлар ўғирлангани маълум эмас. ОАК раиси муовини Зокирхўжа Тожихўжаевнинг айтишича, сайтдаги барча маълумотлар очиқ маълумотлар ҳисобланади.

“Айни пайтда техник ишлар олиб бориляпти. Қандай маълумотлар олинганини аниқлаш учун вақт керак. Ўзи қандайдир маълумотлар ўғирланганми-йўқми, бу ҳам маълуммас. Чунки сайтдаги барча маълумотлар очиқ маълумотлар ҳисобланади.

Дейлик, илмий ишларнинг мавзулари номи, номзоднинг исм-шарифи биздан бошқа ресурсларда ҳам турибди, бу очиқ маълумот ҳисобланади. Лекин сайтимизга илмий ишларнинг матнини жойламаганмиз”, дейди Зокирхўжа Тожихўжаев.

ОАК раиси муовинининг аниқлик киритишича, ҳакерлар томонидан ўғирлангани иддао қилинаётган комиссиянинг бошқа ташкилотлар билан ёзишмалари, турли институтларнинг котибларига электрон почта орқали юборилган логин-пароллар бугунги кунда долзарблигини йўқотган.

“Фойдаланувчиларнинг логин-пароллари эгасига етиб бориши билан янгиланади. Бундан ташқари, илмий-тадқиқот институтларидаги котиблар ўзгарганда ҳам албатта уларнинг логин-пароли янгиланади. Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш мақсадида пароллар вақти-вақти билан алмаштириб турилади. Шу боис хавотирга арзирли нарса йўқ бу ерда”, дейди у.

Айни пайтга келиб Олий аттестация комиссияси расмий сайти фаолияти тикланган. Субдомен сайтлардан бири ҳам ишлаяпти, иккинчиси эса ҳозирча тиклангани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг январида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва вилоятдаги бир қатор туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий сайтлари ҳакерлар ҳужумига учраганди.

Бундан аввалроқ эса Ўзбекистондаги қатор оммавий ахборот воситалари ва расмий идораларнинг веб-сайтларига номаълум шахсларнинг бузиб кириши билан ифодаланган ҳакерлик ҳужумлари кузатилган, ҳужумга учраган ресурсларда фойдаланувчиларнинг сайтга кириш имкониятлари чекланиб қолган, айрим ҳолларда сайт саҳифаларида асосланмаган маълумотлар пайдо бўлганди.

Муаллиф:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид