Ўзбекистон | 17:00 / 10.12.2018
5374
4 дақиқада ўқилади

Дунё Ўзбекистонни кашф қилмоқда: Маданий мерос намуналари оммалаштирилмоқда

Тошкентда “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” туркумидан навбатдаги китоб-альбомлар лойиҳалари ва ҳужжатли фильмлар тақдимоти бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, унда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муаллифи Фирдавс Абдуҳолиқов, АҚШнинг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, маданият ва ҳуқуқ масалалари бўйича эксперт, профессор, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамиятининг илмий кенгаши аъзоси Фредерик Старр, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мария дель Пилар Альварез Ласо, Фанлар академияси (ФА) вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, ФАнинг Санъатшунослик институти бош илмий ходими, лойиҳа илмий муҳаррири Эдвард Ртвеладзе ва қатор халқаро экспертлар иштирок этмоқда.

“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси – нафақат бизнинг мамлакатимиз учун янги тадбир, унинг муқобили дунёда йўқ. Лойиҳа жаҳоннинг турли музейлари ва шахсий коллекцияларда сақланаётган Ўзбекистон маданий ва бадиий мерос намуналарини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш масалаларига бағишланган. Аждодлар меросининг авайлаб-асраш давлат маданий сиёсати асосини ташкил қилади, шу тариқа лойиҳа мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

“Лойиҳа жамоатчилик эътиборини энг аввало хорижий мамлакатлардаги маданий меросимиз намуналарига қаратади. У бутун дунё Ўзбекистон маданиятига мафтун эканини яна бир бор намойиш қилди. Аждодларимиз томонидан яратилган дурдона асарлар барча қитъалардаги музей ва кутубхоналарда сақланмоқда. Бугун Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга интилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, барча ҳамкорларимиз билан ташқи сиёсатда очиқлик ва тинчликка содиқлик руҳидаги прагматик сиёсатни юритамиз. Бизнинг юртимиз дунёга очилмоқда, дунё эса, ўз ўрнида, Ўзбекистонни кашф қилмоқда. Ўзбекистоннинг хорижда сақланувчи ёдгорликларини оммалаштириш чет мамлакатлар билан кенг халқаро илмий алоқалар ўрнатиш, маданият ва анъаналаримизни ўрганиш учун хорижий мутахассисларни жалб қилиш йўлида асос бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси давлат янги сиёсатининг маҳсули, бугун республикада юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг ифодасидир”, - деди Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Шунингдек, тадбирда таъкидланишича, дунёнинг йирик олимлари ва маҳаллий мутахассислар мақолалари чоп этилган китоблар ўсиб келаётган авлод, ёшлар, талабалар учун Ўзбекистон адабиёти ва маданияти тарихи бўйича кўплаб маълумотларни тақдим этувчи қўлланма сифатида хизмат қилади. Лойиҳа келгуси авлодни тарбиялаш, жамиятда юқори маданиятни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Бундан ташқари, мазкур лойиҳанинг туризмни ривожлантиришдаги аҳамиятига ҳам эътибор қаратилди. Санъат дурдоналарининг нашр қилиниши, ушбу китоб-альбомларнинг дунё бўйлаб тарқалиши, шубҳасиз, Ўзбекистонга ташриф буюриш, буюк алломалар юрти билан танишиш учун ишончли мотив бўлади.

Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзенинг сўзларига кўра, миллий меросни сақлаш йўллари турлича. Публикацион фонд – бунинг ёрқин кўринишларидан бири.

“Лойиҳа устида ишлаган маҳаллий ва хорижий ҳамкасбларимга улкан миннатдорчилигимни билдираман. Лойиҳа дастлабкиси бўлгани учун, яна кўплаб ноёб китоблар яратилиш жараёнида ва улар кейинги конгрессда тақдим этилади. Биз дастлаб Россия музейларига эътибор қаратдик, чунки маданий меросимизнинг катта қисми айнан уларда жойлашган. Тажриба ошгани сайин географияни кенгайтириб, лойиҳага Европа, Осиё ва Америка мамлакатлари қўшилди. Ўйлашимча, бошқа мамлакатларда ҳам маданий жавоҳирларимизни топамиз”, - дейди Ртвеладзе.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид